
Ўзбекча "Боксинг-дэй"га клубларимиз чидай олишармикин?
Ҳар йили декабрда Англия премьер-лигасида “Боксинг-дэй”ни кузатиш жуда мароқли бўлади. Лекин ўзимизда ҳам ўзбекча “Боксинг-дэй” кўз олдимизда намоён бўлиб бормоқда ва бунга клубларимиз чидай олишармикин? Чемпионатимизда қисқа вақт оралиғида ўйинлар ўтказишга одатланмаганимиз учун бундай вазиятни кузатиш чиндан ҳам ҳар биримиз учун жуда қизиқарли кўриняпти.
Бундай жараёнга футболчиларнинг жисмоний ҳолати етармикин? Пандемия туфайли биринчи давранинг қолдирилган тўртта тури марказлашган ҳолда Тошкентда ўтказилаётгани сабабли ҳам ўйинларни августнинг охирги кунларида якунлаб олиш режалаштирилган. Олдимизда эса энди 11-тур беллашувлари кутмоқда.
Бу сафар бир қатор Суперлига клубларида фаолият олиб борган ва жамоаларнинг имкониятларини яхши билган мутахассис Мурод Исмоилов 20-22 август кунлари бўлиб ўтадиган учрашувлар борасида ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.
“Жамоалар руҳий томондан икки хил ҳолатда”
20 август (пайшанба)
“Сўғдиёна” – “Бунёдкор”
- Ҳозир иккаласи ҳам икки хил ҳолатда турибди. Айтайлик, “Бунёдкор” ўтган турда “Металлург”ни ютиб руҳий жиҳатдан тетикроқ. “Сўғдиёна” бўлса йирик ҳисобда ютқазди. Шу боисдан бу жамоалар руҳий тарафлама икки хил вазиятда. Агар “Сўғдиёна” “Насаф” билан ўйинни тезроқ унутиб ўзига кела олса, демак, “Бунёдкор”га қарши қизиқарли ўйин кечади. Биламиз, жиззахликлар сафида етарлича маҳоратли футболчилар бор. Бош мураббийи ҳам иштиёқманд, ғалабага чанқоқ. “Бунёдкор” эса доим ҳужумкор ўйнайди, у ерда шаклланган жамоа бор. Ўйинлар мухлисларсиз ўтяпти ва бошқа майдонларда ўйнашяпти. Шундай экан, менимча, имкониятлар 50х50.
“АГМКнинг имконияти кўпроқ, лекин...”
21 август (жума)
“Андижон” – АГМК
- АГМК ниҳоятда руҳий ҳамда жисмоний жиҳатдан юқори ҳолатда. Шу пайтгача бу жамоа ҳали мағлубиятга учрагани йўқ. Ўйлашимча, олмалиқликлар бўлажак рақибига нисбатан ҳар тарафлама устун. Лекин “Андижон”нинг охирги ўйинини оладиган бўлсак, қаттиқ жамоа сифатида гавдаланди. “Машъал” билан дуранг ўйнади. Тўғри, таркиб ва маҳорат борасида оладиган бўлсак, АГМКнинг имконияти кўпроқ. Лекин “Андижон” бўлажак учрашувда ўзининг “тишини” кўрсатиши мумкин, чунки у ерда футболчилар ҳаракат қилишяпти.
“Насаф” ўйин борасида “Пахтакор”га ютқазмайди”
“Пахтакор” – “Насаф”
- О, бу жуда қизиқарли ўйин бўлади. “Пахтакор” ҳам, “Насаф” ҳам руҳий томондан яхши даражада. Шуни ишонч билан айта оламанки, “Насаф” “Пахтакор”га ўйин борасида ютқазмайди. У ерда ажойиб иқтидорли ёшлар бор. Тўғриси, жамоаларнинг имкониятини тенг баҳолайман. “Насаф” курашадиган клуб. Қолаверса, ушбу баҳсда мураббийлар ўртасида ҳам кураш кетади.
“Қўқонликларнинг ғалабага имконияти кўпроқ”
“Локомотив” – “Қўқон-1912”
- Қўқон жамоасида жароҳатланган футболчилари кўпроқ. Пандемиядан кейин жисмоний ҳолати ҳам бир текисда бўлмаса керак. Лекин “Локомотив”да ҳам яхшигина йўқотишлар бор. Ўйлашимча, “Қўқон-1912”нинг ғалабага бўлган имконияти кўпроқ.
“Навбаҳор” фаворит, улар ютади деб ўйлайман”
22 август (шанба)
“Навбаҳор” – “Машъал”
- Бу жуфтликда шубҳасиз “Навбаҳор” фаворит. Шу боис наманганликлар ютади деб ўйлайман. Тўғри, аввало Худо, ҳеч ким олдиндан нима бўлишини айта олмайди. Аммо, фикримча, “Навабҳор”нинг имконияти рақибига қараганда кўпроқ. “Машъал” ҳам курашадиган жамоа. Лекин уларга қийин бўлади.
“Минимал ҳисобда “Сурхон” ғалаба қозонади”
“Бухоро” – “Сурхон”
- “Сурхон”нинг “Навбаҳор”га қарши ўйинини оладиган бўлсак, уларда маҳоратли футболчилар кўп. “Бухоро”да эса муаммолар бор. Шундай бўлса-да, улар ҳам охиригача курашишяпти. Лекин назаримда минимал ҳисобда “Сурхон” ғалаба қозонади.
“Имкониятлар тенг”
“Металлург” - “Қизилқум”
- Ушбу қарама-қаршиликда жамоаларнинг имкониятини тенг баҳолайман. Нимага десангиз, “Металлург” ўтган турда мағлубиятга учради. “Қизилқум”га эса янги ўйинчилар қўшилишди. Ўтган турда ниҳоят ғалаба қозонишди ва жамоа ўйинида ўзгариш кўриняпти. Агар “Металлург” таркибидаги барча ўйинчилар жароҳатларсиз ўйнай олишса, дуранг бўлади деб ўйлайман.
Комментарии