Охирги турларга келиб, мухлислар учун Суперлига қизиқ бўлмай қолди. Ишқибозлар футболимизда тасодифлар бўлишига ишонмайди чоғи
22-24 ноябрь кунлари Суперлигада 25-тур баҳслари ўтказилди. Натижалар билан сайтимиз орқали хабар бериб бордик.
Ушбу турда бир қатор қизиқарли ўйинлар, ўзига хос қарама-қаршиликлар кузатилди.
Суперлига билан хайрлашган “Бухоро” ўз уйида имкониятни бой берди. Мавсумни қониқарсиз ўтказган ОКМК доимгидек охирида жонланиб, совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда. “Турон” Яйпанда енгилди ва у ҳам лигани расман тарк этиши аниқ бўлди.
“Бунёдкор” “Металлург”ни, “Нефтчи” “Қизилқум”ни таслим этди. Энди навоийликлар ўтиш баҳсида “Қўқон-1912” билан куч синашади. Беллашув 5 декабрь санасида “Қўқон-1912” майдонида бўлиб ўтади.
“Сўғдиёна” Қаршида дуранг ўйнади. “Навбаҳор” эса “Олимпик”ка ютқазди. Бу орқали жиззахликлар Бердиев жамоасини, Кападзе шогирдлари “лочинлар”ни чемпионлик пойгасидан чиқариб юборди. Бундан фойдаланган “Пахтакор” бир тур қолганда “Сурхон”дан 3 очко олиб, чемпионликка эришди.
Энди эса турга оид қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Яъни анъанамизга содиқ қолган ҳолда тур мухлислари статистикаси билан таништирамиз.
25-турда стадионларимизга жами 21136 томошабин ташриф буюрди. Бу ҳар бир беллашувга ўртача 3019ни ташкил қилади.
Айтсак ишонмайсиз, энг кўп мухлис Тошкентда. “Сурхон” - “Пахтакор” ўртасидаги ўйинни 6063 томошабин аренадан кузатган. Бу ўйиннинг аҳамияти анча юқори эди. Чунки “шерлар”нинг яқин таъқибчилари очко йўқотганидан келиб чиқиб, “Пахтакор” дуранг ўйнаса ҳам чемпионга айланарди. Аммо Шацких шогирдлари ғалаба қозониб, яна кубокни боши узра баланд кўтарди.
“Насаф” - “Сўғдиёна” ўртасидаги турнинг марказий учрашувларидан бирига 2752 ишқибоз ташриф буюрди. Нурсиз дуранг қайд этилган беллашувга қизиқиш ҳаминқадар эди. Аммо якунда…
Энг кам томошабин ҳам пойтахтда. “Бунёдкор”нинг “Металлург”га қарши учрашувини томоша қилиш учун 315 киши стадионга келди.
Бу рақамлар шундан далолат берадики, Суперлиганинг охирги турлари мухлислар учун қизиқ бўлмай қолган. Тўғри, чемпион номи деярли аниқ эди. Аммо амалда имконият борлиги ҳам факт эди. Лекин ишқибозлар бизнинг футболда тасодифлар бўлишига ишонмайди чоғи.
Қуйида Суперлиганинг ушбу турига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан танишинг (мухлислар сони ПФЛ сайтидан олинди):
“Сурхон” - “Пахтакор” 1:2. 6063
“Нефтчи” - “Қизилқум” 1:0. 5866
“Бухоро” - ОКМК 0:1. 2971
“Насаф” - “Сўғдиёна” 0:0. 2752
“Турон” - “Андижон” 1:3. 2316
“Олимпик” - “Навбаҳор” 2:1. 853
“Бунёдкор” - “Металлург” 1:0. 315
Фикрлар
2-o‘rin asl chempion xalq uchun