“Пахтакор” – 37 миллиард сўм, “Навбаҳор” 35 миллион сўм, “Насаф” 40 миллион сўм! Клубларни шахсий қилиш “операцияси” борасида сизни қизиқтирган барча саволларга мутахассис жавоби!
24 март санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган қарор борасида таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўз "Телеграм" саҳифасида каттагина пост қолдирди. Унда, 29 мартдан кучга кирган қонуннинг футбол клубларига қандай даҳли бор эканлиги батафсил тушунтириб берилган.
“Рўйхатда 1001 та корхона мавжуд бўлиб, уларнинг акциялари очиқ аукционда сотувга қўйилиши маълум қилинди. Бу рўйхатдан бир йўла 12 та профессионал футбол клуби ўрин эгаллаган. Биз бу жамоаларнинг белгиланган фонддан келиб чиқиб Рўйхатга 12 та профессионал футбол клублари киритилган бўлиб, биз уларни устав капиталини камайтириш тартибида туздик
"Пахтакор" - 37 837 648 200
"Машъал" - 15 367 385 900
"Металлург" - 13 531 779 500
"Локомотив" - 3 179 621 600
"Бунёдкор" - 1 158 000 000
"Шўртан" - 702 100 000
"Динамо" - 140 000 000
"Бухоро" - 100 000 000
"Денов" - 100 000 000
"Насаф" - 40 000 000
"Навбаҳор" - 35 000 000
ОКМК - 3 000 000
Деярли барча клублар 100 фоиз қайсидир давлат корхоналарига тегишли эканлигини кўриш мумкин. “Бунёдкор” ўз акцияларининг барчасини давлат активларини бошқарувчи органга топширган бўлса, “Пахтакор” давлат активларини бошқарув марказига тегишли. Фақат иккита клубдагина аксиаларнинг жуда кичик қисми ("Машъал" - 0.4%, "Шўртан" - 0.3%) шахсий холос.
Икки ҳолатда ҳам, бу акциялар жамоа раҳбарларидан бири ёки унга бегона бўлмаган инсонлар қўлида эканлигини пайқаш мушкул эмас. “Машъал” акциялари ака-ука Норчаевларга тегишли бўлса, “Шўртан”нинг кичик бир қисми Илҳом Қурбоновга қарашли.
Янада аниқ маълумотлар клубларнинг акциялари сотувга қўйилганида маълум қилинади. Бу жараён узоғи икки ҳафта ичида бўлиб ўтиши тахмин қилинмоқда. Ҳозирча, савдо шу йил бўлиб ўтиши аниқ бўлиб турибди. Футбол клубларининг акцияларини харид қилишни истаганлар давлат комиссиясининг рухсатномасига эга бўлиши шарт.
Мана энди, энг муҳим саволга жавоб излаб кўрамиз. Хўш, клубларнинг акцияларини сотиб олиш илинжидаги инсонларни топиш қай даражада ҳақиқатга яқин? Масалан, бундай ҳолатни аввалроқ “Андижон” ва “Пахтакор” клублари билан содир бўлганига гувоҳ бўлдик, аммо якун қандай бўлгани барчамизга аён.
“Пахтакор” 2017 йилда хусусий клубга айланди. Айнан шу омил тошкентликларнинг “олтин эраси” бошланишига замин яратди. Жамоа ҳар томонлама хусусий эканлигини кўрсатиб қўйди. Шунга қарамай, клуб эгасининг қизиқишлари мамлакатнинг айрим компаниялари билан тузилган шартномалар билан боғлиқ эканлиги ҳеч кимга сир эмасди. Натижада, давлат компаниялари билан ўртадаги келишув бекор бўлгач, ўз-ўзидан “Пахтакор”га бўлган қизиқиш ҳам сўнди. Қарабсизки, Тошкент клуби яна ҳокимият қўлига ўтди.
“Андижон” билан бўлган вазият янада кулгили. У ерда, жамоа ҳатто бошқарув борасида ҳам шахсий бўлмаган. Исталган муаммонинг ечими учун жамоа эгаси ва унинг раҳнамолари вилоят ҳокими томонга чопиб борган. Клубга сарфланган пуллар шахсий бўлгани билан, уларнинг замирида ҳокимиятнинг уларни қўллаб-қувватлаши ётган. Барчаси умумий латифа билан якунига етди. Клуб эгаси ҳокимиятга ишга кирди, бироқ кўп ўтмай клуб, лавозими ҳамда бизнесидан ҳам айрилди. Энг қизиғи, “Андижон” футболчиларига клуб эгаси сифатида вилоят ҳокими таништирилган. Шу факторнинг ўзи, шахсий номини олганига қарамай, жамоа мамлакат бошқарув органларига қарам эканлигини англатади.
Катта эҳтимол билан, “Пахтакор” ва “Андижон”да содир бўлган схема бошқа клублар билан ҳам такрорланиши мумкин. Жамоаларнинг янги эгалари ўз манфаатлари йўлида ҳокимиятнинг вазифасини бажарадиган структура эгалари, ёки ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланиб турилиши аниқ бўлган бизнесменлар бўлади.
Бошқа томондан, кўплаб жамоаларга харидорлар чиқмайди(Масалан, "Денов" кимга керак?) Натижада, бундай жамоалар ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Ҳар қанча ўзгариш бўлмасин, асосий муаммо ечимсиз қолиб кетаверади. Яъни, маҳаллий клубларнинг дотациядан қутулиб кетиши! Бу муаммони фақатгина мамлакат иқтисодиёти кўтарилгандагина ечиш мумкин.
Қачонки улкан компаниялар ўртасидаги соғлом рақобат бўлса, улар реклама илинжида футболга эътибор қаратишга мажбур бўлади. Айнан шу рекламалар телекомпанияларни пулли трансляцияларга чиқишга ундаши керак. Ишқибозларнинг тўлов имкониятлари ошиши, улар стадионга борганида кўпроқ пул сарфлашга қодир бўлиши лозим.
Шу ўринда, футбол олами ҳам бунга тайёр бўлиши керак. Масалан, футбол томоша қилиш учун стадионга келган инсон элементар нарсаларга эҳтиёж (овқатланадиган жойлар, умумий ҳожатхоналар, қулай ўриндиқлар) сезади.
Нима бўлганда ҳам, бир йўла 7 Суперлига клуби, 5 та қуйи лигалар вакилида тез орада улкан ўзгаришлар бўлиши мумкин. Бу уларнинг келажакдаги ҳолатига таъсир кўрсатмай қолмайди. Катта эҳтимол билан, бу ўзгаришлар бошқа клубларга ҳам туртки беради."
Фикрлар