Ўзбекистонда биринчи марта бўладиган футбол агенти имтиҳонлари қачон ўтказилиши эълон қилинди

2023 йилнинг 9 январь кунидан ФИФА футбол агентлари фаолияти бўйича янги Регламентнинг амалга киритилиши муносабати билан аъзо ассоциацияларда агентлик лицензиясини олиш учун имтиҳонлар ўтказилиши белгилаб ўтилди. Эндиликда, Ўзбекистон футбол ассоциацияси юрисдикцияси доирасида маҳаллий талабгорлар ФИФА агенти бўлиш учун лицензия имтиҳонларида иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.

Жорий йилнинг 9 январидан бошлаб футбол агенти бўлишга талабгорлар Ўзбекистон футбол ассоциациясига ФИФА Агент Платформаси (https://agents.fifa.com/home) га ўз аризалари (application)ни тўлдириб юборишлари мумкин.

Эслатма: Футбол агенти сифатида фаолият юритиш учун лицензия имтиҳонлари маълум бир муддатларда амалга оширилади.

Демак, 2023 йилда қуйидаги саналарда аризалар қабули бўлиб ўтади:

2023 йил 19 апрелда бўлиб ўтадиган биринчи футбол агенти имтиҳони учун 2023 йил 15 мартгача;
2023 йил 20 сентябрда бўлиб ўтадиган иккинчи футбол агенти имтиҳони учун 2023 йил 1 майдан то 2023 йил 31 июлгача давом этади.

Футбол агенти сифатида фаолият юритиш учун даъвогарларга қандай талаблар қўйилади?

Имтиҳон топшириш учун расмий таълим (мутахассислик бўйича) талаблари мавжуд эмас ва номзоднинг касбига асосланган имтиёзлар ҳам берилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Имтиҳонлар инглиз, француз ва испан тилларида ўтказилади.

ФИФА футбол агентлари фаолияти бўйича Регламентининг 5-моддасига кўра, футбол агентлигига даъвогарларга бир қанча малака талаблари белгиланган, яъни ариза берувчи талабгор:

а) лицензия олиш учун ариза беришда (ва кейинчалик, шу жумладан лицензия олгандан кейин):
I. ўз аризасида ҳеч қандай ёлғон, чалғитувчи ёки тўлиқ бўлмаган маълумотлар бериши мумкин эмас;

II. ҳеч қачон жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлиши, жумладан уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар савдоси, коррупсия, порахўрлик, пул ювиш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, фирибгарлик, ўйинларни манипуляция қилиш, маблағларни ноқонуний ўзлаштириш, фидуциар мажбуриятларни бузиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, мансаб ваколатини суистеъмол қилиш, жинсий зўравонлик, зўравонлик жиноятлари, таъқиблар, эксплуатация, болалар ёки одам савдоси билан боғлиқ масалалар бўйича;

III. ахлоқ ва касбий хулқ-атворга оид қоидаларга риоя қилмагани учун ҳеч қачон икки йил ёки ундан кўпроқ муддатга дисквалификация қилинмаган ёки фаолияти бирон бир регулятор ёки спорт бошқарув органи томонидан тўхтатиб қўйилмаган;

IV. ФИФА, конфедерация, аъзо ассоциациянинг, лига, клуб, ёки лигалар манфаатларини ҳимоя қилувчи орган ёки бундай ташкилотлар ва муассасалар билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган ҳар қандай ташкилотнинг мансабдор шахси ёки ходими бўлмаслик; ягона истисно-ариза берувчи футбол агентлари манфаатларини ифода этувчи ФИФА органи, конфедерация ёки аъзо ассоциацияга тайинланган ёки сайланган ҳолат;

V. шахсан, ўз агентлиги орқали ҳам клуб, академия, ёки лигага нисбатан бирон манфаатга эга бўлмаслиги керак.

б) лицензия олиш учун ариза беришдан олдинги йигирма тўрт ой ичида унда талаб қилинадиган лицензиясиз футбол агенти хизматларини кўрсатганлиги ҳолатлари ҳеч қачон аниқланмаган;
в) лицензия олиш учун ариза беришдан беш йил олдин (ва ундан кейин, шу жумладан лицензия олгандан кейин):
I. ҳеч қачон ўзини шахсан банкрот деб эълон қилмаган ёки банкрот деб эълон қилинмаган ёки банкротлик тўғрисида ариза берган ва/ёки тугатилган бизнеснинг мажоритар акциядори, директори ёки асосий мансабдор шахси бўлмаган;

г) лицензия олиш учун ариза беришдан 12 ой олдин (ва ундан кейин, шу жумладан лицензия олгандан кейин):
I. пул маблағларини ютиб олиш мақсадида спорт тадбирининг натижаларига пул тикиш амалга ошириладиган спорт довларини воситачилик қилиш, ташкил этиш ёки ўтказиш билан шуғулланадиган бирон бир юридик шахс, компания ёки ташкилотга нисбатан манфаатлари бўлмаслиги лозим.

Юқоридаги Регламент моддасида келтирилган талабларга тўлиқ мос келувчи талабгорлар ФИФА футбол агенти имтиҳонларини топширишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, ФИФА футбол агенти имтиҳонларини топширишга талабгорлар қўшимча талаблар юзасидан батафсил маълумотга эга бўлиш учун ФИФАнинг футбол агентлари фаолияти бўйича янги Регламентининг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиб чиқиши тавсия этилади.

Манба: ЎФА

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!