Ўзбекистонлик эркин курашчининг ММА оламидаги ажойиб натижалари ҳақида эшитганмисиз?
Бекзод Абдураҳмонов юқори спорт натижаларини қайд этиб келаётган спортчиларимиздан. У эркин кураш бўйича икки карра Осиё ва Осиё ўйинлари чемпиони, икки бор жаҳон чемпионати совриндори, ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари ғолиби, "Ислом бирдамлик ўйинлари" бронза медали соҳиби бўлган. Бекзод эркин курашдан ташқари, ММА жангларида ҳам муваффақиятларга эришган. У билан қисқа суҳбатимиз айнан ММАдаги фаолиятига доир бўлди.
- Бекзод ММА жангларида иштирок этганингиз ҳақида эшитгандик...?
-Тўғри, бу борада аввал, фаолият олиб борганман.
- Бунга нима сабаб бўлган эди? Сизни эркин курашчи сифатида биламиз ва бу борада ўз вазн тоифангизни етакчиси саналасиз?
- ММАга жуда қизиқаман. Америкадаги мураббийим мазкур йўналишдаги спорт залига олиб борганди. Ўшанда янада қизиқишим ортган. Қолаверса, бу йўналишда жанглар ўтказишимнинг асл сабаби, эркин курашда ўша вақтлар 70 кг вазн тоифаси йўқ эди. Менинг вазним эса, 70-72 кг эди. 65 кг ҳамда 74 килога тўғри келмасдим. Шунинг учун, ММА жангларининг енгил вазн тоифасида иштирок этиб юрдим. Кейинчалик 70 кг ҳам эркин курашдан ўрин олганидан сўнг, аралаш жанг санъатидаги фаолиятимни тўхтатиб, асосий эътиборимни Олимпиада дастуридан ўрин олган спорт турига қаратгандим.
- Ҳар иккисини бир вақтда олиб боришни имкони борми? Ҳеч қандай тақиқлар йўқми?
- Албатта, салоҳиятингиз етса, ҳар иккисида ҳам фаолият олиб борсангиз бўлади. Тақиқловчи қонун-қоидаларни эшитмаганман. Аслида, менинг ҳам мақсадим шундай эди. Олимпиададан кейин бу борада ўйлаб кўраман.
- ММА фақат курашдан иборат эмас. Агар келажакдаги мақсадингизни инобатга олсак, ҳозирда ҳам ушбу йўналишда керак бўладиган жанг санъатлари билан шуғулланиб турибсизми?
- Ҳа, баъзан бу борадаги жимоний ҳолатимни ушлаб туриш учун машғулотлар олиб бораман.
- Умуман олганда, ММАда нечта жанг ўтказгансиз?
- Ҳаваскорда 5 та, профессионал йўналишда 6 та.
- Натижалар қандай?
- 11-0, барчасида ғалаба қозонганман.
- Жангларингизни қайси промоушенларда ўтказгансиз?
- CES ҳамда CFFC да...
- Жавоблар учун миннатдорчилик билдирамиз. Ўз ўрнида келгуси фаолиятингизда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
- Катта раҳмат!
Фикрлар