Пойтахтимиз мезбонлик қиладиган самбо бўйича жаҳон чемпионати олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Ушбу матбуот анжуманида Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков, Осиё самбо уюшмаси президенти Аламжон Муллаев, минтақавий федерациялар раҳбарлари, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов ва бошқалар иштирок этишди.
"Июль ойида Халқаро Олимпия Қўмитаси томонидан тан олинганимиздан сўнг илк маротаба жаҳон чемпионати ташкил этмоқда. Шунинг учун ҳам бу мусобақа биз учун ўзгача аҳамиятли.
Ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман. Коронавирус сабаб мезбон ЖЧни қабул қила олмади. Алишер Алимов бошчилигидаги Ўзбекистон самбо ассоциацияси эса бундай вазиятда масъулиятни ўз зиммасига олди. Бунинг учун Ўзбекистонга раҳмат айтаман", - деди Шестаков.
Алишер Алимов: "Халқаро самбо федерацияси қўллаб-қувватлови билан жаҳон чемпионатини ўз юртимизда, Тошкентда ўтказишга муваффақ бўлмоқдамиз. Биз жаҳон чемпионатини ўтказишга тайёрмиз. Бизда йирик мусобақаларни ўтказиш бўйича тажриба бор. Бунгача ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, катталар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилгандик. Албатта катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати даражаси юқори ҳисобланади. Аммо Халқаро самбо федерацияси, Осиё самбо уюшмаси, Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитасининг қўллаб-қувватлови билан ўзимизга билдирилган ишончни оқлаймиз", - деди Алишер Алимов.
- Самбо 2028 йилги Олимпия ўйинлари дастурида бўладими? Бу борада қандай қадамлар ташланди?
- Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинганимиздан сўнг биз бунга ишонмоқдамиз. Париждаги Олимпия ўйинларида кўргазмали чиқишни амалга оширмоқчимиз. Самбони ривожлантириш йўлида АҚШ томон билан ҳам ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бизнинг машҳур самбо элчиларимиз бор. Халқаро Олимпия қўмитаси билан тил топишган ҳолда Олимпия ўйинлари дастурига киришга ҳаракат қиламиз.
- Ушбу жаҳон чемпионатининг келажакдаги аҳамияти қандай?
- ХОҚ мусобақани қандай ўтказишимизни кузатиб туради. FIAS нафақат мусобақалар ўтказади, балки бошқа спорт тадбирларини ҳам ташкил этади. Биз шунингдек соҳил самбоси йўналишига ҳам асос солдик. Бу тобора оммавийлашиб бормоқда.
Аламжон Муллаев: "Тошкентда ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари ўтказилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда самбо Осиёда етакчилардан ҳисобланади. Туризм ва спорт вазирлиги, шунингдек Миллий олимпия қўмитаси ҳам Ўзбекистонда самбони қўллаб-қувватламоқда", - деди Аламжон Муллаев.
- Америка қитъасининг қайси мамлакатлари ушбу ЖЧда қатнашади?
- Масофа узоқлигига қарамай, Доминикан Республикаси, Тринидад ва Тобаго, Венесуэла, Коста-Рика, АҚШ терма жамоалари Ўзбекистонда бўлаётган жаҳон чемпионатида қатнашишмоқда. Коронавирус билан боғлиқ чекловлар турли мамлакатларда бошқача. Баъзи давлатларда заллар ҳам ишламаяпти. Лекин самбо спорти Панамерикада ҳам ривожланиб бораётганини эътироф этишимиз лозим.
- Африкада ҳам самбо ривожланмоқда. Сўнгги йилларда Камерун ва Марокаш самбочилари яхши натижалар кўрсатишмоқда. Улар турли тоифаларда ЖЧ совриндорлари бўлишмоқда. Бу йил ҳам мана шундай ёқимли сюрпризлар кутяпсизми?
Далил Скалли, Африка самбо конфедерацияси президенти:
- Энг аввало мезбон Ўзбекистонга, мамлакат самбо ассоциациясига илиқ қабул учун раҳмат айтмоқчиман. Мана шундай меҳмондўст мамлакатда эканлигимдан хурсандман.
Яна шуни айтишни истардимки, ҳозирги асосий мақсадимиз - самбони Олимпия ўйинлари дастурига киритиш. Бу борада катта ишлар олиб борилмоқда. ФИАС раҳбарияти, Қитъа самбо конфедерациялари билан бирга ўз мақсадимизга эришамиз. Спорт Олимпия томонидан тан олиниши - бу масъулиятни янада оширади. Бундай янги мақомда миллий федерациялар ҳам мамлакатнинг қўллаб-қувватловига эга бўлади. Айни пайтда 35 га яқин мамлакат Африка самбо конфедерацияси аъзоси ҳисобланади. Қитъада самбо ривожланмоқда.
Авваллари Африка жамоалари мусобақаларга номига келишган бўлса, ҳозирда медаллар учун курашишмоқда. Улар яхши натижалар қайд этишмоқда. Улар ҳақиқатдан ҳам медаллар учун даъвогар ҳисобланишади. Яқин йилларда улар асосий даъвогар сифатида мусобақаларда қатнашишади деб ўйлайман. Африкаликлар Олимпиадада кўплаб медаллар қўлга киритишмоқда, демак умид қиламанки улар самбода ҳам Олимпиадада яхши натижалар кўрсата олишади. Қўллаб-қувватлаётганингиз учун Африка номидан раҳмат айтаман.
- Ўзбекистон самбочиларининг ЖЧ учун режаси қандай? Қанча медаль қўлга киритилиши кутилмоқда?
Алишер Алимов, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси: "Ҳар бир ассоциация (федерация) нинг, спортчининг мақсади бўлади. Шу қаторда Ўзбекистон самбо терма жамоаси ҳам ушбу жаҳон чемпионатига жиддий ҳозирлик кўрди. Бунинг учун ўқув машғулот йиғинлари ўтказилди. Биз максимал даражада юқори поғоналарни қўлга киритмоқчимиз. Самбо бўйича Ўзбекистон катталар терма жамоаси жаҳон рейтингида учинчи ўринни, ёшларимиз эса иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Яқин келажакда биз натижаларни яхшиламоқчимиз. Давлатимиз, туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси томонидан керакли шароитлар, муболаға бўлмаса керагидан ортиқ ҳам шароитлар яратиб берилди.
Мақсадимиз - максимал даражада кўп медаль олишдир.
Ўзбекистон самбо ассоциацияси матбуот хизмати
Фикрлар