Ўзбекистоннинг 19 та клуби ОФК лицензиялашидан муваффақиятли ўтди
Осиё футбол конфедерацияси 2026-2027-йилги мавсумда лицензиялаш текширувлари натижасида клублар миқёсидаги қитъавий мусобақаларда иштирок этишга лаёқатли деб топилган клублар рўйхатини эълон қилди.
Жорий йилги лицензиялаш мавсуми натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 19 та клуби ОФК лицензиялашидан муваффақиятли ўтиб, профессионал клуб мақомини олди. Аҳамиятлиси, жорий йилга натижаларга кўра, Суперлиганинг барча жамоалари, шунингдек, Пролиганинг уч клуби — "Арал", "Металлург" ҳамда "Шўртан" лицензияга эга чиқди. Булар орасидан Қорақалпоғистоннинг "Арал" клуби ўз тарихида илк бор лицензиатга айланди.
Конфедерация тақдим этган маълумотга асосан, Ўзбекистон ва Қатар лицензиатлар сони бўйича қитъада етакчи бўлиб турибди — 19 тадан. Саудия Арабистонининг эса 18 та лицензиат билан кейинги ўринда лицензиялаш мавсумини якунлади.
Таъкидлаш жоизки, клубларимизнинг ОФК лицензиялашидаги фаол иштироки нафақат улардаги инфратузилма, кадрлари сиёсати, юридик ва бухгалтерия ишларининг тўғри йўлга қўйилишига, балки барча клубларимизнинг қитъа миқёсидаги мусобақаларга шай ҳолатда бўлишларини таъминламоқда. Жумладан, жорий йилнинг апрель ойида ОФК Профессионал футбол қўмитаси томонидан қабул қилинган ҳамда ОФК Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган ОФК Элит Чемпионлар Лигасининг кенгайтирилиши натижасида Ўзбекистон учун ажратилган квоталар сони яна биттага кўпайиб, "Насаф" клуби ҳам келгуси мавсумдан халқаро майдонда иштирок этиши ойдинлашди. Клуб лицензиялаш мавсумига беэътибор бўлмагани натижасида уларнинг мусобақадаги иштирокига лицензиялаш масаласи тўғоноқ бўлмаяпти.
Маълумки, ОФК лицензиялаш дастури футбол клубларининг аниқ моделини белгилаб берган ҳамда бу жараёнда бир қатор ўзгармас модельларга таянади. Бироқ сўнгги йилларда миллий лигаларимизда ФарДУ, БухДУ ва ТерДУ каби университет жамоалари, "Олимпик Мобиуз" ҳамда "Республика ФА" сингари давлат миқёсида ёшлар футболини ривожлантиришга йўналтирилган махсус лойиҳалар, шунингдек, "Ғазалкент" ва "Каттақўрғон" каби хусусий клублар ҳам фаолият олиб бормоқда. Ушбу клублардан баъзилари янги ташкил этилгани важидан ОФК лицензиясига эга чиқа олмаётган бўлса, баъзилари тузилиш шакли туфайли амалдаги регламентга кўра бундай лицензияни ололмайди. Шуларни инобатга олган ҳолда, Лига айни вақтда мазкур клубларнинг инфратузилма билан боғлиқ бир қатор асосий йўналишларини ўрганиб бормоқда ва улар ушбу текширувлардан муваффақиятли ўтган тақдирда, йил якунига қадар профессионал клуб мақомини олган клублар сони яна бир нечтага кўпайиши мумкин.
Шу ўринда, Лига ОФК лицензиатига айланган клубларимизни самимий қутлаб, келгуси мавсумларда бундай клубларимиз сони янада ошишига умид билдиради.


Фикрлар