ПФЛ ҳакамларнинг ҳаражатларини ўз бўйнидан соқит қилди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси муассислигида ташкил этилган Ўзбекистон футбол ҳакамлари марказига 15 июнь куни янги директор тайинланганди. Бугун — 17 июнь санасида Марказ ҳамда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ўртасида Лига мусобақаларида ҳакамлар фаолиятини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланди. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.

Шу кунга қадар футбол ҳакамлари, назоратчилари ҳамда VAR мутахассисларининг хизмати учун ҳақ, шунингдек, уларнинг йўлкира ҳамда яшаш ҳаражатлари ЎзПФЛ ҳисобидан қопланиб келинаётганди. Эндиликда ҳакамлар фаолияти ягона тузилмага бирлаштирилганидан келиб чиқиб, мазкур масалалар Марказ томонидан ҳал этилади. ЎзПФЛ эса Лига томонидан ўтказиладиган мусобақалардаги мазкур ҳаражатларни шартнома асосида Марказга ўтказиб беради.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси эса футбол ҳакамларини ўқитиш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, Марказнинг ташкилий-бошқарув фаолиятини самарали амалга оширишни таъминлайди. Айни вақтда мазкур масала ЎФА Ижроия қўмитаси томонидан кўриб чиқилмоқда.

Бундан-буён нафақат профессионал, балки ҳаваскорлар ўртасидаги ҳар қандай футбол мусобақалари, ўртоқлик учрашувларига футбол ҳакамларини жалб қилиш Марказ билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!