“Ўрунов “Спартак”га қайтади!”
Ниҳоят, Остон Ўруновнинг Россиядаги фаолияти қандай давом этишига ойдинлик киритилди. Юртимизда “Навбаҳор” ва “Локомотив” жамоаларида муносиб ўйин кўрсатган ёш ярим ҳимоячининг Россиядаги фаолиятини икки қисмга бўлиш мумкин.
Ўтган йилнинг бошида “Уфа”га йўл олган ҳамюртимиз ўзининг креатив ўйинлари билан Россия премьер-лигасининг “Зенит”, ЦСКА, “Локомотив”, “Краснодар”, “Рубин”, “Спартак” каби қудратли клублари эътиборини қозонди. Айрим клублар “Уфа”га Ўрунов трансфери бўйича аниқ суммаларни таклиф қилганидан футбол мухлисларининг яхшигина хабари бор. Шунингдек, Ўруновга Бундеслига вакили “Герта” қизиққани ва трансферга 5 миллион евро ваъда қилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Ёзги трансферлар даврида Остон “Спартак”га келди ва жамоа билан 5 йиллик шартномага имзо чекди. Лекин вақт ўтиши билан танлов тўғри бўлмагани ойлинашиб қолди. Аслида, Ўрунов “Спартак”га ўзини Россияга олиб кетган Шамиль Газизов ундови билан ўтган эди. Россиянинг энг мураккаб клубида у ўзини кўрсатиш учун етарли имкониятга эга бўлмади. Ёшлиги панд берди. “Спартак” эса ўйинчининг очилишини кутиб ўтирадиган жамоа эмас.
Ушбу трансфер амалга оширилган паллада Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ўйинчининг қайси жамоада экани эмас, мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши муҳим эканини таъкидлаган эди. Вадим Карленович мамлакатимиз бош жамоасида легионерларга ҳам таяниши ҳеч кимга сир эмас. Ана шу маънода, тажрибали мутахассис Остон ҳам яқин келажакда терма жамоа етакчиларидан бирига айланишини кутмоқда.
Мана энди, “Спартак” легионеримизни ижара асосида “Уфа”га қайтарадиган бўлди. Остон бу жамоада етарлича ўйин амалиётига эга бўлади. Терма жамоамиз устози Вадим Абрамов “ВсёПроСпорт” нашри журналистларига берган интервьюсида Ўрунов трансферига муносабат билдирди.
- Ҳамма нарса Ўруновнинг “Спартак”да қолмаслигига қараб кетаётган эди. Газизов клубдан кетганидан кейин, бу ҳолат Остоннинг фаолиятига ҳам таъсир қилиши тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди. Унинг бошқа жойга ўтиши кутилаётганди.
Остоннинг “Спартак”га қайтиши ҳақида гапирганда, ҳар қандай футболчи фаолиятида кўтарилиш ва пасайишлар бўлишини таъкидлаш лозим. Ҳаммаси ярим ҳимоячимизнинг ўзига боғлиқ. Ўрунов ўз ўйини билан нималарга қодирлигини исботлаши ва “Спартак”га қайтиши мумкин. Бунақа вазиятлар жуда кўп бўлган.
“Спартак” масаласида Ўрунов билан гаплашганим йўқ. Охирги марта у билан терма жамоанинг Тошкентдаги йиғинига келганида кўришганмиз. Лекин ўшанда Остоннинг жароҳати бор эди, - деди Вадим Абрамов.
Ўрунов ярим мавсум давомида “Спартак”да премьер-лига ва мамлакат кубоги баҳсларида жами 9 та учрашув ўтказиб, битта гол урди. Унинг москваликлар билан шартномаси 2025 йилнинг ёзигача тузилган.
Остон Ўрунов Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги дебютини 2019 йилнинг 2 июль куни Туркияга қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинида нишонлаган. Шунингдек, ёш ярим ҳимоячи 2019 йилда КХДР, Сурия ва Ироқ терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларида ҳам майдонга тушган.
Фикрлар