Ўзбекистонлик спортчиларни коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилмоқда

Ҳозирда дунёнинг бир қатор мамлакатларида кўплаб ижтимоий қатлам қатори спортчиларни ҳам коронавирусга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу ўринда ўзбек спорти мутасаддилари, мухлислари, шунингдек, терма жамоамиз вакилларида ҳам атлетларимизни эмлаш масаласи бўйича саволлар пайдо бўлмоқда. Бугун шу ва бошқа бир қатор масалалар муҳокамасига бағишланган МОҚ Ижроия қўмитаси бюросининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Бош котиб Ойбек Касимов, раис ўринбосарлари Сакен Полатов, Азизжон Камилов, Шерзод Ташматов, Қўмита қошидаги Республикаси спорт тиббиёти илмий амалий маркази директори Абдушукур Садиков, шунингдек МОҚ ва тиббиёт марказининг бошқа мутасаддилари иштирок этишди.

Бюро йиғилишининг асосий мавзуси спортчиларимизни коронавирусга қарши эмлаш бўлди. Учрашувда МОҚ раиси иштирокчилар, айниқса, тиббиёт соҳаси мутасаддиларининг фикрларини ўрганди.

Бу борада жаҳонда кенг қўлланилаётган вакциналар ҳақида мулоҳазалар олиб борилди. Иштирокчиларнинг деярли барчаси, хусусан, тиббиёт мутасаддилари бунга жавобан халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда спортчиларимизни эмлаш тарафдори эканликларини билдиришди. Фақат бунинг учун қайси вакцинани қўллаш, унинг таъсирларини ўрганиш каби жиҳатларни эътиборга олиш зарурлиги таъкидланди.

“Барча жиҳатларни чуқур таҳлил қилган ҳолда спортчиларимизни эмлашимиз керак. Бироқ бунда ҳукуматимиз, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан маслаҳатлашиб олишимиз лозим. Жуда нозик вазиятдамиз. Спортчиларимизни эмламасдан уларни мусобақаларга чиқариш катта таваккал бўлиб қолди”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Мазкур мавзу юзасидан РСТИАМ мутасаддиларига федерация ва ассоциациялар раҳбарияти, шифокорлари, мураббийлар билан спортчиларни эмлашга кимлар рози эканлигини, бу борада Вазирлик мутасаддиларининг фикрини ўрганиш бўйича топшириқ берилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!