ЎзПФЛ жаҳон лигалари форумида ўз тақдимотини намойиш этди

Дунёнинг 45 та етакчи футбол лигаларини ўзида жамлаган жаҳон профессионал футбол лигалари ассоциациясининг (WLF) 2023 йилги умумий йиғилишига “Экстракласа” (Полша лигаси) мезбонлик қилди. Унда Лига бош директори Диёр Имомхўжаев ҳамда Клубларни лицензиялаш ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Зохиржон Акрамхонов иштирок этди. 

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мазкур ташкилотга 2022 йилда расман қабул қилинганди. Шундан келиб чиқиб, WLF бош котиби Жером Перлемутер ЎзПФЛ аъзоларига мамлакат ички чемпионати масаласида тақдимот ўтказиш таклифини берди. Бу бизга барча аъзо лигалар раҳбарлари ҳамда мутахассислари кўз ўнгида Ўзбекистон ҳамда унинг футболи ҳақида тақдимот ташкил этиш имкониятини яратди. Шу асосда WLF мутахассислари томонидан тайёрланган ва етакчи лигалар фаолияти, статистикалари ҳамда бошқа деталларини ўз ичига олган йиллик сарҳисобдан ЎзПФЛ ҳам илк марта жой олди.

пфл польша1

Қувонарли томони, тақдимот ташкилотнинг қолган аъзолари томонидан илиқ қарши олинди. Жумладан, АҚШ, Англия, Австралия, Бельгия, Полша, Қатар, Латвия, Туркия каби лигалар раҳбарлари форумдан кейин тақдимот юзасидан ўзларининг ижобий фикрларини алоҳида билдириб ўтди. Шунингдек, ЎзПФЛ томонидан 2023 йилдан бошлаб йўлга қўйилган футболчилар лицензияси вазифасини бажарувчи микрочиплар ҳамда учрашув қайдномаларини икки дақиқа ичида тўлдириш имконини берувчи онлайн платформага юқори баҳо берилди. 

Эндиликда Лигамиз WLF таркибига кирувчи лигаларнинг тенг ҳуқуқли ҳамкори ҳисобланади. Бу ҳолат биз учун дунёнинг исталган ТОП лигалари ва клублари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш учун йўл очади. Яқин келажакда маркетинг, телетрансляциялар, мухлислар билан ишлаш каби масалаларда қатор семинар ва учрашувлар ташкил этиш режалари ишлаб чиқилади.

пфл польша

Маълумот учун, мазкур йиғилишда Ўзбекистондан ташқари ФИФА, IFAB, FIFPro, Европа клублари ассоциацияси, УЕФА ва ;аҳон меҳнат ташкилоти вакиллари, шунингдек, Полша, Швеция ҳамда АҚШ лигалари вакилларининг ҳам тақдимот ва чиқишлари бўлиб ўтди.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!