Португалиялик мураббий: "Тўғриси, ўзбек ўйинчиларига қизиқаман, Шомуродов мени жуда ҳайрон қолдиради"

Sports.uz сайти ўқувчилари яхши билишса керак, тез-тез хорижлик мутахассислар билан боғланиб, уларнинг ўзбек футболи ҳақидаги фикрларини эътиборингизга ҳавола этиб боришга ҳаракат қиламиз. Чунки чет эллик мураббийларнинг футболимиз борасидаги муносабатлари, ютуқ ва камчиликларимизни таҳлил қилиб беришлари бизга ҳам қизиқ, ҳам муҳим. Албатта, ҳамма хорижлик ҳам биз ҳақимизда етарли маълумотларга эга бўлавермайдилар. Бунинг учун, у аввало, Осиё футболидан яхши хабардор бўлиши керак. Бугунги мақоламиз қаҳрамони айнан қитъамиз, жумладан футболимиз ҳақида ўз тушунчасига эга бўлган мутахассисдир.

Марио Лемос – 1986 йилда Португалияда таваллуд топган. Энди 36 ёшни қаршилаётганига қарамай, у мураббийликка анча эрта қадам қўйган. Дастлаб ўз юртида мураббий сифатида ишга киришган Лемос кейинчалик Осиёда ишлай бошлади ва ҳозир ҳам шундай. Португалиялик мураббий аввало ўзи ҳақида гапирди.

"Ҳа, мен мураббийлик фаолиятимни анча ёш пайтимдаёқ Португалияда бошлаганман. Шу вақтга қадар АҚШда ишлашга муваффақ бўлдим. Таиланднинг “Муангтонг Юнайтед” жамоасида фаолият кўрсатдим ва Жанубий Кореяда ҳам меҳнат қилдим. Буларнинг барчасида мен ёшлар жамоаларини бошқардим. Шулардан сўнг Бангладеш миллий терма жамоасига ёрдамчи мураббий сифатида келдим. Кейинчалик Малайзия Суперлигасида “Негери Сембилан” клубини бошқардим. Бангладешда эса “Абахани” клубига устозлик қилдим ва ушбу миллий терма жамоага бош мураббий ҳам бўлдим".

марио3

Лемосда Осиёда ишлаш бўйича яхшигина тажриба бор. Шунинг учун ўзбек футболи ҳақида унда етарлича тасаввур бор.

- Мен Осиёда 10 йилдан бери яшайман ва фаолият олиб бораман. Шунинг учун тез-тез ўзбек футболи ҳақидаги хабарларга кўзим тушади. Натижада футболингизни кузатиб бораман. Тўғрисини айтсам, ўзим ўзбек ўйинчиларига жуда қизиқаман. Чунки улар жуда сифатли футболчилар ва ҳар қандай ўйин услубига мослашиб кетиши мумкин. Ўйлайманки, Ўзбекистон катта салоҳиятга эга бўлган ва рейтинги баланд саналадиган миллий терма жамоалардан бири ҳисобланади. Ўтган мавсумда “Насаф” ОФК Кубогида ажойиб иштирок этди. Бундан ташқари, U-23 жамоасининг саралашдаги ўйинларини яқиндан кузатишга муваффақ бўлдим. Ўйлайманки, бу ҳам кучли ҳамда юқори сифатли футболчиларга тўла жамоа эканини кузатишга муваффақ бўлдим. Шуни ҳам айтишим керакки, жисмоний жиҳатдан яхши бўлган ўйинчилар соф футбол кўрсатишяпти. Яъни, тоза ва чиройли футбол намойиш эта олишяпти. Юқори темпда, юқори прессинг орқали ўйин ташкил қилишяпти. Бу эса футболчиларнинг тобора ўсиб бораётганини, жисмоний ҳамда тактик жиҳатдан кўп нарсаларга қодирлигини намойиш этмоқда, - дея фикр билдирди португалиялик мураббий.

марио

Дарвоқе, ўтган йили чемпионатимизда ишлаб кетган португалиялик Микаэль Секейра ёдимизга тушди ва ҳамюртидан уни биласизми, деб сўрадик.

- Ҳа, мен Микаэль Секейра ким эканлигини жуда яхши биламан. Уни шахсан танимасам ҳам лекин Тошкентнинг “Локомотив” жамоасини бошқарганидан хабардорман ва унинг фаолиятини кузатиб бораман, - дея жавоб берди Лемос.

Марио билан мулоқотимиз давомида “Рома” сафида тўп сураётган ҳамюртимиз Элдор Шомуродов хусусида ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмасди. Португалиялик мутахассис Моуриньо қўли остида тўп сураётган футболчимиз ҳақида қуйидагиларни айтди:

"Албатта, мен унинг ўйинларини кўп кузатаман. Шомуродовнинг “Женоа”даги вақтларини ҳам яхши эслайман. Бу футболчи мени жуда ҳам ҳайрон қолдиради. Унинг бўйи баланд ва шу билан бир қаторда ажойиб техникага эга. Қисқаси, Элдор сифатли футболчи".

марио4

Бундан ташқари, Марио Лемос ўзбекистонлик яна бошқа ўйинчиларни ҳам яхши танишини айтди ва жумладан шундай деди:

"Биринчи бўлиб хаёлимга келадиган инсон – бу Одил Аҳмедов. Унинг “Шанхай”даги бир нечта учрашувларини жонли равишда кузатиб борганман. Шунингдек, Санжар Шоаҳмедовни ҳам яхши биламан. У билан Малайзияда фаолият олиб бораётган чоғимда тўқнаш келганмиз. Бангладеш чемпионатида эса бир қатор ўзбек ўйинчилари бор. Масалан, Евгений Кочневни айтишим мумкин. Саиддостон Фозилов, Асрор Ғофуров, Сирожиддин Раҳматуллаев – булар сўнгги мавсумларда Бангладеш чемпионатида ҳаракат қилишяпти. Албатта, Ўзбекистон чемпионати кучли ва яхши савиядаги клубларга эга. Осиёдаги энг рақобатбардош лигалардан бири ҳисобланади. Ҳар қандай мураббий сингари мен ҳам иложи борича кучлироқ лигалар жамоалариин бошқаришни хоҳлайман".

марио5

Дунё футболида Месси ва Роналду барчани ҳайратда қолдириб келди. Шунинг учун уларнинг мухлислари ҳам бундай пайтда иккига бўлинишади. Суҳбатдошимиз эса бу борада ўз муносабатини билдирди.   

- Португал сифатида доим Роналдуни қўллаб-қувватлайман. Лекин иккала футболчи ҳам бутун фаолияти мобайнида ажойиб ўйинлар намойиш этиб келишмоқда. Уларнинг шу ёшида ҳам бу қадар сифатли футбол кўрсатаётганини кўриш жуда ҳам мароқли. Ўйлайманки, улар ҳали ҳамон дунёнинг иккита энг кучли футболчилари ҳисобланишади, - дея фикрини якунлади Лемос.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!