Асосий мазмунга ўтиш
Футбол

Португалиялик агент: Роналду муаммо, у меросини ўзи бузмоқда

Паулу Барбоза Криштиану Роналду энди Португалия терма жамоаси учун муаммога айланганини, жамоадан кўра шахсий рекордларини устун қўяётганини айтди.

Португалиялик машҳур футбол агенти Паулу Барбоза миллий жамоа ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг ҳозирги ҳолати ҳақида кескин фикр билдирди.

Унинг таъкидлашича, Роналду бугунги кунда Португалия терма жамоаси учун муаммога айланган.

«Криштиану Роналду — бу муаммо. Афсуски, у эндиликда аввалги Роналду эмас. У терма жамоа манфаатларидан кўра ўз шахсий рекордларини устун қўяди.

Ҳар қандай буюк футболчи учун карьерани якунлаш жуда оғир. Роналду ҳали ҳам ўзини юқори даражада деб ҳисоблайди. Аммо бу реалликка тўғри келмайди. Масалан, Месси ҳануз юқори савияда ўйнаяпти, лекин бунинг сабаби — у жамоа учун ҳаракат қилади. Роналду эса бундай қилмаяпти», — дея таъкидлади Барбоза.

Агентнинг фикрича, Роналду ўз меросига ҳам ўзи путур етказмоқда.

«У янги авлод майдонга чиқиши, уларга йўл бериш кераклигини англамаяпти. Энди бошқа футболчилар ўйнаши, терма жамоада аниқ тизим ишлаши лозим. Катта эго — бу катта муаммо. Бундай футболчилар учун катта саҳнадан кетиш доим қийин бўлади», — деди Барбоза «Чемпионат» нашри мухбири Владимир Четверик билан суҳбатда.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Facebook'даги саҳифасига аъзо бўлинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ