Ўз жамоасини ўзгартираётган ҳужумчилар!
Мазкур ёзги трансферлар ойнасида кўплаб ҳужумчилар ўз жамоасини ўзгартишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Улар орасида энг кўп тилга олинаётган футболчи Килиан Мбаппе бўлиб турибди. Бироқ, бу алоҳида мавзу. Унинг келажаги борасида кейинроқ гаплашамиз. Айни дам "Челси", "Манчестер Юнайтед", "Бавария", "Ювентус", ПСЖ ва бошқа клубларга страйкерлар керак. Мазкур жамоаларнинг асосий мақсадлари ҳам маълум. Аммо ҳали музокараларни охиригача етказа олишгани йўқ. Мисол учун, Харри Кейнни олайлик.
Харри Кейннинг кейинги фаолияти ҳали ҳамон даргумонлигича қолмоқда. Унга "Бавария"дан жиддий қизиқиш бор. Аммо "шпорлар" Германиядан келган иккита таклифни рад қилди. "Бавария" англиялик футболчи учун 80 миллион евро ва қўшимча бонуслар тўламоқчи. Бу таклифни қабул қилмаган "Тоттенхэм"нинг қанча хоҳлаётгани ҳақда ишончли манбалар ёзгани йўқ. Клуб 100 миллион евро истаётгани борасида миш-мишлар мавжуд. Фабрицио Романо эса Тухель ҳамон бу трансферни амалга ошишига умид қилаётганини айтди. Мюнхенликлар яна бир бора Кейн учун "Тоттенхэм"га таклиф юборади. Агарда бу ҳам рад қилинса, "Бавария" бошқа ҳужумчилар учун ҳаракатни бошлайди. Харрига Германия грандидан ташқари, Франциядан ҳам қизиқиш бор. ПСЖ янги ҳужумчи қидирмоқда. Кейн вариантлар орасида мавжуд, лекин футболчининг ўзи парижликлар сафига ўтишдан бош тортиши мумкин. Унинг ягона мақсади "Бавария"га ўтишдир. Маълумот учун, 30 ёшли ҳужумчининг "Тоттенхэм" билан амалдаги шартномаси 2024 йилгача амал қилади. Агарда клуб уни ҳозир олиб қолса, кейинги йили текинга қўйиб юборишига тўғри келади.
Душан Влахович
Влаховичнинг "Ювентус"ни тарк этиши тобора аниқлашиб бормоқда. Агарда яхши таклиф келса, туринликлар ҳам уни сотишга рози. Курашда асосий фаворитлар "Челси" ва ПСЖ бўлиб турибди. Франция клуби тез орада "кекса синьора" жамоасига таклиф юбориши мумкин. Клуб айни дам сербиялик ҳужумчи билан алоқада бўлиб турибди. Томонлар келишувга эришиши қийин эмас. Аммо "Челси" ҳам яқин кунларда музокараларни бошлаш ниятида. "Аристократлар" Николас Жэксон ва Кристофер Нкункуларни ўз таркибига қўшиб олганидан кейин яна битта тўпурар сотиб олишни режа қилган. Влахович Лондон клубига ўтиш эҳтимоли пастроқ. Сабаби, "Челси" келаси мавсумни еврокубокларсиз ўтказади. Айнан "Ювентус" Чемпионлар лигасига чиқа олмагани учун Душан Италияни тарк этмоқда. Бироқ, Англия грандининг келажакдаги режалари футболчига маъқул келиши мумкин. Умуман олганда, страйкернинг ўзи қаерга ўтишини ҳал қилиши керак. Унинг трансфери тахминан "Ювентус"га 80 миллион евро фойда олиб келади.
Расмус Хёйлунн
Хёйлунн ушбу ёзда топ клубга ўтишни истайди. 20 ёшли ҳужумчи якунига етган мавсумда "Аталанта" таркибида 42 та ўйинда майдонга тушиб, 23 та голда иштирок этди. Италия клуби унинг трансферидан катта пул ишлаб олмоқчи. Футболчи учун курашда "Манчестер Юнайтед" фаворит бўлиб турибди. Эрик Тен Хаг жамоага битта тўпурар олиб келиши борасида миш-мишлар аввалдан бор. Олдинроқ, Манчестер клуби Кейнга қизиқиш билдирди, лекин "Тоттенхэм" уни Премьер-лига вакилига сотиш нияти йўқ. Шундан кейин "Манчестер Юнайтед" бошқа футболчилар билан музокараларни бошлашига тўғри келди. Хёйлунн Тен Хаг қўл остида тўп суришга тайёр. Аммо томонлар келиша олмаяпти. Манчестерликлар даниялик учун 85 миллион фунт тўламоқчи эмас. "Аталанта" эса ҳужумчини бундан камига сотишга рози бўлмаяпти. "Манчестер Юнайтед" музокаралар жараёнида трансферга ўйинчи қўшмоқчи бўлди. Бергамоликлар эса бу таклифни рад қилди. МЮ 60 миллион фунтга Мэйсон Маунтни сотиб олди. Шунингдек, Андре Онананинг хариди 40 миллион фунтга тушиши мумкин. Бу ҳолатни ҳисобга олган ҳолда раҳбарият Расмус трансферига 85 миллион фунт сарфлай олмайди. "The Athletic" нашрининг таъкидлашича, Англия клуби келишувга эришишга ишонмоқда.
Жоау Фелиш
Фелиш "Атлетико"дан кетиш пайига тушган. Ярим мавсум "Челси"да ўйнаб қайтган португалиялик футболчига АПЛ ёқиб қолган. Аммо ҳеч қайси клуб уни сотиб олиш учун 100 миллион евро сарфлашни истамайди. "Матрасчилар" нархни тушурмас экан Жоау яна қайсидир клубга ижарага берилиши мумкин. "Marca" нашрининг хабар беришича, Фелишга "Астон Вилла"дан таклиф бор. Яна бир нечта манбалар унга "Манчестер Юнайтед"дан қизиқишлар бўлаётганини айтмоқда. Луис Энрике ҳам 23 ёшли португални ПСЖга олиб келиш ҳаракатида. Умуман олганда ҳали Фелишнинг келажаги борасида аниқ бир ишончли нашрлардан садо чиққани йўқ. "Атлетико" эса 7-рақамни Антуан Гризманнга бериб юборди. Бу Фелишни клубдан кетишига ишора бўлиши мумкин.
Ўз жамоасини ўзгартираётган ҳужумчилар аслини олганда кўпроқ. Бу ерда "Бенфика" вакили Гонсало Рамуш ҳам бўлиши керак эди. Бироқ, олдинроқ бу ҳақда ёзган эканман (Бу ердаги маълумотлар эскирмаган). Унинг трансферидан клуби катта пуллар ишлаб олиш эҳтимоли юқори. Курашда бир қанча топ клублар бор. Бундан ташқари, Виктор Осимхен, Лаутаро Мартинес ва Садио Манелар фаолиятини бошқа клубда давом эттириши мумкин.
Фикрлар