Ўзбекистон терма жамоасининг 7 нафар аъзоси 4 йилга дисквалификация қилинди

Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳузуридаги Ахлоқ комиссиясининг қарорига кўра, оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Мансур Алмуродов (73 кг), Шахмердан Кемалов (+109 кг), Ҳаётбек Зокиров (96 кг), Маҳмудбек Юсупов (+109 кг), Ҳикматулло Фазлиддинов (81 кг), Фозилбек Жуманазаров (96 кг), Худоёр Мелиқўзиевга (67 кг) 4 йиллик дисквалификация жазоси тайинланди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.

Юқорида номлари келтирилган спортчилар 2020 йил 15 октябрь куни оғир атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионати давомида допинг-тест топшириш учун танланган бўлиб, уларнинг допинг-синамаларида S.1 – Анаболик стероид гормонлар гуруҳига мансуб метандиенон, метастерон, тестостерон, канренон каби тақиқланган моддалар аниқланган.

Спортчиларнинг дисквалификация муддати 2021 йил 31 мартдан бошлаб ҳисобланади ва 2025 йил 30 мартга қадар давом этади.

Бундан ташқари, ушбу спортчиларнинг 2020 йил 15 октябрдан бошлаб қайд этган натижалари, қўлга киритган медаллари ва рейтинг очколари бекор қилинади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!