
ЎзПФЛ раҳбариятининг АҚШда МЛС билан учрашуви қандай ўтди?
Суперлигада юзага келган танаффусдан фойдаланган ҳолда, Лига мутахассислари тажриба алмашиш мақсадида АҚШда, МЛС бош қароргоҳида бўлди. Сир эмаски, ҳар икки ташкилот мутахассислари ҳар йили Жаҳон Лигалари Ассоциациясининг йиллик конгрессида биргаликда иштирок этади.
1996 йилда ташкил топган МЛС ўзининг 30 йиллик тарихида катта йўлни босиб ўтишга эришди. Бугунга келиб МЛС телетрансляция ҳуқуқлари, маркетинг, футболчилар билан шартномавий муносабатлар каби масалаларда улкан муваффақиятларга эришиб келмоқда. Мазкур жараёнлар ва бу йўлда босиб ўтилган қадамлар ЎзПФЛ учун катта мактаб вазифасини ўтай олади. Шундай экан, МЛС билан ўзаро тажриба алмашиш ЎзПФЛ учун муҳим аҳамият касб этади.
АҚШ сафарига Лига раҳбари Диёр Имомхўжаев бошчилигида Мусобақаларни ўтказиш, Маркетинг, Халқаро алоқалар ҳамда Медиа бўлими бошлиқлари, шунингдек, Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раиси ҳамда бир вақтнинг ўзида Лига Ижроия қўмитаси аъзоси ҳисобланган Камолиддин Мурзоев йўл олди. Ишчи гуруҳ аъзоларини МЛСнинг мусобақалар масалалари бўйича ижрочи вице-президенти Нелсон Родригез кутиб олди ва у ташкилот мутахассислари билан ўтказилган барча учрашувларда бевосита иштирок этди.
Лига таклифидан келиб чиққан ҳолда, МЛС қуйидаги мавзуларнинг ҳар бир бўйича алоҳида тақдимотлар тайёрлаган бўлиб, улар шу йўналишлар учун жавобгар бўлган асосий координаторлар томонидан маъруза қилинди:
– Интеллектуал мулк ва тижорий ҳуқуқлар — Шиненн Физерстон (Бизнес масалалари консули), Жордан Франклин (Ёрдамчи консул)
– Мусобақалар ўтказиш масалалари — Пол Greyфер (Мусобақалар ўтказиш бўлими бош мутахассиси)
– МЛС Нехт ва МЛС Нехт Про дастурлари — Гордон Бенгстон (МЛС Нехт дастури координатори)
– Футболчилар шартномаларини бошқариш — Кристина ЛаБри (Шартномалар бўлими офицери)
– Трансляциялар ва медиа — Ёҳанна Рохас (Трансляция масалалари координатори).
МЛС ташрифи кутилганидан самимий, ишчан ва интерфаол руҳиятда бўлиб ўтганини алоҳида таъкидлашимиз лозим. Биз алоҳида тайёргарлик ҳамда ҳар бир масалага масъулият билан ёндашув учун АҚШ соккер лигасига миннатдорчилик билдирамиз, - дея хабар бермоқда, ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар