Прессингга муккасидан кетган "телбалар"! "Барселона" "Бавария"ни ниманинг эвазига мағлуб этди?
Кеча Европа Чемпионлар лигаси 3-туридан ўрин олган баҳсда "Барселона" "Бавария"ни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу жамоалар ўртасидаги учрашув ҳаддан зиёд баланд ҳимоя чизиқлари билан эсда қолди.
Мюнхенликлар Павловични узоқ муддатга йўқотди. Шу сабабли, беллашувни асосий таркибда Жоау Палинья бошлади. Жароҳатдан сўнг Жамал Мусиала асосий таркибга қайтди, аммо ёш иқтидор формада эмаслиги сабабли унинг ўрнини Томас Мюллер эгаллади.
Ханс Дитер-Флик қўл урган ҳал қилувчи қарорлар ярим ҳимояга таалуқли. У Фермин Лопесни ҳужум ортига, Рафиньяни чап қанотга қўйди. Марказда эса Касадо ва Педри ҳаракат қилди. Айнан Касадо ярим ҳимояда балансни таъминлаб берувчи функцияни бажарди. Гави ва Френки Де Йонг сафга қайтган бўлса-да, ҳали ўзларининг тўлиқ спорт формасини тиклаб улгурмагани боис Флик, Касадони бошланғич таркибда майдонга туширди. Бу қарор эса ўзини 100 фоиз оқлади, дея оламиз.
Флик ва Компани ўйинга юқори ҳимоя чизиғидан иборат дадил тактик схема танлади. Бу жамоаларга доимий ўйинларидан камроқ тўп назоратини тақдим этсада, мураббийлар рискдан чўчиганлари йўқ. Ушбу қарорлар таркибдаги ўйинчиларда кескин паслар сонини ошириш ва марказда тўпни кўпроқ эгаллаб туриш каби фазилатларни кўпайтирди. Айнан шу деталлар учрашувни безаб берувчи нақш бўлди, десак адашмаган бўламиз.
"Бавария" биринчи чизиқда Кейн ва Олисе орқали босим қилди. Уларни марказда Жоау Палинья қўллаб-қувватлади. Гнабри эса чапда Кундега доимий босим уюштириб турди:
Яна бир муҳим жиҳатлардан бири бу - чап ва ўнг қанот вингерлари прессингидаги фарқ бўлди. Олисе марказий ҳимоячиларга яқин ўйнаган бўлса, Гнабри кўпроқ Кунде билан шуғулланди. Мазкур ҳолатда Бальдеда бўш зоналар кўп бўлди. Кейинчалик бу муаммони бартараф этиш учун Геррейру Алехандронинг зонасини ёпди. Бироқ шундай бўлса ҳам Бальде ҳужумга ўтиш учун вақт ва ҳудудларга етарлича эга бўлди.
"Барса"нинг бу мавсумдаги прессинг схемаси - классик ва ўзгармас. Немис гранди билан тўқнашувда Рафинья ва Ямал қанот ҳимоячиларига тор зоналарда босим уюштирди. Иккинчи тўлқинда ушбу вазифани Левандовски ва Фермин бажарди.
Бу босимни "Бавария"никидан ҳам юқорироқда жойлашган ҳимоя чизиғи қўллаб-қувватлаганини алоҳида эътироф этиш керак.
Ушбу тактиканинг камчиликлари ҳам бор. Мисол учун, "Барселона" вингерлари марказий ҳимоячиларга босим ўтказиш учун прессингга киришади. Агар "кўк-анорранглилар" рақиблари бу прессингдан узун паслар орқали чиқиб кета олса, вингерларда бўш ҳудуд пайдо бўлади.
Оддий учрашувларда "Барселона" бу каби кучли прессинг билан тўп назоратидаги устунликни рақибга бериб қўймайди. Бироқ "Бавария" "Барселона"нинг одатий рақибларидан фарқли ўлароқ тўп билан яхши муомала қилади. Шу туфайли, мана шундай вазиятлар (вингерлар бўш зонага чиқиб кетиши) одатдагидан кўпроқ бўлди. Қарама-қарши тарафда ҳам вазият шундай эди. Ҳар икки жамоа прессингга кучли урғу бергани боис, уларнинг ҳеч бири майдонда тўлиқ доминантлик қилувчи ҳудудий устунликка эга бўлмади. Бунинг ўрнида биз доимий таҳдиддан иборат ўйин картинаси гувоҳи бўлдик (Айниқса биринчи бўлимда. Иккинчи таймнинг иккинчи чорагида "Бавария" тақдирга тан бергани учун бу элемент йўқолди). Тўпни қабул қилиб олган футболчида ўйлаш учун деярли вақт бўлмади.
Ҳимоя чизиғи юқорида жойлашган жамоаларга қарши беллашувларда диагоналлар ва қанотларни ўзгартириш яхши иш беради. "Бавария" ва "Барселона" баҳс давомида бундан мунтазам равишда фойдаланди. Энг яхши мисол бу "Бавария"нинг голи бўлди. Улар голга қадар икки маротаба ҳужум қанотини ўзгартирди.
"Барселона"нинг бунга жавоби эса Рафиньянинг учинчи голида Касадо томонидан берилган узатма бўлди.
Юқори ҳимоя чизиғидан фойдаланувчи жамоаларга қарши беллашувларда диагоналларнинг аҳамияти юқорилиги таъкидланди (sports.uz версияси).
Бунинг ўзига яраша сабаблари бор:
Биринчидан, ҳимоячилар рақиб билан масофани қисқартириш учун ўта тор жойлашадилар. Шу сабабли, қанотларда марказдан кўра кўпроқ имконият бўлади.
Иккинчидан, бу тўпни олдинга узатишнинг энг хавфсиз усули ҳисобланади.
Учинчидан, тўп қанотга етказилган пайтда рақиб реакцияга киришиши ва ўша қанот томон тортилиши талаб этилади. Бу қарама-қарши томонда бўш зоналарни тақдим этади. Бундан ташқари, ҳимояга қайтиш мобайнида мудофаа вакиллари ўртасида йўлаклар кўпайиши ва ҳимоядаги яхлитлик бузилиши эҳтимоли кўп.
Кейн ҳамма жойда
Кейннинг мазкур беллашувдаги ҳаракат харитасига эътибор беринг. "Барселона"га қарши учрашув олдидан англиялик футболчи чап қанотда ўйнаши борасида тахминлар янграганди. Кўриб турганингиздек, аслида ҳам шундай бўлди.
Мисоллардан бири:
Мазкур эпизод 43 сониядан сўнг Кейн рақиб жарима майдони ичида пайдо бўлгани ва офсайддан бўлса ҳам гол ургани билан эътиборга молик. Кейн чап қанот ҳимоячиси ва якунловчи сифатида ҳужумнинг бир қисми.
Кейннинг майдон бўйлаб сарсон-саргардон юришининг ҳеч қандай зарари йўқ. У ўз позициясида ҳам, бошқа жойларда ҳам югуришни уддалади. Шунингдек, тўпни орқага узатиш ва олдинга силжитиш функцияларини аъло даражада бажарди.
Рафинья фарқни юзага чиқарди
Ҳар икки жамоа ўта романтик ўйин кўрсатди, ҳимоя чизиғини юқори кўтарди ва ҳужум позициясига кўп ҳолларда муваффақиятли етиб келди. Бироқ таблода ҳисоб - 4-1. Келинг, буни Рафинья омили деб атаймиз.
Бу мавсумда Рафа ўзининг хилма-хиллиги билан ажралиб турибди. У яқин-яқингача ўзининг профили ҳисобланган ўнг қанотни Ламин Ямалга бўшатиб берди ва ҳужум орти ҳамда чап қанотда бир хил фойда келтира бошлади.
"Унга кўрсатмалар керак эмас. Футболчининг ўзи жамоаларнинг заиф томонларини топади ва буни ҳар қандай мураббийдан яхшироқ бажаради. Мураббийнинг фаолияти ва ўйинчиларнинг ишлаш услуби ўртасида боғлиқликни футболчи у қадар яхши даражада бўлмаган ҳолатларда кузатиш мумкин. Рафинья учун менинг кўрсатмаларим тўсиқ бўлар эди", - деган эди Бьелса.
Флик ҳам Рафиньянинг ўйинига мураббийлик ёндашувини киритишни истамади ва унга эркинлик берди.
Рафинья орқадан югуриб чиқиш ва чизиқлар орасида очилиш борасида мукаммаллик намойиш этмоқда. Унинг якундаги қарорлари эса - шунчаки ажойиб! Учта гол ва уч хил финиш! (Иккинчи ва учинчи голларда чап ва ўнг оёқ билан яширин зарба)
Бразилиялик иқтидор Ким Мин Же ва Дайо Упамеканони узоқ вақт тушларида ҳам қўрқитиб юрса ажаб эмас.
Муаллиф: Вадим Лукомский (sports.ru)
Карим Худайқулов таржимаси
Фикрлар