Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси бугун тикланиш машқларини олиб борди
Ads

 

Футбол бўйича Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси Хитойнинг Нанкин шаҳрида давом этаётган Осиё чемпионатида иштирок этмоқда.

Бугун терма жамоа аъзолари тикланиш машқларини бажаришди. Хитойга қарши асосий таркибда майдонга тушган футболчилар енгил машғулот олиб боришган бўлса, қолган футболчиалр одатий равишда машқларда қатнашишди.

Таъкидлаш керакки, гарчи ўзбекистонлик футболчи қизлар мусобақа мезбонлари Хитой терма жамоасига енгилишган бўлса-да, улар намойиш этган ўйин кўпчиликда ижобий таассурот қолдирди. Бу ҳолатни бугун терма жамоа бош мураббийи Баҳром Норсафаров билан суҳбатлашиш учун делегация аъзолари истиқомат қилаётган олимпия шаҳарчасига ташриф буюрган Осиё Футбол Конфедерацияси вакиллари ҳам эътироф этишди.

ОФк вакиллари Баҳром Норсафаров билан суҳбатда қандай қилиб қисқа муддат ичида Ўзбекистонда аёллар футболининг савияси бу қадар ошгани, терма жамоа футболчиларини муҳим мусобақаларга руҳий, жисмоний ва тактик жиҳатдан тайёрлашда қандай чора-тадбирлар қўллангани билан қизиқишди. Ўз ўрнида, бош мураббий ОФК расмийларига ўз тажрибалари билан ўртоқлашди ҳамда аёллар футболини ривожлантириш борасида ЎФФ томонидан амалга оширилаётган ишлар, яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида сўзлаб берди.

ОФК вакиллари Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси бош мураббийи билан бир ярим соатдан ортиқ давом этган суҳбат давомида тилга олинган муҳим маълумотлар минтақамизда аёллар футболини ривожлантиришда муҳим омиллардан бири бўлишини таъкидлаб ўтишди.

Ўзбекистон U-19 аёллар термаси эртага,  Шимолий Кореяга қарши ўйин олдидан сўнгги машғулотни ўтказади. Ўйин 18 октябрь, чоршанба  куни Тошкент вақти билан соат 16:00да бошланади.