Ўзбек спорт гимнастикаси тарихида янги саҳифа очилди!

Хабар берганимиздек, бугун Тошкентда спорт гимнастикаси бўйича ёшлар ва катталар ўртасида Осиё чемпионати бошланди. Эътиборлиси, мусобақанинг дастлабки кунида ҳамюртимиз Абдулла Азимов Париж-2024 йўлланмасига эга чиқиб, ўзбек спорт гимнастикаси тарихида янги саҳифа очди.

У яккалик йўналишининг кўпкураш дастурида 82.431 балл жамғариб, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ўз тарихида биринчи бор Олимпия ўйинларига учта йўлланмани қўлга киритди.

Пойтахтимизда ўтаётган мусобақада қитъамизнинг 23 мамлакатидан 150 нафарга яқин атлет иштирок этмоқда. Ушбу Осиё чемпионатида катталар ўртасида яккалик йўналишининг кўпкураш дастурида Париж-2024 йўлланмаси ўйналади. 

Маълумот учун, бугунги кунга қадар Ўзбекистон ҳисобида спорт гимнастикаси бўйича Париж-2024 Олимпиадаси учун 2 та йўлланма мавжуд эди. Ушбу йўлланмалар Ҳабибулло Эргашев ва Расулжон Абдураҳимовга тегишли. Энди улар қаторига Абдулла Азимов ҳам кирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!