Ўткир Юсупов: "Асосий мақсад "Навбаҳор"ни Осиё Чемпионлар лигасига олиб чиқиш"

“Навбаҳор” жамоасининг бу йилги мақсади анча жиддийлигини ҳамма яхши билса керак. Таркиб ҳам шунга яраша имкон даражасида кучайтирилди. Мавсум бошида эса жамоага бир қатор янги ўйинчилар таклиф қилинди. Уларнинг орасида эса иқтидорли дарвозабон Ўткир Юсупов ҳам бор. У ўтган йилги мавсум якунларига кўра чемпионатимиздаги энг яхши дарвозабонлардан бири бўлди. Натижада Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзосига ҳам айланди. “Навбаҳор” эса ушбу ўйинчига жиддий қизиқиш билдирди ва натижада уни ўз сафига қўшиб олди. Айни пайтда Юсуповнинг Намангандаги фаолияти чакки эмас. Унинг жамоаси ҳозирча 3-ўринда боряпти. Ниҳоят, “Навбаҳор” ўз майдонида ўйнашни ҳам бошлади. 7-турда Наманганда “Сўғдиёна”га қарши бу мавсумдаги очилиш ўйини бўлиб ўтди ва унда мезбонлар ишончли ғалабани қўлга киритишди. Ўткир Юсупов билан суҳбатимиз эса аввало ушбу ўйин билан бошланди.

“Назаримда, жиззахликлар ўйиндан олдиноқ ютқазиб бўлишганди”

- Наманганда футболни жуда яхши кўришади. Ҳар бир учрашувда стадион мухлислар билан мана шундай тўлиб кетади. Бундай пайтда таассуротлар ҳам бошқача бўлади. Мухлисларнинг тинимсиз қўллаб-қувватлаши натижасида чарчаганингиз ҳам билинмай кетади, - дейди дарвозабон.

- “Сўғдиёна”га қарши учрашувда “Навбаҳор” биринчи бўлимнинг ўзидаёқ учта гол уриб ўйин тақдирини деярли ҳал қилиб қўйди. Бунинг асосий сабаби қаттиқ тайёргарликми ёки стадиондаги мухлисларнинг далдасими?

- “Динамо” билан учрашувда биз очко йўқотгандик. Аммо Самарқандда ютишимиз ҳам, ютқазишимиз ҳам мумкин эди. Шунинг учун бу сафар ишқибозларимиз кўз ўнгида ишончли ғалабани қўлга киритишимиз керак эди. Биз майдонга Наманган халқини хурсанд қилиш учун чиққандик. Чунки бу ўйин “Навбаҳор” стадионида ушбу мавсумдаги очилиш ўйини эди. Менимча, жиззахлик футболчилар ҳам стадиондаги мухлисларни ва муҳитни кўриб ўйиндан олдиноқ ютқазиб бўлишганди деб ўйлайман.

- “Насаф” орқали катта футболга қадам қўйган бўлсангизда, кейинчалик фаолиятингизни асосан водийда давом эттириб, янада танилдингиз. “Нефтчи”, “Қўқон-1912” ва мана энди “Навбаҳор”дасиз...

- Водийда футболни жуда севишади. Ҳар бир ўйнаган жамоамда ўзига яраша илиқ таассуротлар қолган. Албатта, ушбу клубларда яхши ва ёмон кунларимни ўтказдим. Лекин умумий маънода айтганда, водийда тўп суриш жуда ёқимли.

- Кўпчилик эса сизни “Қўқон-1912”даги фаолиятингиз давомида анча ўсди деган фикрларни айтишади. Бунга қандай қарайсиз?

- 2017 йили “Нефтчи” билан кўнгилдагидек мавсумни ўтказа олмагандик. Ўшанда мураббийларнинг алмашинуви ҳам таъсир кўрсатганди. 2018 йилги чемпионатни эса Қўқонда ўтказдим. У ерга Нўъмон Ҳасановнинг таклифига кўра борганман. Нўъмон ака менга катта ишонч билдирди ва ҳамма ўйинларда иштирок этдим. Қўқонда кўплаб мухлислар орттирдим деб ўйлайман. Шунингдек, у ерда ўйнаб миллий терма жамоа аъзосига айландим. Сиз айтганингиздек, “Қўқон-1912”даги фаолиятимда ўсиш бўлди.

“Намангандан жиддий таклиф бўлгани учун ортиқ кутиб тура олмасдим”

- Футболчининг ўсишида асосий омил нима деб ўйлайсиз? Мураббийнинг ишончими ёки бошқа нарсами?

- Ўйиндан-ўйинга майдонга тушиб ўйнаверсангиз сизнинг амалиётингиз ҳам ошиб бораверади. Бу орқали футболчининг ўзига бўлган ишончи ҳам ортади. Ҳаммаси ўйиндан-ўйинга қўшилиб бораётган малакада деб ҳисоблайман.

- Лекин “Қўқон-1912”ни тарк этганингиздан кейин бош мураббий Нўъмон Ҳасанов сизнинг жамоадан кетиб қолганингиздан хафа бўлганини яшириб ўтирмаганди. Бу борада ўзингиз нима деган бўлардингиз?

- Ҳа, бундан хабарим бор. Биласиз, мен Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан Осиё Кубоги мусобақасига кетгандим. Ўша пайтларда эса “Қўқон-1912” клубида анча ўзгаришлар бўлганди. Биласизми, чемпионат тугаб, таътилга чиқиб кетаётган пайтимизда ҳам раҳбарият ҳеч бир футболчи билан янги шартнома масаласи бўйича гаплашмаганди. Тўғриси, бу жараён бир мунча чўзилиб ҳам кетди. Янги мавсум бошланишига оз фурсат қолганидагина “Қўқон-1912” футболчилар билан шартномалар имзолашди. Мен эса кутиб тура олмасдим. Боиси менга эса “Навбаҳор”дан яхши таклиф тушганди. Уларнинг мақсади жиддий бўлиб, чемпионлик учун курашишга аҳд қилишганди.

- Клубни тарк этаётганингизда Нўъмон Ҳасанов билан гаплашганмидингиз ёки янги таклифни мустақил қабул қилдингизми?

- Нўъмон ака билан гаплашганман. Лекин шошмай тургин деб айтганди. “Навбаҳор” ўзи учун дарвозабон қидираётганди ва улар ҳам ортиқ кутиб тура олишмасди. Осиё Кубогида Австралияга қарши ўйиндан кейин менинг масалам ҳал бўлаётганди. Мен эса у пайтда ҳам “Қўқон-1912”даги ўйинчилар билан гаплашиб тургандим ва ҳали улар ҳам янги шартнома тузишмаганди. Ўша пайтларда бироз тушунмовчилик бўлиб турганди. Менга эса шу орада наманганликлардан жиддий таклиф бўлаётганди. Натижада Дубайдан тўғри Симферополга бориб, “Навбаҳор”нинг йиғинига қўшилганман.

“Пахтакор”га қарши ажойиб ўйин бўлади”

- Сизни “Навбаҳор”га айнан Андрей Канчельскиснинг ўзи таклиф қилганмиди ёки бошқасими?

- “Навбаҳор” раҳбарияти менинг номзодимни Канчельскисга беришган. Натижада у мен ҳақимда клубдаги дарвозабонлар мураббийи билан маслаҳатлашган. Павел Синельников билан эса “Машъал”да бирга ишлагандик. Хуллас, Синельников менинг номзодимни Канчельскисга маъқуллаган.

- Сиз ҳам Андрей Канчельскисни собиқ футбол юлдузларидан бири сифатида билардингиз. Аммо мураббийликда нималарга қодирлигини билмасдингиз. Хўш, у билан ишлаш жараёнида мураббий ҳақида сизда қандай тушунчалар пайдо бўлди?

- Тўғри айтасиз, бунгача уни фақат футболчилик фаолияти орқали билардик. Энди эса ўзи билан бирга ишлаяпман. Канчельскис ҳақидаги таассуротларим илиқ. У яхши инсон ва яхши мураббий. Эътибор бераётган бўлсангиз, биз ўйиндан-ўйинга кучайиб боряпмиз. Машғулотларда тер тўкиб ишлаётганимиз ва майдонда қилаётган меҳнатларимиз яраша ўз ўйинимизни топиб боряпмиз.

- “Навбаҳор” кейинги ўйинини Тошкентда “Пахтакор”га қарши ўтказади. Марказий учрашувни ҳамма кутяпти. Чемпионлик учун курашаётган икки жамоа ўртасидаги ўйин олдидан нима деган бўлардингиз?

- “Пахтакор”га қарши жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Ўз майдонимиздаги ишончли ғалабадан кейин Тошкентдан ҳам яхши натижа билан қайтамиз дега умиддаман. Биз ҳам мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлишини истаймиз. Ўйлашимча, жуда қизиқарли учрашув бўлади. Муҳими, бизда ўзимизга бўлган ишонч катта.

“Мен ҳозирча 8 та эмас, 5 та гол ўтказдим”

- “Навбаҳор” ҳозиргача 7 та ўйинда ўз дарвозасидан 8 та гол ўтказиб юборди. Табиийки, икки устун орасини қўриқлаётганингиз учун сиз ҳам бундай статистик рақамларга бефарқ эмассиз. Бу рақам дарвозабонлар учун нормальми?

- Мен 7 та ўйиннинг 6 тасида ўйнадим. “Бунёдкор” билан учрашувда захирада эдим. Шундай экан, учта голни мен ўтказиб юбормадим. Шу сабабли 6 та учрашувда 5 та гол ўтказиб юборилишини дарвозабон учун нормаль ҳолат деб ўйлайман. Аслида эса ҳар бир дарвозабон биринчи навбатда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилади.

- Ўшанда захирада қолишингиз таркибдаги ротация билан боғлиқмиди ёки бошқа сабаби бормиди?

- “Қўқон-1912” билан учрашувда хатога йўл қўйгандим. Кейин “Локомотив”га қарши учрашувдан сўнг мураббийлар билан гаплашдим ва улар менга руҳий томондан ўзига келиб олсин дея хордиқ беришимиз керак деган фикрга келишди. Шунинг учун “Бунёдкор” билан баҳсда захирада қолдим. Лекин эндиликда ҳаммаси жойида.

- Наманганлик мухлисларнинг ҳам жамоанинг ғалабаларига катта ҳисса қўшишларига кўп гувоҳ бўламиз...

- Албатта, озми-кўпми мухлисларнниг ҳам ҳиссалари бўлади. Биз эса ҳар бир учрашувда ғалаба қозониб ишқибозларимизни хурсанд этишга ҳаракат қиламиз.

- “Навбаҳор”нинг чемпионлик учун курашаётгани маълум. Аммо ҳозирданоқ “Пахтакор” билан “Локомотив”нинг ажралиб туришибди. Улардан ташқари бошқа барча жамоаларнинг савиялари бир хил деган гапларни эса кўп эшитяпмиз.

- Йил бошида ҳар бир жамоа ўз олдига мақсад қўяди. Бизнинг олдимизга эса раҳбарият томонидан чемпионликни қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Бундан кўзланган асосий мақсад эса “Навбаҳор”ни Осиё Чемпионлар лигасига олиб чиқиш. Шу боис агар чемпионлик бўлмаса, Ўзбекистон Кубогини қўлга киритишимиз керак. Чемпионат ёки Кубок орқали бўладими, муҳими Осиё майдонларида иштирок этиш асосий мақсадимиз. Бу орқали Наманганга Осиё Чемпионлар лигаси муҳитини олиб кириш.

- Айтинг-чи, Ўзбекистонда биринчи рақамли дарвозабон деб кимни айта оласиз?

- Мураббийлар ҳаммасини кўриб туришибди. Мен кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатмоқчи эмасман. Ҳозирда барча дарвозабонларни бир хил савияда деб ўйлайман. Қолаверса, чемпионат ҳам яқиндагина бошланди. Назаримда яна 3-4 та турдан кейин дарвозабонлар борасида ҳам кучлилари ажралиб қолишади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!