Осиёда янги турнир жорий этилади
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) яқин орада янги мусобақа ОФК Миллатлар лигаси турнири ишга туширилишини маълум қилди.
Ҳозирча мусобақа тафсилотлари очиқланмаган. Бироқ тахминларга кўра, турнир УЕФА Миллатлар лигасига ўхшаш форматда ташкил этилади. Унга биноан, терма жамоалар рейтингга қараб дивизионларга ажратилади ва юқори дивизионга кўтарилиш ҳамда Осиё Кубогига йўлланма олиш учун кураш олиб боради.
Бундай тизим кучсизроқ жамоаларга ҳам йирик халқаро мусобақаларда иштирок этиш имкониятини яратиб бериши мумкин.
ОФК Бош котиби Уиндзор Жоннинг сўзларига кўра, ушбу турнир миллий терма жамоалар учун юқори сифатли ўйинлар, аниқ тақвим ва спорт рағбатларини таъминлайди. Шунингдек, ушбу форматга мухлислар ва тижорий ҳамкорлар томонидан ҳам катта қизиқиш мавжуд.
Мусобақанинг аниқ формати ва бошланиш санаси кейинчалик эълон қилинади.



Фикрлар