"Пахтакор" - "Локомотив" учрашувидаги 7:1 натижаси, энг яхши тўпурарлар ва бошқа маълумотлар

Суперлига 12-турида "Пахтакор" Тошкент дербисида "Локомотив" билан майдонга тушади. Клуб матбуот хизмати учрашувга оид маълумотларни тақдим этди.

Жамоалар сафида дисквалификация билан боғлиқ йўқотишлар мавжуд эмас. Шу сабабли охирги йилларда кескин руҳда ўтаётган дербида жамоалар бор имкониятларидан фойдаланишлари мумкин.

Чемпионатлар тарихида жамоалар жами 32 бор тўқнаш келган. Уларнинг 18 тасида "Пахтакор" ғалаба қозонган. 8 беллашувда дуранг натижа қайд этилиб, 6 марта "Локомотив" устун келган. Рақиб дарвозасига 65 гол урган "шерлар" 31 тўп ўтказиб юборган. 2006 йил ўзаро ўйинлар тарихидаги энг йирик натижа кузатилган. Ўшанда "Пахтакор" 7:1 ҳисобида муваффақиятга эришган. 2005 йилги беллашувда эса Анвар Солиев рақиб дарвозасига 5 та тўп киритган! Ғалабалардан 5 тасига йирик натижа билан эришилган.

"Пахтакор" ўз майдонидаги ўйинларда кўрсаткичлар шундай кўриниш олган: 10 ғалаба, 3 тадан дуранг ва мағлубият. Голлар бўйича устунлик "Пахтакор" фойдасига - 39:19.

Ўзаро ўйинлар тўпурари Анвар Солиев бўлиб, у "Локомотив" дарвозасини 10 марта ишғол қилган. Сервер Жепаров ҳисобида 5, Уче Ихеруоме, Станислав Андреев, Александр Гейнрих ҳисобида 4тадан гол бор. "Локо" сафида Марат Бикмаев 5 гол уришга эришган. Зайниддин Тожиев, Акмал Холматов ва Темурхўжа Абдухолиқов дербиларда ҳар икки жамоа учун тўп киритган футболчилар саналади.

"Пахтакор" ва "Локомотив" жамоалари ўртасидаги учрашув бугун соат 18:30да "Локомотив" стадионида бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!