Отабек Шомуродов: "Элдорнинг футболга қизиқишига оилавий муҳит сабаб бўлган"

Охирги йилларда ўзбек футболида ўткир ҳужумчи етишмаслиги борасида кўп гапирилаётганди. Лекин эндиликда бу мавзу ёпилгандек. Чунки Элдор Шомуродовнинг кўрсатаётган ўйинлари ва голлари туфайли энди бизда ҳам ана шундай ҳужумчи борлиги кўриниб турибди. Шуни алоҳида айтиш жоизки, Элдорнинг футболчи бўлиши аслида унинг қонида бор. Боиси оиласини ҳам футболчилар оиласи деб ҳисоблашимиз мумкин. Унинг амакилари – Отабек Шомуродов ва Илҳом Шомуродов кўпчиликка яхши таниш футболчилар бўлишганини ҳамма яхши билади. Қолаверса, Элдорнинг дадаси ҳам ўз вақтида футболчи бўлган. Шуни айтиш керакки, унинг тўртта амакиси бор. Шундай экан, уларга қизиққан кичик Элдор ҳам футболни танлади ва бугунги кунга келиб у амакиларидан-да машҳурроқ ўйинчи бўлиб етишмоқда ва унинг учун ҳали кўп нарса олдиндалигига ҳам ишонамиз. Элдорнинг амакиси – Отабек Шомуродов ўз вақтида «Нефтчи»даги ўйинлари орқали ном қозонган ва Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам тўп сурган. У биз билан мулоқотда жияни Элдор ҳақида бир қатор фикрларни айтиб ўтди.

Элдор Шомуродовнинг футболга кириб келиши ҳақида

- Элдорни ёшлигидан футболга бўлган қизиқиши жуда баланд эди. Адашмасам, 5-синфда ўқиб юрган пайтида «Машъал» академиясига кетганди. Мен ёки Илҳом футболдан уйга қайтганимизда ҳам асосий мавзу оиламизда фақат футбол ҳақида бўларди. Балки Элдорнинг футболга қизиқишига оилавий муҳит ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин. Дадаси билан бирга «Машъал» академиясига Элдорнинг ўйинларини кўргани борардик. Унинг ўзида ҳам келажакда футболчи бўлиб етишишга кўзи етарди.

Унинг болалиги қандай ўтган?

- Шуҳрат акам билан Вали акамнинг ўғиллари Умид билан Шавкат ҳам Элдор билан тенгдош эди, 1995 йилда туғилишганди. Учала амакиваччалар бирга катта бўлишган. Ҳозирда Шавкат Тошкентда темирйўл институтини битиряпти. Умид эса Испанияда ўқияпти. Улар бирга юришарди, стадионга боришарди ва футбол ўйнашарди. Учаласи деярли стадионда катта бўлишганди.

Россиядаги фаолияти

- Ҳа, Элдор қарор чиқаришдан олдин биз билан ҳам маслаҳатлашиб туради. Масалан, «Ростов»га кетганидан кейин у анча ўсди, ўйини ҳам ривожланди. Футболга бўлган қарашлари ҳам ўзгарди. Европа футболида ўйнаб янада ўсишни хоҳлаяпти. Осиё футболида эса 30 ёшда ҳам ўйнаса бўлади. Европада эса барибир футбол савияси бошқача. Шунинг учун биз ҳам Элдорнинг қарорларни қўллаб-қувватлаймиз. Муҳими, жароҳатлардан сақласин. Ишонаманки, Шомуродов ҳали «Ростов»да ҳам, миллий терма жамоада ҳам янада яхши ўйинлар кўрсата олади.

«Ростов» билан узайтирилган шартномаси хусусида

- «Ростов» билан шартномасини узайтиришдан олдин агентлар ва клуб билан гаплашган. Агарда унга кучлироқ жамоалардан таклиф бўладиган бўлса, «Ростов» уни муаммосиз қўйиб юборишга розилик билдирган. Иккала томон шу келишувга кўра ўртадаги шартномани узайтиришган.

Футболчилар оиласи

- Оиламизни футболчилар оиласи дея оламан. Элдорнинг дадаси, менинг катта акам – Азамат Шомуродов ҳам ўз вақтида футболчи бўлган. «Шўрчи» жамоасида ўйнарди. Кейинчалик Термизнинг «Автомоболист» жамоасига борганида оёғидан жиддий жароҳат олиб қайтгач, уйдагилар хавотирланиб, футбол ўйнашига қаршилик қилишган. Тўғриси, акам ҳам яхши ўйинчи бўлган. Қизиғи, Элдор сингари ҳужум чизиғида тўп сурарди. Биз ёшлигимизда акамнинг ўйинларини кўриш учун стадионга борардик. Айниқса, бош билан яхши ўйнарди.

Илҳом Шомуродов қаерда?

- Илҳом Шомуродов футболни тугатганидан кейин уйда. Ўзини тадбиркорликка бағишлаган. Ҳозирда савдо дўконлари бор. Аслида у футболчилик фаолиятини яна давом эттирмоқчи эди. Аммо олган жароҳати бунга йўл қўймади. Ҳаттоки, ўзимиздан ташқари Германияда ҳам операция қилдириб келди, аммо барибир фойдаси бўлмади. Чунки футбол ўйнаганида барибир оёғига «нагрузка» тушаверди. Натижада тугатиб қўя қолди.

Бўлажак Шомуродовлар…

- Менинг иккита ўғлим «Бунёдкор» академиясида таҳсил олишяпти. Каттаси 2003, кичига 2005 йилда туғилган. Катта ўғлим Ойбек 3-синфда ўқиётганидаёқ «Бунёдкор» академиясига кетган. Улар ҳам Элдорга қизиқиб кетишган. «Машъал» академиясида ўқигани ва «Бунёдкор»да тўп сурганидан завқланишиб, унга ўхшашни исташгани учун ўша ерда футболчи бўлишни хоҳлашган.

Ростовга ташриф

- Ўтган йили Россияда жаҳон чемпионати ўтказилганида Элдорнинг дадаси билан  Сочига бориб бир қатор ўйинларни кўриб келдик. Ўшанда Элдор билан кўришиб, «Ростов»нинг стадиони, базаси ва яратилган шароитларни кўриб келгандик. Ростов футбол шаҳри ҳисобланади. Катта шаҳар ва у ерда ҳамма  футболни севади.

Купер ҳақида

- Эктор Куперга ишонч билдириляпти ва унга охиригача ишонишимиз керак. Муҳими, унинг бошчилигида жамоамиз ўйинида ўзгариш билиняпти. Тўп билан ҳаракат қилиш, тезкор ҳужумлар уюштириш каби ҳолатларда ўзгариш бор. Насиб қилса, Купер Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқа олади.

Элдор Ўзбекистонда биринчи рақамли ҳужумчими?

- Элдор энг кучли ҳужумчими? Бунга мухлислар баҳо беришгани маъқул. Ҳужумчи голлари билан ўз ишини бажаради. 90 дақиқа давомида деярли пиёда юриб, ўйин охирида битта гол уриб, жамоаси ютиб кетса, ўша ҳужумчи энг яхшисига айланади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
15/06/2019 17:17
Елдорга омад янаям кӯтарлишига дуодамиз