Ўзбекистон Кубогида нимчорак финаллар қандай ўтди?
21-25 август кунлари Ўзбекистон Кубогида нимчорак финал ўйинлари ўтказилди. Беллашувлар анча қизиқарли ва курашларга бой тарзда кечди. Учрашувларда кутилмаган натижалар қайд этилмади. Аммо етакчиларга яхшигина қаршиликлар кузатилди.
“Локомотив” амаллади
Олмалиқда “Бунёдкор” - “Локомотив” баҳси ўтказилди. “Қалдирғочлар” стадиони майсасининг алмаштирилаётгани боис ўйин ОКМК аренасида бўлиб ўтди.
Яқиндагина Суперлигада тўқнаш келган жамоалар кубокда ҳам ўзаро куч синашди. Чемпионатда кучлар тенг келган ўйинда ҳисоб-киток кубок баҳсларига олиб қўйилганди.
Нимчорак финални бошлаб берган учрашувда ўйин тенг курашлар остида кечди. Ҳисоб 2:2 билан якунлангач, пенальтилар сериясида “темирйўлчилар” ғалаба қозонди. Охирги тўпни “қалдирғочлар” собиқ аъзоси Жасур Жалолиддинов киритгани эътиборга молик. У Суперлига баҳсида пенальтидан фойдалана олмаганди.
“Андижон” бир таймда ҳал қилди
Бу жамоалар ҳам охирги пайтларда кўп тўқнаш келмоқда. Уларнинг ўзаро ўйинларида интрига охиригача сақланиб қолади. Фақат бу гал “бургутлар” биринчи бўлимнинг ўзида 3 та гол уриб, учрашув масаласини ҳал этгандек бўлди.
Иккинчи бўлимда яйпанликлар ҳужумчиси Ҳумоюн Муртозаев дублга эришиб, жамоасини ўйинга қайтарди. Бироқ “Турон”га ҳисобни тенглаштириш насиб этмади. Шу куни яйпанликларга яна битта Муртозаев етишмади.
“Пахтакор” ритмга тушиб олди
“Шерлар” охирги пайтларда ҳакамлар билан боғлиқ муаммоларга ўралашиб қолди. Жамоанинг янги мураббийи Максим Шацких ҳар турдан сўнг рефериларга эътироз билдирмоқда. Натижада жамоа ҳар хил гап-сўзлар атрофида қолиб кетди.
Аммо “Пахтакор” ўзига келиб олиши учун Кубокда қулай жамоа билан беллашди. Бу учрашувда Шацких шогирдлари кутилганидек кўплаб голлар уришди ва улар бу орқали ўйин ритмига тушиб олди. Энди пойтахтликлар Намангандаги “йил ўйини”га ҳотиржамроқ бориши мумкин.
“Насаф”нинг кутилган устунлиги
“Сурхон”нинг ишлари кўнгилдагидек эмас. Жамоада легионерлар ва хорижлик мураббий ишласа-да, натижа ўхшамаяпти. Боз устига жамоа уй ўйинларини қайси стадион бўш бўлса шунда ўтказади. Бу ҳам термизликларнинг ўз майдонидаги кичик устунлигидан махрум қилди.
“Насаф” меҳмонда “Сурхон” билан куч синашди. Осонроқ ғалабани кутган қаршиликлар қаршиликка учрагани ҳам бор гап. Рўзиқул Бердиев шогирдлари тезкор гол киритишди. Биринчи тайм охирларига яқин термизликлар мувозанатни тиклади. Танаффусдан сўнг “Насаф” вакили яна дарвозани ишғол қилиб, “Сурхон”нинг умидини пучга чиқариб, кейинги босқичга йўл олди.
“Навбаҳор” биргина самарали юриши
“Олимпик” – “Навбаҳор” қарама-қаршилиги бу босқичдаги марказий ўйин сифатида қаралди. Чунки Тимур Кападзе жамоаси етакчиларга ютказмаяпти. Фақатгина “Қизилқум” дан ташқари. Чемпион билан Суперлигадаги икки беллашувда ҳам дуранг қайд этди. Шу боис бу ўйиннинг аҳамияти баланд эди.
Самвел Бабаян шогирдлари дастлабки бўлимда рақибга ўйин бермади. “Олимпик” футболчилари тўпни қабул қилётаганда қайрилиб олишда муаммоларга дуч келди. “Лочинлар” эса бу орада гол урди.
Танаффусдан кейин умуман бошқа “Олимпик”ни кўрдик. Кападзе шогирдларига яхшигина кўрсатма бергани сезилди. Устунлик мезбонлар томонга ўтди. Хавфли вазиятлар кўпайди. Хатто ўйин охирларига яқин Даврон Ҳошимов жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди. Акс ҳолда “Олимпик” мағлубиятдан қутилиб қолган бўларди камида қўшимча таймларгача.
Жиззахда голлар шоуси
“Сўғдиёна” 3 та фронтда курашмоқда. Суперлига, Ўзбекистон Кубоги ва ОФК Кубогида. Жиззахликлар халқаро учрашувдан сўнг кубокда енгил ўйин ўтказиши тахмин қилинганди. Бироқ “Машъал” мезбонлар сюрприз тақдим қилди.
Бақоев шогирдлари 2 та гол уриб, бироз енгил тин олаётганда меҳмонлар икки бор мезбонлар дарвозасига тўп йўллади. Бу орада жиззахликлардаги ҳотиржамликдан асар қолмади. Фақатгина қўшимча таймларда “Сўғдиёна” футболчиларидаги тажриба ўз сўзини айтиб, 3 та гол урди ва кейинги босқичга йўл олди. “Машъал”нинг эртаги 90 дақиқа давом этди холос.
“Қизилқум” ўзини ўнглаб олди
“Қизилқум” Кубокда яхши одимламоқда. Бу гал навоийликлар “Қўқон-1912” тўсиғидан ўтди. Ҳужумкор руҳда кечган учрашувда мезбонлар зафар қучди.
Темурхўжа Абдухолиқовнинг ҳам аввалги голеадорлик салоҳияти қайта пайдо бўлмоқда. Бежизга ҳужумчи Суперлига тўпурарлар пойгасида биринчи ўринга кўтарилиб олмади.
Учрашувда дастлаб қўқонликлар дарвозани ишғол қилганди. Бироқ навоийликлар ирода намойиш этиб, 2 та гол урди ва чорак финал чиптасига эга бўлди.
АГМКнинг дербидаги узоқ кутган ғалабаси
Суперлигада “Металлург” ва АГМК икки бор ўзаро куч синашди. Иккисида ҳам бекободликлар 1:0 ҳисобида зафар қучди. Иккисида ҳам Сардор Раҳмонов қизил карточка олди. Иккисида ҳам олмалиқликлар аламли мағлубиятга учради.
Кубокда ҳам тўқнаш келган Тошкент вилоятининг икки жамоаси ўртасидаги бу баҳс Миржалол Қосимов учун реванш эди. Буни қаранг-ки, “Металлург” 75-дақиқада яна гол уриб, ҳисобни очди. Аммо ўйин охирларига яқин Санжар Турсунов жамоасини Кубокда юриши давом этишини таъминлаб, мувозанатни таклади.
Қўшимча таймларда эса олмалиқликлар 2 бор гол уриб, ниҳоят “Металлург”ни таслим этишди.
Ўзбекистон кубогининг нимчорак финал ўйинлари мана шу тарзда кечди. Энди навбат чорак финалларга!
Бекзод ИСАЕВ
Фикрлар