Премьер-лига клуби тез орада ўзбек футболчиси трансферини эълон қилади
Россия премьер-лигасида ўйнайдиган легионерларимиз сафи яна биттага кўпаядиган бўляпти. “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси Аббосбек Файзуллаев бундан буён Москванинг ЦСКА жамоаси шарафини ҳимоя қилади.
“Пахтакор” клуби бош директори Дмитрий Адисман Россиянинг нуфузли нашрларидан бири Sport24 журналисти Владислав Шапиро билан суҳбатда Фаайзуллаев трансферига оид сўнгги янгиликлар ҳақида маълумот берди.
- Файзуллаев жамоа билан хайрлашиб, Москвага кетди. У ерда Аббосбек ЦСКАга ўтиш учун тиббий кўрик ва шунга ўхшаш жараёнларда қатнашиши керак.
Армиячилар клубидан ҳали футболчининг трансферини тасдиқловчи расмий ҳужжатларни олганимиз йўқ. Тез орада улар ҳужжатларни расмийлатиради ва шундан кейин Аббосбекнинг “Пахтакор”дан Россияга клубига ўтганини расман эълон қилиш мумкин, - деди Дмитрий Адисман россиялик журналистга.
Аббосбек Файзуллаев бир неча позицияда ўйнай оладиган ҳужумкор футболчи ҳисобланади. У икки мавсумдан бери “Пахтакор” жамоасининг асосий таркибида ўйнаб келаётган эди.
19 ёшли ўйинчи клублар миқёсида Ўзбекистон чемпионатида жами 33 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини етти маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига учта голли пас узатган.
Шунингдек, Файзуллаев Осиё Чемпионлар лигасида бешта ўйинда ўз ҳисобига битта гол расмийлаштириб қўйди.
Иқтидорли футболчи Ўзбекистон кубоги мусобақасида учта баҳсда икки марта дарвоза тўрини аниқ нишонга олди.
Аббосбек Файзуллаев Тошкентда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолиб чиқди ва мусобақанинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди. Шунингдек, терма жамоамизнинг Аргентина мезбонлик қилган жаҳон чемпионатидаги ўйинларида ўз иқтидори ва салоҳиятини намойиш қилиб, бир неча клублар эътиборига тушди.
У ёш бўлишига қарамай, Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳам жалб этила бошлади ва учта учрашувда майдонга тушиб, битта тўп ҳам киритди.
Аббосбек Файзуллаевнинг “Пахтакор” билан амалдаги шартномаси 2025 йилнинг охиригача имзоланган эди.
Эслатиб ўтамиз, Файзуллаев ЦСКА клуби билан шартномага имзоласа, Россия Премьер-лигасидаги бешинчи футболчимизга айланади.
Маълумки, бу мавсум Россия юқори дивизионида тажрибали ҳимоячи Рустам Ашурматов ҳамда Файзуллаев билан бирга Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси етакчиси ҳисобланган Умарали Раҳмоналиев Қозоннинг “Рубин” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Бу футболчиларимиз январь ойида “Рубин” билан шартнома имзолаб, жамоанинг биринчи лигадан юқори дивизионга кўтарилишига ёрдам берганди.
Яна икки вакилимиз – Иброҳимхалил Йўлдошев ва Руслан Жиянов “Нижний Новгород” жамоаси аъзоси ҳисобланади. Йўлдошев ёш бўлишига қарамай, нижний новгородликларнинг асосий таркиб ўйинчиси ҳисобланади. Жиянов эса, бу жамоага энди қўшилди ва ҳали мураббийлар штабининг ишончини қозониш керак.
Бир неча дақиқа кифоя қилди: Францияда футболчилар ва мухлислар Ҳусановга тан берди!
Шомуродов “Милан” ҳужумчилари билан ўйнайдиган бўляпти
“Рома” мухлислари Шомуродов кетганини қандай қабул қилди?
Фикрлар