"Ўтган йили нима бўлган бўлса, бўлди..." - "Қўқон-1912" жамоасининг таништирув маросимида жиддий гаплар айтилди
Қўқон шаҳри Давлат хизматлари марказининг анжуманлар залида «Қўқон-1912» жамоаси сафига янги қўшилган футболчи ҳамда мураббийларни таништириш маросими бўлиб ўтди. Бу хусусида клуб матбуот хизмати хабар берди.
Маросимда Қўқон шаҳри хокими Маъруфжон Усмонов иштирок этди:
“Ўтган йилги ишлардан тўғри хулосаларни чиқаришимиз лозим. Сизлар энди катта ирода билан ҳаракат қилишингиз керак. Бизга ҳозир бутун Респубика, Марказий Осиё қараб турибди. Юртбошимиз томонидан шаҳримизни ривожлантириш учун 10 дан ортиқ фармонларни эълон қилинди. Бу йил шаҳримиз «Туркий давлатлар кенгашининг маданият маркази» деб эълон қилинди. Қўқон футбол мактабидан кўплаб кучли футболчилар етишиб чиққан. Ҳозир эътибор бериб қарадим, таркиб деярли 80 фоизга янгиланган. Энди бу синовли давр сизларнинг бўйнингизга тушди. Энди сизлар жамоани яна Суперлигага қайтаришингиз лозим бўлади. Бу – бизнинг мақсадимиз ва вазифамиз. Бу йилги бош мақсадимиз – Суперлигага қайтиш. Бошқа нарса ҳақида ўйлашга ҳаққимиз йўқ. Бизда бошқа йўл йўқ. Энди фақат олдинга ҳаракат қилишимиз керак. Бу йил ажойиб ўйинларимиз билан мухлисларимизни хурсанд қилишимиз керак бўлади. Қўқон футбол мактаби қандай эканлигини кўрсатиб қўйишимиз лозим. Қандай ёрдам керак бўлса, биз сизларга ёрдам берамиз. Фақат футбол ҳақида ўйлаб, 2023 йилда Суперлига йўлланмасини қўлга киритишимиз керак«, – деди шаҳар ҳокими.
Шундан сўнг «Қўқон-1912» жамоасининг вице-президенти Акрамжон Мамадалиев сўзга чиқиб, бу йилги мавсумолди тайёргарликлар, ”Марказий” стадионда олиб борилаётган қурилишлар ҳақида тўхталди:
“Ўтган йили нима бўлган бўлса, бўлди. Энди биз айбдорларни аниқлаш учун вақт сафламаслигимиз лозим. Бу йил жамоа Про лигада ҳаракат қилади. Шаҳримиз ҳокими ва раҳбарият томонидан «Қўқон-1912» жамоасига бу йил аниқ мақсад – Суперлигага қайтиш вазифаси қўйилди. Биз ушбу мақсад бўйича фақат олдинга интиламиз.
Хабарингиз бор, ўтган йили ПФЛ талабларига жавоб бермагани сабабли «Марказий» стадионда ўйин ўтказа олмадик. Бу йил ҳокимимиз ва жамоа раҳбарияти кўмаги билан стадионда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган йилги асосий муаммомиз бўлган ёритиш тизими тубдан ўзгартирилди. Мавсумга тайёргарлик кўриш учун барча шароитлар яратиб берилди. Шунингдек, ҳозирги кунда жамоада молиявий муаммолар йўқ, жамоамизнинг ҳамма аъзолари январь-февраль ойлари учун маошларини олишди. Келгусида ҳар бир ғалаба учун ўз вақтида ва муносиб тақдирлаб борилади. Жамоа олдига қўйган вазифани бажаргач эса барча футболчиларга қўшимча бонус тарзида мукофот пуллари берилади. Жамоамизга моддий ва амалий ёрдамини аямаётган шаҳар ҳокими ва раҳбариятга миннатдорчилик билдираман.
Бу йил ҳар бир ўйинларни мухлислар учун катта байрам сифатида ўтказишни режа қилганмиз. Ўша куни учрашувга ташриф буюрган футбол мухлиси мазза қилиб дам олиб кетишига шароит яратиб беришга ҳаракат қиламиз. Ўйин кунлари мухлислар учун совринли ўйинлар ташкил қиламиз. Чиройли ўйин учун ташриф буюрган мухлислар уйига қимматбаҳо совринлар билан қайтиши мумкин. Бу йил жамоамизни ёрқин ўйинлари орқали мухлисларни стадионга қайтаришимиз лозим бўлади», – деб фикр билдирди жамоамиз вице-президенти.
Шунингдек, Акрамжон Мамадалиев "Қўқон-1912"нинг бу йилги мураббийлар штаби билан таништириб ўтди.
Шундан сўнг «Қўқон-1912» жамоасининг бош мураббийи Даврон Файзиев сўз олди.
“Авваламбор, барчага Ассалому алайкум. Бугунги тадбирга ташриф буюрган барчага раҳмат айтаман. Худо хоҳласа, йил якунида Суперлига йўлланмасини қўлга киритганимиз билан бир-биримизни табриклаш насиб этсин. Сўзим аввалида Ўзбекистон халқини табрикламоқчиман. Кеча Ўзбекистон U-20 терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Шунингдек, вилоятимиз бош жамоаси «Нефтчи» кеча «Пахтакор»ни мағлуб этди ва барча Фарғона аҳолиси хурсанд бўлди. Биз ҳам ушбу байрам Қўқон шаҳрида давом этишини истаймиз. Жамоамиз мавсумга яхши тайёргарлик кўрди. Биз ҳам ажойиб ғалабалармиз билан шаҳримиз мухлисларини хурсанд қилишни мақсад қилганмиз.
Мен «Қўқон-1912»га 2020 йилда келган бўлсам, бу ердаги мухлисларнинг қандай қайғуришини яхши биламан. Бу йил жамоада ўзгаришлар катта бўлди. Жамоамизда тажрибали футболчилар ва ёшлар жамланган. Жамоага келган ҳамма футболчилар фақат «Қўқон-1912» жамоасини Суперлигага олиб чиқиш ва жамоага ёрдам бериш учун келди. Барчамиз битта мақсад учун ҳаракат қилмоқдамиз.
Мавсумга яхши тайёргарлик кўрдик. Тайёргарлик давомида кўплаб ўртоқлик учрашувида майдонга тушдик. Жамоамизнинг ягона ва бош мақсади – Суперлигага қайтиш. Буни ҳар бир жамоамиз аъзолари яхши тушуниб турибди. Бу йўлни босиб ўтиш осон бўлмайди. Бу йўлни босиб ўтиш учун сиз мухлисларнинг катта ёрдами керак бўлади. Сизлар доим қўллаб туришингизни сўрайман. Биз фақат сизлар учун ўйнаймиз.
Тандиқ доим бўлади. Айниқса, футболчиларга бу катта босим бўлади. Мен доим футболчиларга водийда футбол ўйнаш қийин эканлигини айтаман, чунки бу ернинг аҳолиси футболни қаттиқ яхши кўради. Сизларни хурсанд қилиш учун ҳаракат қиламиз. Сўзим охирида шуни айтмоқчиманки, биз сиз мухлисларни қаттиқ ҳурмат қиламиз ва сизлар учун ўйнаймиз. Барчага раҳмат", – деб сўзларини якунлади бош мураббий.
Шундан сўнг жамоага янги келииб қўшилган футболчилар оммага таништирилди.
Тадбирда мухлисларга ҳам сўзга чиқиб, доим «Қўқон-1912» жамоаси билан бирга бўлишларини маълум қилишди. Маросим сўнгида жамоа аъзолари мухлислар билан эсдалик уcун суратга тушишди. Шу тариқа, тадбир кўтаринки кайфиятда якунига етди.
Фикрлар