Шомуродов “Милан” ҳужумчилари билан ўйнайдиган бўляпти
Таниқли мураббий Клаудио Раньери қўл остида А Серияга чиққан “Кальяри” янги мавсумда бор эътиборини юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолишга қаратади.
Сардинияликлар А Серияда муносиб қатнашиш учун ишни жамоа таркибини кучайтиришдан бошлади. Мураббийлар штаби, хусусан, Клаудио Раньери ҳужум чизиғига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Италиялик мураббий форвардларга таяниб ўйнашни яхши кўради. Мисол тариқасида, 2016 йилги мавсумни келтириш мумкин. Ўша йили ўз тарихида ягона чемпионлигини қўлга киритган “Лестер Сити”ни Клаудио Раньери бошқарган.
Бу мутахассис қўл остида “Лестер Сити” чемпионлик мавсумида энг кўп гол урган жамоалардан бири бўлди. Асосий форвард Жейми Варди 36 та учрашувда 24 та тўп киритган бўлса, у билан ёнма-ён ўйнаган Рияд Маҳрез 37 та беллашувда рақиблар дарвозасини 17 маротаба ишғол қилди.
Таъкидлаш жоизки, бу икки футболчи унгача ҳам, ўша мавсумдан кейин ҳам Раньери жамоасидагидан кўп тўп кирита олмади. Бу кўп жиҳатдан италиялик мутахассиснинг ҳужумчиларни ўйната олиш қобилиятига боғлиқ масала эди.
Клаудио Раньери А Серияда 4-4-2 схемасини қўллашини яширмаяпти. Ҳужум чизиғида асосий вариант тажрибали Жанлука Лападуланинг жойи кафолатланган эди. Перулик тўпурар Италия чемпионатида ўндан зиёд жамоалар шарафини ҳимоя қилган.
Лападула ўтган йили ёзда “Беневенто” клубидан “Кальяри”га трансфер қилинди. Б Серияда 36 та учрашувда 21 та гол ва бешта ассист қайд этиб, жамоанинг юқори дивизионга чиқишига катта ҳисса қўшди.
Клаудио Раньери А Серияда Лападула ёнига яна бир тажрибали ҳужумчини қўйиш мақсадида Элдор Шомуродовни “Рома”дан ижарага олди. Италиялик мутахассисга “Реал” тарбияланувчиси Борха Майораль ва Греция футболи вакили Анастасиос Доувикас номзодларини ҳам таклиф қилишди. Раньери бу борада Шомуродов номзодини маъқул кўрди.
Италия матбуоти Раньери янги мавсумда Шомуродов ва Лападула тандемидан фойдаланишини ёза бошлаган паллада “Кальяри” мухлисларига хунук хабар етиб борди. Жамоа етакчилари – Жанлука Лападула ва Марко Рог оғир жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиқди.
Хорватиялик ярим ҳимоячи Рог ярим йил майдонга қайтолмайди. Лападула эса, жарроҳлик столига ётқизилди ва ҳали тиббиёт вакиллари перулик форварднинг тикланиш муддатини аниқлашгат улгургани йўқ.
Энди “Кальяри” мутасаддилари Элдор Шомуродов билан елкама-елка ўйнайдиган ҳужумчиларни қидиришга зўр бермоқда. Италия матбуотининг ёзишича, сардинияликлар “Милан” мактабини кўрган икки форвард трансфери бўйича иш бошлади.
Маълумотларга қараганда, “Кальяри” вакиллари “Монца”дан Андреа Петаньяни, “Милан”дан Лоренцо Коломбони олмоқчи.
Петанья “Милан” тарбияланувчиси, лекин 2020 йилда “Наполи”га кўчиб ўтганди. Неаполь жамоасида асосий таркибга кира олмагани учун сўнгги йилларни “Монца”да ўтказди. “Монца” бир ой олдин тажрибали ҳужумчини “Наполи”дан 10 миллион еврога сотиб олди. Мутахассислар бу трансферни амалга ошириш қийинлигини таъкидламоқда.
Лоренцо Коломбо ҳам бир неча йилдан бери “Милан” асосий таркибига кира олмаяпти. У аввалги мавсумларда “Кремонезе”, СПАЛ ва “Лечче”да ижарада ўйнади. Миланликлар бош мураббийи Стефано Пиоли мавсумолди йиғинларида Коломбони синаб кўриши, маъқул келмаса, жавобини беришини айтган.
Коломбонинг миланликлар билан шартномаси келаси ёз тугайди. Шу боис, “Милан” бу ҳужумчи бўйича “Кальяри”нинг таклифини қабул қилиш эҳтимоли катта экани айтилмоқда.
“Рома” мухлислари Шомуродов кетганини қандай қабул қилди?
Фикрлар