Ўзбекистонлик ҳакамлар Токио олимпиадасида ҳакамлик қилади

Бу ҳақда Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Ҳакамлар қўмитаси маълум қилди. Ташкилот бу борада Ўзбекистон дзюдо федерациясига расмий мактуб йўллаган ҳамда тегишли сертификатларни тақдим этган.

Унга кўра, Токио-2020 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ҳамюртларимиз Рамзиддин Саидов ҳамда Вячеслав Перетейко ҳакамлик вазифасини бажаради. Бу ҳақда жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги расмий сайти хабар тарқатди.

Рамзиддин Саидов қисқа фурсатда Жаҳон ва Осиё чемпионати, "Мастерс", "Катта Дубулға", Гран-При ҳамда IJF байроғи остида ўтказиладиган бошқа нуфузли мусобақаларда ҳакамлик қилиб, халқаро экспертлар томонидан ижобий баҳо олди.

Халқаро тоифадаги рефери Рамзиддин Саидов шу кунгача Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, "Ўзбекистон белгиси" кўкрак нишони, "Шуҳрат" медали каби юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган.


Рамзиддин Саидов – 1982 йил 14 апрелда Бухорода туғилган. Дзюдо сир-асрорларини ЎзбекистонРеспубликасида хизмат кўрсатган мураббий, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, Олот дзюдо мактаби асосчиси Рустам Тўраевдан ўрганган. Саидов спортчи сифатида Афина-2004 ва Лондон-2012 Олимпия ўйинларида иштирок этган. Шунингдек, Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари совриндори бўлган. 2013 йилда -100 кг вазн тоифасида дунё рейтингида 1-ўринга кўтарилган. 2010 йилда Абу-Даби Гран-Приси, Тошкентда ўтган Жаҳон кубоги, 2012 йилда Москвада ўтказилган "Катта Дубулға" турнирларида шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган.

Халқаро тоифадаги рефери Вячеслав Перетейко ҳам IJF байроғи остида ўтказиб келинаётган барча турдаги мусобақаларда ҳакамлик қилиб, ўзини ижобий томондан намоён эта олди.


Вячеслав Перетейко – 1981 йил 19 январда Тошкент шаҳрида дунёга келган. Спортчилик фаолияти давомида асосан -90 кг вазн тоифасида беллашган. Афина-2004 Олимпиадаси иштирокчиси, Осиё чемпионатларининг кумуш ва бронза, Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!