Ўзбекистон Суперлигаси Олимпиадада эътироф этилди

Франция пойтхати мезбонлик қилаётган Олимпия ўйинларининг футбол мусобақалари қизғин паллага кириб бормоқда.

Мусобақанинг гуруҳ баҳсларида 16 мамлакат терма жамоаси тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро курашмоқда. Ҳар бир квартетдан иккитадан жамоа плей-оффга чиқади.

Нуфузли Transfermarkt портали Париж Олимпиадасига энг кўп футболчи юборган миллий лигалар рейтингини эълон қилди.

Унга кўра, Франция чемпионати юқори дивизиони – Лига 1 бу борада пешқадам ҳисобланади. Бу чемпионатнинг 26 вакили мезбонлар ва бошқа мамлакатлар терма жамоалари шарафини ҳимоя қилмоқда. Улар орасида “Ланс” вакили Абдуқодир Ҳусанов ҳам бор.

Иккинчи ўринда “С” гуруҳи вакили – очилиш ўйинида Ўзбекистон билан тўқнаш келган Испания чемпионати вакиллари қайд этилди. Ла Лигадан жами 23 нафар футболчи Париж Олимпиадасида иштирок этяпти.

Кучли учликни Олимпиадага 21 нафар футболчини сафарбар қилган Украина Премьер-лигаси якунлаб берди.

Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Суперлигаси олтинчи қаторга жойлаштирилган. Суперлигамизнинг 15 вакили Олимпиада иштирокчисига айланган.

Умумий рўйхат қуйидагича кўриниш олган:

Эслатиб ўтамиз, Тимур Кападзе бош мураббийлик қилаётган Ўзбекистон терма жамоасида Суперлигамиздан ташқари Эрон, Франция, Италия, Россия, Қозоғистон, Туркия чемпионатлари вакиллари ҳам бор.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!