Ўзбекистон жорий йилда яна бир нуфузли мусобақага мезбонлик қилади
Бугун, 24 март куни Москва шаҳрида Халқаро самбо федерацияси ижроқўм йиғилиши бўлиб ўтди. Унга кўра, самбо бўйича нуфуз жиҳатидан энг катта мусобақалардан бири ҳисобланадиган жаҳон чемпионати турнири Ўзбекистонда бўлиб ўтиши белгиланди. Жаҳон биринчилиги 12-14 ноябрь саналарида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон самбо федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аввалроқ, ушбу жаҳон чемпионати мезбони сифатида Москва шаҳри эълон қилинганди. Бироқ, Спорт арбитраж суди (CAS) қарори сабаб Россия икки йил давомида жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинлари ўтказиш учун даъвогарлик қила олмайди. Шу сабабли, Халқаро самбо федерацияси ва Россия самбо федерацияси ушбу мусобақани бошқа мамлакатда ўтказиш қарорига келишди.
"Биз жаҳон чемпионатини ўтказиш учун Ўзбекистон самбо ассоциациясидан таклиф олдик. Тошкентда 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинлари ўтказилишини ёдда тутган ҳолда, ушбу мусобақани Ўзбекистонда ўтказиш имкониятини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман", - деди йиғилиш давомида Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков.
Осиё самбо уюшмаси президенти Аламжон Муллаев эса самбо бўйича жаҳон чемпиони Тошкент учун ёшлар Осиё ўйинлари учун ўзига хос синов вазифасини бажаришини таъкидлаб ўтди.
"2025 йилда Ўзбекистонда илк маротаба ёшлар ўртасида Осиё ўйинлари ўтказилади. Шу сабабли, ушбу мусобақада Осиё Олимпия Кенгаши вакиллари ҳам қатнашишади. Мусобақа ёшлар Осиё ўйинлари учун тест турнир вазифасини бажаради".
Осиё самбо уюшмаси раҳбари шунингдек, жаҳон чемпионатининг ташкилий қўмитаси мусобақа қатнашчиларига виза билан боғлиқ масалаларда ҳам ёрдам кўрсатилишини айтиб ўтди.
"Пандемия билан боғлиқ юзага келган қийин вазият сабаб, Ўзбекистонда элчихонаси йўқ мамлакатларга виза билан боғлиқ кўмак берилади. Улар аэропортнинг ўзидаёқ виза олишлари мумкин бўлади. Элчихонаси бор мамлакатлар учун эса виза бериш жараёни тезлаштирилади. Бу мусобақа қатнашчиларининг сони янада ошишига хизмат қилади", - деди Аламжон Муллаев.
Фикрлар