Ўзбек ва тожик футболи ҳақида Ёхуд Усмон Тошев билан жиддий таҳлил
Илгари Тожикистон футболига унчалик қизиқмасдик ва кузатмасдик ҳам. Фақат у ердан илгари айрим номи чиққан собиқ футболчиларни яхши билардик холос. Лекин охирги йилларда у ерда футбол ростакамига ривожланаётгани сезилмоқда. Айниқса, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг муваффақиятли иштирокларини айтиш мумкин. Лекин бизда ҳозир вазият қандай? Бу борада иккала мамлакат футболидаги ютуқ ва камчиликларни солиштириш мумкин. Тожикистон миллий термасида эса ҳамюртимиз Усмон Тошев бош мураббийлик қилмоқда ва у бу борада катта тажрибага эга.
Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг аламли тарзда яна Олимпиада йўлланмасидан қуруқ қолиб кетгани жуда ачинарли. Ваҳоланки, терма жамоамизда имконият катта эди, шароитлар ҳам кўнгилдагидек бўлганди. Лекин нима учун йўлланмага эга бўла олмадик? Мутахассис сифатида Усмон Тошев дастлаб ушбу масалага фикр билдирди.
- Нима учун Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Олимпиадага чиқа олмади? Бундай вазиятда мен ҳам албатта сиздек ҳолатдаман. Масалан, сиз четдан қандай кўраётган бўлсангиз, мен ҳам худди шундайман. Рости, бундай саволларга бош мураббий ёки унинг штабидагилар жавоб бериши мумкин. Шу билан бирга ўша мураббийлар билан ким ишлаяпти, балки ўша жавоб берсин. Умуман, терма жамоада ким ишлашидан қатъий назар уларни назорат қиладиганлар ҳам жавоб бериши мумкин. Аслида мураббийларни назорат қиладигани борми, ўзи? Бизда эса шунақаки, охирига бориб яхши бўлса яхши деймиз, ёмон бўлса ёмон деймиз. Лекин иш жараёни аслида қандай бўлган? Ишни бошлагач, охиригача келди. Бироқ уларни ким назорат қилиб турди, ким вақтида савол-жавоб қилиб турди? Хўш, мураббийнинг қилган ишлари тўғри бўлдими, у ерга, бу ерга борди, йиғинлар ўтказди. Менимча, масаланинг ечимини ўша ердан қидириш керак. Аммо эътибор берсак, доим охирига борганда бизга қанақадир битта гол ёки бир очко етишмай қолади. Ўйинимиз яхши бўлса, гол камлик қилиб қолади. Бундай ҳолатлар нечанчи марта содир бўляпти? Бу баҳона эмас, ростдан ҳам шундай. Мана шундай саволларга олдиндан яхши билган ҳолда жавоб топишимиз керак. Яъни, қадамимизни ўйлаб, билиб босишимиз лозим.
Миллий ва олимпия терма жамоаларимизнинг натижага эришиши учун хорижлик мутахассислар олиб келинганди. Миллий термага аргентиналик Эктор Купер бир йилдан бироз ортиқ вақт давомида бош мураббийлик қилди. Аммо Осиё Кубогидаги муваффақиятсизлик ҳамда жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидаги ишончсизлик туфайли Купер билан хайрлашилди. Умуман олганда, унинг услуби футболимизга мос тушмаганлиги асосий роль ўйнади. Шунингдек, ўтган йили олимпия терма жамоасига Любинко Друлович бош мураббий этиб тайинланганди ва асосий вазифа жамоани Олимпиадага олиб чиқиш эди. Афсуски, яхши имкониятга эга бўлсак-да, у ҳам ишончни оқлай олмади. Кўриниб турибдики, хорижлик мураббийларнинг терма жамоаларимизда фаолият олиб боргани ўз натижасини бермади. Ёки футболимиздаги бошқа тизимларда муаммолар борми? Ушбу масала бўйича ҳам Усмон Қудратович ўз фикрларини билдирди.
- Умуман олганда, терма жамоаларда қайси мураббийлар ишлашининг у қадар аҳамияти йўқ. Аслида уларни ким таклиф қилади, олдига қандай вазифалар қўяди? Вазифа деганда қайсидир ўйинни ютишни назарда тутаётганим йўқ, футболимизни қандай ўстиришни инобатга оляпман. Ҳаттоки, ютиб-ютиб Олимпиадага чиққан тақдиримизда ҳам кейинги қадамимиз қандай бўлади ёки бўлмаса олимпия терма жамоасидан Вадим Абрамов устозлик қилаётган миллий термага нечта футболчи ўтади? Кўряпсизми, мана шуларни ким текширади, ким савол беради? Аслида ўша мураббийларга шундай саволларни берадиган одамнинг ўзи борми? Купер ва Друлович бир йил вақт давомида ишлаб кетишди. Уларнинг савияси қандай, малакасичи? Умуман, жавобдан кўра дастлаб саволларни бериш керак. Биз эса доим вазиятнинг охирига борганда, қийин аҳволга тушиб қолганда чорасини излашга тушиб қоламиз. Лекин жараён бундай аҳволга етиб келишидан аввал ўша ўйлантирган саволларга аниқ жавобларни топиш керак. Сиз дарахт экдингиз ва уни мева беришини кутасиз. Биринчи мевасини бердими, энди иккинчи-учинчи меваларини ҳам кутасиз. Ахир бир марта мевасини олганимиздан кейин уни кесиб ташламаймиз-ку. Унга сув қуйиб парваришлаш керак. Вазиятга жиддий қарайлик, неча йилдан бери доим бир хил ҳолат кузатиляпти. Лекин якуний хулоса йўқ. Бир-икки марта танқидий мақолалар ёзиб чиқарамиз, у ёмон ишлади, буниси бундай қилди деб ва кейин ишдан бўшатилади. Хўп, аммо ундан кейин нима бўлади? Яна ўша камчиликлар такрорланаверади. Демак, балки бу жараёнда мураббийлар ёки футболчиларда айб эмасдир...
Усмон Тошев тожик футболини яхши билади. Чунки у мамлакат терма жамоасига бош мураббийлик қилиши ортидан Тожикистондаги футболга янада чуқурроқ кириб бормоқда. Агар кузатаётган бўлсангиз, охирги йилларда Тожикистон футболида ўсиш кузатилмоқда. Айниқса, ўсмирлар, ёшлар терма жамоаларида ижобий ишлар кўзга ташланмоқда. Шунингдек, яқинда Тожикистоннинг “Истиқлол” клуби Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф доирасида Тошкентда “Локомотив”ни ютиб кетди. Ёки бўлмаса Белоруссияда ёшлар ўртасида ўтган “Ривожланиш Кубоги” мусобақасида Тожикистон ёшлар термаси финалгача етиб борди. Ўша турнирда қатнашган Азамат Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекстон эса 8 та жамоа орасида охирги ўринни эгаллади. Қизиқ, тожикистонликлар нимага кўпроқ эътибор қаратишяпти? Уларнинг ютуғи нимада бўлмоқда? Бундай саволларга эса Тошев қандай жавоб беришни билади.
- Тўғри, мен уларнинг ичида юрибман ва қандай ишлашаётганини, нималарга эътибор қаратишаётганини билиб турибман ва бундай жараёнларда ўзим ҳам қатнашяпман. Чиндан ҳам бу ерда футбол ўсяпти. Биринчи навбатда айтишим мумкинки, тожик футболининг барча бўғинларида фидойи инсонлар ишлашяпти. Футбол федерацияси дейсизми, клубларда ишлаётган мураббийлар ёки раҳбарларми, болалар футболидами, умуман барчаси бир-бири билан жуда аҳил ва иноқ. Бундай қарасангиз, аслида барчаси оддий инсонлар, аммо улар ватан учун қаттиқ ишлашяпти. Ўзим ҳам улар билан гаплашганда нималарга эътибор қаратиш кераклигини, қандай ишлаш лозимлигини тушунтириб тураман. Албатта, иш бор жойда муаммо ва камчиликлар ҳам бўлади. Айрим пайтларда вақт етишмайди. Бундай ҳолатлар барча федерацияларда бор. Аввало, бу ерда ҳамма ўз ишини билиб қиляпти. У ерда мураббийлар ҳам кўп. Албатта, улар супер даражада эмас. Лекин боя айтганимдек, ҳаммаси нима қилишни билади ва ўз вазифасини фақат тўғри йўналишда бажаришяпти. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, федерация мураббийлар борасида тўғри танловни амалга ошириб, уларга ўсмирлар, ёшлар ёки бошқа жамоаларини ишониб топширяпти. Бундай тўғри танловлар эвазига юқорига силжиш бўляпти. Ўзингиз айтганингиздек, Белоруссиядаги мусобақада финалгача етиб боришди. “Истиқлол” эса “Локомотив”ни ютди. Кўпчилик эса бу тасодифий ғалаба, шунчаки “Локомотив”нинг ўйини чиқмади, қабилидаги гапларни айтишди. Лекин аслида бундай эмас. “Истиқлол” жамоаси ва ундаги футболчилар ҳаммасини билиб турганди ва ғалаба қозонишларига ишонишганди. Биласизми, “Истиқлол”нинг барча ҳаракатлари фақат ғалабага қаратилганди. Уларда жуда қизиқарли футболчилар бор. Мен бу борада кимнидир алоҳида кўрсатмоқчи эмасман. Лекин аниғи шуки, у ерда футболчилар сезиларли даражада ўсишяпти. Ўйинчиларда катта иштиёқ бор. Мен ҳали миллий терма жамоа билан йиғин бошлаганим йўқ. Ўйинчилар эса мендан қачон тўпланамиз, қачон ўйнаймиз деб ўзлари катта иштиёқ билан сўрашяпти. Бундай жараён бошқа ёшдаги терма жамоаларда ҳам бор. Клубларида айрим муаммолар бор. Менинг вазифам вақтида йиғинлар бошлаш ва ўтказиш. У ерда бирор куним бекор кетмайди, доим қарайман, кузатаман, гаплашаман, кўрсатмалар бераман. Яқинда барча мураббийлар билан учрашиб, ҳаммамиз битта йўналиш бўйича ишлаш борасида дастурларни ишлаб чиқамиз. Мураббийлар орасида ҳам ўзаро ишонч, ҳурмат ва аҳиллик юқори даражада.
Терма жамоалари ривожланиш йўлидан кетаётган экан, унда уларнинг ички чемпионатида ҳам силжиш кузатилаётган бўлса ажабланмаймиз. Бунга мисол қилиб юқорида айтганимиздек, “Истиқлол”нинг Тошкентда ютиб кетганини айтиш мумкин. Тўғри, биргина ғалаба туфайли уларга у қадар юқори баҳо бериб юбориш ҳам балки нотўғридир. Лекин вазият шу даражага келдики, энди тожик клублари ҳам Ўзбекистонда ўйнаб ютиб кетишяпти. Олдин бунақасини эслай олмасангиз ҳам керак. Шундай экан, Тожикистон клубларида ҳам ўсиш кузатилмоқда. Бу борада молиявий томондан барқарорлик ҳам муҳим аҳамият касб этади. Тошев эса тожик клублари ҳақида шундай дейди:
- Албатта, клубларда ўсиш бор, улар ҳаракат қилишяпти. Бунгача Тожикистон чемпионатида 8 та жамоа қатнашарди, бу йилдан уларнинг сони 10 та оширилди. Бундай қарорга ўз-ўзидан келишмади, кўп муҳокамалардан кейин ушбу йўлни маъқул кўришди. Чунки бу ҳам ўзига яраша маблағ, инфраструктурага бориб тақалади. Бунгача эса шундай йўл тутсак нима бўлади, деган саволни ўртага ташлашди. Жуда обдон ўйлаб, таҳлил қилишгач, иштирокчилар сони кўпайтирилди. Бундай қилмасак бўлмасди ҳам. Бизга бирданига ўсиш керак эмас. Дарҳол натижа талаб қилинмаяпти. Бу ерда ҳамма ўз қадамини билиб, ўйлаб босишни ўрганяпти. Албатта, ҳеч қачон осон бўлмайди. Пул бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ўзига яраша қийинчиликлар бўлади. Раҳбарият бошқа чемпионатларни кўряпти, таҳлил қиляпти, натижада хатолардан воз кечишяпти. Умуман олганда, ҳаммаси жойида. Қийинчилик билан бўлса-да, биз тўғри йўлдан кетяпмиз. Чунки ўзимиз танлаган йўлимиз машаққатли ва қийин эканлигини билиб турибмиз. Шунчаки, бир қадам ташлаган ҳолда шундай йўлдан юрмасак бўлмасди. Бўлмаса, футболни ўстира олмаймиз.
Усмон Қудратович Тожикистонда ишлаётганига қарамасдан барибир ўзбек футболини ҳам кузатиб келяпти ва бу борада у бефарқ қараб тура олмайди. Биздаги халқаро майдонларда юз бераётган воқеалардан кейин кўпчилик футболимиз пастга қараб кетаётгани борасида муносабатлар билдиришяпти. Четдан кузатаётган мутахассис сифатида Тошевнинг бу борадаги қарашлари қандай экан?
- Албатта, ўсяпти ёки пастга қараб кетяпти деб айтиш мумкин. Биласизми, юз бераётган ишларга ўзимиз четдан қараб баҳо беришимиз мумкин. Бутун дунёда футбол учун қонун-қоидалар бир хил. Масалан, тўп дарвоза ортига чиқиб кетган бўлса, бурчак тўпини тепасиз. Аутга кетса, аут ташлайсиз. Аммо ҳеч қачон тўп аутга чиқиб кетса, бурчакдан тўпни ўйинга киритмайсиз. Шунинг учун ҳам футболнинг қоидалари ҳамма жойда бир хил. Ўша регламентдаги қоидалар бўйича қандайдир Америка кашф қилмасдан фақат тўғри йўлда ишлаш керак. Савол: ўша қонун-қоидалар бўйича ишлашяптими ё йўқми? Мана шунга жавоб керак. Масалан, Бангладешга борсам у ерда ҳам футбол ўсяпти, Афғонистонга борсам ҳам футбол олдинга силжиётганини кўряпмиз, аммо буни ҳеч ким тан олмайди. Шу боис юқорида айтганимдек, ўз ишимизга четдан туриб қарашимиз керак. Албатта, Ўзбекистон футболида ўзгаришлар катта. Лекин мен ўсяпти ёки пасайяпти деб баҳо бера олмайман. Шунчаки, ишлаш керак. Режа бўйича ҳаракат қилиш лозим. Лекин ўша режанинг ўзи борми?
Шунингдек, ўзбек мураббийининг Тожикистон терма жамоасидаги ишлари қандай кетмоқда? Футболчиларни саралашда нималарга аҳамият қаратмоқда? Умуман, навбатдаги режалари билан ўртоқлашди.
- Тожик футболида ўсишлар бор деяпмиз, демак бу ҳам бизнинг терма жамоага таъсир қилади. Ўсиш учун асосий йўналиш ва туртки бераётган бу – терма жамоада ўйнаётган ўйинчилардир. “Истиқлол”дан терма жамоада Ятимов, Жўрабоев, Бобоев, Табрези каби футболчилар тўп суришяпти. Биласизми, миллий терма жамоани қабул қилиб олганимда улар ўз клубларида ҳатто захирада ўтирардилар. Биласиз, ҳамма вақт терма жамоа савияси бошқача бўлади. Ўша йигитларни олиб, тайёрлаб шуни кўрсатдикки, ёш футболчиларга ишониш кераклигини яна бир карра бошқаларга билдира олдик. Натижада ўша футболчилар “Истиқлол”да ҳам етакчиларга айланишди. Эътибор беряпсизми, бу ерда вазият тескарисига тус олди. Яъни, биз футболчиларни тайёрлаб клубларга беряпмиз. Ваҳоланки, ҳамма жойда клублар ўз ўйинчиларини тарбиялаб терма жамоаларга беради. Терма жамоада иш бошлаганимда 25-26 нафар ўйинчининг рўйхати бор эди ва улардан 23 тасини танлаб олишим керак эди. Кейин эса Тожикистон чемпионатидаги барча жамоаларни кўриб чиқдим, биринчи лигасини ҳам, ўринбосарлар баҳсини ҳам кузатдим. Эндиликда терма жамоага номзод 60 га яқин футболчиларни тўпладим. Бизда фақат ҳужумда бироз муаммоларимиз бор. Ҳозир шу ҳақида ўйлаяпмиз. Муҳими, Тожикистон футболида ўсиш бор ва федерация раҳбарлари бундан хурсанд. Мухлисларнику, гапирмаса ҳам бўлади. Кўча-куйда юрсам улар мени танишади, ҳол-аҳвол сўрашади. Биласизми, эндиликда менда асосий таркибни танлашда муаммолар пайдо бўляпти. Яъни, битта жойга иккинчи ва учинчи даъвогарлар чиқяпти. Бу эса жуда яхши ҳолат. Бош мураббий кимни тушириш ва туширмаслик борасида боши оғриса бу яхши. Бошида эса таркибга кимларни топаман, деган муаммо қийнарди. Ҳозир эса вазият ўзгарди. Лекин терма жамоани фақат ФИФА кунлари доирасидагина йиға оласиз. Эътиборлиси, ўтган йили бирданига 8 нафар ўйинчимиз хориж клубларига кетишди. Раҳбарият билан учрашганимда ҳам футболчиларнинг хорижга кетишларига рухсат бериш ва бу тожик футболи учун фойдали эканлигини айтганман. Кимдир “Рубин”, кимдир Германия иккинчи бундеслигасига кетди. Бу ҳам катта ютуқ, аслида.
Тожик футболидаги ўзгаришларни кўриб турибсиз. Ҳаммасини таҳлил қилиб, дангал айтадиган бўлсак, бугунги кунда тожик футболининг мавқеи бизникидан ўтиб кетдими? Бунга Тошев шундай фикр билдирди:
- Мен бундай таққослай олмайман. Чунки бу нотўғри бўларди. Лекин сизга шуни айта оламанки, Тожикистон футболи ўсяпти. Биз билиб туриб, қадамимизни босяпмиз. Лекин муаммолар бор, бу борада баҳс-мунозаралар бўлиб туради. Бу нормаль ҳолат, қачонки, бир кишини айтгани бўлиб, ўша йўлдан юрса, унда бу хатолик бўлиши мумкин. Яқин вақтларда яна яхши натижалар бўлади. Мен учун ўсмирлардан ёшларга, ёшлардан олимпия термасига, олимпиядан эса миллий терма жамоага ёшлар қўшилиб келаверса, ўша ютуқ бўлади. Айнан шу нарсани ўсиш деб айтса бўлади. Шундан кейин натижаларимиз ҳам ижобийлашиб боради. Агар бу йил биринчи ўринни олдик ва буни тасодиф дейишлари, кейин ўша жамоа пастлаб кетиши мумкин. Лекин бундай бўлмасдан ўша ижобий натижаларнинг давомийлигини сақлай олишимиз керак. Шу жавобимни чуқурроқ таҳлил қилиш керак. Умуман, ўзбек футболининг ҳам келажаги бор. Фақат нима қилиш кераклиги ҳақида жиддийроқ ўйлаш лозим. Бельгия, Голландия, Испания футболи мисолларида кўриб ўрганиш керак. Бунинг учун билим ҳам керак. Уйқуни бироз четга суриб, изланиш талаб этилади. Ваҳоланки, Ўзбекистонда ажойиб шароитлар бор, фақат ишлаш керак. Кўрасиз, яқин вақтларда яна ижобий ўзгаришлар бўлади. Ўша пайтда яна гаплашамиз.
Фикрлар