Ўткир Юсупов:

Бошқа спортчилар сингари футболчилар ҳам карантин даврини ўз уйларида, оила даврасида ўтказишмоқда. Ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда, “Навбаҳор” клуби матбуот хизмати жамоа дарвозабони Ўткир Юсупов билан телефон орқали боғланиб, унга бир неча саволлар билан мурожаат қилди. Табиийки, дастлабки савол карантинга оид ҳолат билан боғлиқ бўлди.

- Карантин даврини уйда қандай ўтказяпсиз? Зерикмаяпсизми? Футболни соғиндингизми?

- Барча футболчилар сингари карантин пайтини уйда, оилам даврасида ўтказяпман. Жамоамиз мураббийлар штабининг машғулотлар жадвали асосида уйда якка тартибда машқларни бажаряпман.

Касб тақозосига кўра, биз – футболчиларнинг асосий вақтимиз машғулотлар, сафарлар, ўйинлар билан ўтади. Шунинг учун оила даврасида кам бўламиз. Юзага келган имкониятдан фойдаланган ҳолда, карантин даврида оилам меҳри ва тафтини ҳис қиляпман. Зерикишга эса вақт йўқ. Боиси, таъкидлаганимдек, уйда ҳам индивидуал тарзда машғулотлар ўтказяпман, оила аъзоларим билан кўпроқ мулоқотда бўляпман. Албатта, фаолиятингиз футбол билан боғлиқ бўлганидан кейин, уни соғинасиз. Аммо энг асосийси, соғлиқ. Худо хоҳласа, бу кунлар тезда ортда қолади ҳамда яна миллионлар ўйинидан баҳраманд бўламиз, деган умиддаман.

- Сизнингча, карантин футболчиларнинг жисмоний ҳолатларига салбий таъсир кўрсатмайдими?

- Якка тартибда машқлар олиб бориш ва жамоа билан бирга машғулотларда иштирок этишнинг катта фарқи бор, албатта. Шу боис, юзага келган карантин даври футболчиларнинг жисмоний ҳолатларига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори. Шундай бўлса-да, Суперлига баҳслари давом эттирилса, Худо хоҳласа, секин-аста жисмоний ҳолатимизни тиклаб оламиз, деган умиддаман.

- Карантиндан сўнг, Худо хоҳласа, Суперлига баҳслари давом эттирилади ва барча жамоалар бир хил вазиятда бўлишади. Сизнингча, бу ҳолат миллий чемпионатимизда сенсациялар тақдим этиши мумкинми?

- Карантиндан кейин давом эттириладиган Суперлига учрашувларида барча жамоалар бир хил кучга, футболчилар эса бир хил руҳий ҳамда жисмоний ҳолатга эга бўлишади. Шу боис, сенсациялар ҳам юз бериши мумкин. Ахир, футбол сенсациялар билан қизиқарли-ку!

Шунингдек, гранд жамоаларнинг ўзидан кучсизроқ бўлган клублардан мағлубиятга учраши миллий чемпионатимизга бўлган қизиқишни янада ошириши шубҳасиз. Айрим пайтларда сенсацияларнинг юз беришини ҳам ижобий ҳолат, деб ҳисоблайман.

- “Навбаҳор”га совринли ўринлар учун курашда қайси жамоалар асосий рақиб бўлиши мумкин?

- Суперлигада кучсиз клуб йўқ. Шундай экан, ҳеч қайси ўйин жамоамиз учун осон кечмайди. Биз ҳам ҳар бир баҳсда майдонга ғалаба иштиёқида тушиб, мухлисларга қувонч улашиш ниятидамиз.

- Дарвозабон сифатида “Дарвозабон – ярим жамоа” деган гапга қандай қарайсиз?

- Мазкур гапга қўшиламан. Чунки дарвозабон майдонни тўлиқ кўра олади ва унинг ишончли ўйини жамоадошларига қўшимча куч-қувват бағишлайди. Аммо бунинг ўзига яраша масъулияти кучли. Масалан, ҳужумчи 5-6 марта хавфли вазиятдан фойдалана олмай, биргина вазиятда гол урса ҳамда ўша голи жамоасига ғалаба келтирса, у қаҳрамонга айланади. Дарвозабон эса бутун учрашув давомида кўп маротаба ажойиб сэйвларни амалга ошириб, биргина хатоси туфайли, ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборса ва ўша гол мабодо, Худо кўрсатмасин, жамоасининг мағлубиятига сабаб бўлса, антиқаҳрамонга айланади. Шунинг учун иложи борича ўйинлар давомида ўз дарвозамда мустаҳкам турган ҳолда, дахлсизлигини сақлашга ҳаракат қиламан.

1401566187702

- Болалигингизда қайси дарвозабон кумирингиз бўлган? Ҳозирги посбонлардан кимларнинг ўйинига ҳавас қиласиз?

- Болалигимда хорижлик дарвозабонлардан чехиялик Петр Чех, германиялик Оливер Кан ва испаниялик Икер Касильяс, ўзимизнинг киперлардан эса миллий терма жамоамиз дарвозабони Игнатий Нестеровнинг ўйинларига ҳавас қилардим. Мазкур киперлардан айни пайтда фақатгина Игнатий Нестеров фаолиятини давом эттиряпти, холос. Ҳозирги посбонлардан эса ҳеч кимни алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Боиси, юқорида номи тилга олинган дарвозабонлар мен учун ўзгача аҳамият касб этишади.

- Дарвоза дахлсизлигини сақлашда посбонга асосан ҳимоячилар кўмакчи бўлишади. Бунда ҳимоячиларнинг тажрибаси ва маҳорати нечоғлик муҳим?

- Ҳимоячиларнинг тажрибали ҳамда маҳоратли бўлишлари дарвозабоннинг ишини анча осонлаштиради. Улар рақибнинг кўплаб ҳужумларини бартараф этган ҳолда, посбонга кўмаклашишади. Худога шукр, жамоамиз таркибидан шундай ҳимоячилар жой олишган ва ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарган ҳолда, барча жамоадошларимиз билан биргаликда олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз, деган умиддаман.

- Жорий мавсумда “Навбаҳор”нинг олдига Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилди. Жамоанинг ушбу мақсадни амалга ошириш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Жамоамизнинг айни пайтдаги таркиби мазкур вазифани амалга оширишга қодир, деб ҳисоблайман. Суперлигада медаллар учун кураш олиб боришдан ташқари, Ўзбекистон кубогини қўлга киритишга ҳам ҳаракат қиламиз. Ўзбекистон кубоги финал баҳсининг Наманганда, ўзимиз учун қадрдон майдонда ўтказилиши эса бизга қўшимча куч-қувват бағишлайди. Худо хоҳласа, ҳал қилувчи баҳсда ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ғалаба қозониб, “Навбаҳор”га узоқ йиллик танаффусдан сўнг, биллур совринни туҳфа этамиз, деган умиддаман. Бунинг учун барча имкониятимизни ишга соламиз.

5481584337091

- Сиз билан муборак Рамазон ойида суҳбатлашяпмиз. Мухлисларга ушбу муқаддас ойда қандай тилакларингиз бор?

- Жамоамиз ишқибозларига ушбу муқаддас ойда тутган рўзалари ва ибодатларини Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилишини тилаб қоламан. Бахтимизга мухлислар соғ-саломат бўлишсин, илоҳим!

Бизнинг маълумот

Ўткир Юсупов – 1991 йилнинг 4 январида туғилган.

Амплуаси: дарвозабон.

Ўйнаган жамоалари: “Машъал” (Муборак, 2012 – 2013 йиллар), “Насаф” (Қарши, 2014-2015 йиллар), “Нефтчи” (Фарғона, 2016-2017 йиллар), “Қўқон-1912” (Қўқон, 2018 йил). 2019 йилдан “Навбаҳор”да.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
joxa joxa
02/05/2020 16:03
Xudo xoxlasa