"Пахтакор" чемпионликка яқин тургандек, лекин..."
Бугун, айниқса, “Пахтакор”, “Навбаҳор” ҳамда “Насаф” клуби мухлислари учун ўзгача, ҳаяжонли кун. Улар соат 17:00 да бошланадиган учрашувларни сабрсизлик билан кутишяпти.
Айнан бугун барчасига узил-кесил нуқта қўйилади. Чемпионлик ўйини олдидан кўпчилик томонидан фикр ва мулоҳазалар билдирилаётганини эшитиб турибмиз.
“Пахтакор” 15-чемпионлигига яқин тургани рост. Лекин “Бунёдкор” ҳам осонликча енгилмаса керак. Бу ёқда “Навбаҳор” АГМКни қабул қилса, “Насаф” “Олимпик” меҳмони бўлади.
Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев чемпионлик ва лигада қолиш учун курашаётган клубларнинг имконияти бўйича муносабатини айтди.
"Ҳа, бунақанги шиддатли сўнгги тургача бўлган чемпионлик ўйинларини кўрмаганимизга анча бўлганди, - дея гап бошлади, Мурзоев. - Бу албатта, яхши ҳолат. Чемпионлик йўлида курашаётган жамоаларга тўхталадиган бўлсак, уччала клублар ҳам ўз қўлидаги кўплаб имкониятларни бой бериб, охирги тургача чемпионлик баҳсини ортга сурдиришди. Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, “Пахтакор” ўз имкониятини юқори сақлаб турибди. Охирги турларда ўтказаётган ўйинларига ҳам эътибор берадиган бўлсак, иложи борича рақибларига имкон қолдирмасдан ишончли ғалабаларга эришаётганини инобатга олсак, “Пахтакор” чемпионликка яқин тургандек. Лекин унинг қаршисида анча-мунчага енгилмас, синмас ва ўз мураббийини топганидан сўнг янги мухлисларини қайта кашф қилаётган “Бунёдкор” жамоасига қарши жуда шиддатли ва яхши ўйин кечади. Қолган икки учрашув ҳам ўзига яраша жиддий ўтиши кутиляпти. Нафақат жамоаларнинг тўқнашуви, масалан мураббийлар тўқнашуви дейишимиз ҳам мумкин. Наманганда Самвел Бабаян ва Миржалол Қосимов, Тошкентда Тимур Кападзе ва Рўзиқул Бердиевнинг ўзаро жангларини ҳам кутишимиз керак. Бундай қарама-қаршиликларнинг чемпионлик учун эканлиги ўйинларнинг янада шиддатли ўтишини очиб беради. Қизиқарли ўйинлар бўлиши бу сўзсиз. Менимча, барча ишқибозлар бўлажак баҳсларни катта қизиқиш билан кутишмоқда. Ҳозирги кунда “Пахтакор”нинг имкониятлари бироз юқорироқ. Бироқ футбол 90 дақиқа давом этади. Ўша 90 дақиқадан кейингина ким чемпион бўлишига аниқ жавоб топа оламиз.
Уччала жамоани ҳам енгил тарзда ғалаба қозонади, деб айта олмайман. Рақиблар ҳам ўзига яраша оғир жамоалар. Лекин ўйлайманки, ҳали имконият бор эканки, “Насаф” ҳам, “Навбаҳор” ҳам ҳакамнинг сўнгги хуштаги чалингунига қадар ғалаба учун курашишади. Лекин ўйин давомида кўп ҳолларда мураббийлар “Пахтакор”нинг ўйинидаги ҳисобни футболчиларга айтишмайди ва бунга эътибор бермасликларини сўраб ҳаракат қилишади. Аввало ўз ўйинида ғалаба қозониши керак ва шундан сўнггина рақиб жамоанинг ҳисобига қараса бўлади. Менимча, ҳали ҳеч ким қўлини чемпионликдан тортиб олгани йўқ.
Фикримча, пастки ўринларда ҳам кураш жиддий. Ўйини ўз қўлида бўлган “Қўқон-1912” жамоаси ғалаба қозонадиган бўлса, “Локомотив”нинг қўлга киритадиган уч очкоси ҳеч қандай аҳамият касб этмай қолади. Бу ерда ҳам 90 дақиқагача интрига сақланади ва иккала жамоа ҳам чемпионлик учун курашаётган клублар сингари аввало ўз ўйинидаги очколарни қўлга киритишга жиддий эътибор қаратишади", - деб ўз фикрини якунлади, Камолиддин Мурзоев.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар