"Бировдан қўрқишга ҳаққимиз йўқ" ёхуд "Қўқон-1912" "Насаф"га қандай сюрприз тайёрламоқда?

  • 12 октябрь, 01:02
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

“Қўқон-1912” клуби охирги туларда жиддий рақибларга қарши учрашувларда қимматли очколарни қўлга киритди. Олдинда эса қўқонликлар меҳмонда амалдаги чемпион - “Насаф”га қарши яна бир оғир учрашув кутмоқда. Суперлигадаги ҳозирги танаффусдан фойдаланиб, Sports.uz журналисти жамоа бош мураббий Баҳром Ҳайдаровга айрим саволлар билан мурожаат қилди.

Tecno

- Бир неча кун олдин Фарғона вилояти ҳокими “Қўқон-1912” жамоаси машғулотига ташриф буюрди. Бу сизлар учун кутилмаганда юз бердими? Учрашув қандай ўтди?

- Кутилмаган воқеа бўлмади. Биз ҳам Фарғона вилоятининг жамоасимиз. Вилоятимиз ҳокимини футболга қизиқишини ҳамма билади. Вилоятдаги ҳар бир жамоани ичидаги дарди билан шуғулланиб туради. Йил бошидан бери бизга ёрдам кўрсатиб келяпти. Ҳозиргача жамоамизга ҳомий бириктирилмаган. Вилоят ҳокимини бундай ташрифлари биринчи марта эмас. Албатта, келиб жамоамиз билан учрашиб, қўллаб-қувватлаётганидан хурсандмиз. Чемпионатдаги қолган 6 та турда ҳам муносиб ўйин кўрсатишимизни айтиб омад тилади.  

- Жамоангиз охирги ўйинларни муваффақиятли ўтказди. Футболчиларни ўйин тонуси жойига тушиб бораётганди. Мана шундай паллада чемпионатда танаффус юзага келиши жамоа ўйини яна тонусдан чиқиб қолиши борасида мураббий сифатида сизни ташвишга қўймайдими?

- Бу аниқ нарса, бўлиши мумкин. Миллий терма жамоамиз ҳам ўйнаши керак. Чемпионатдаги танаффуслар клубларга қийинчилик туғдиради. Лекин терма жамоани ҳам албатта ўйлаш лозим. Бундай пайтларда машғулотларни бироз ўзгартириб, ўйинлар ўтказиб, тонусда ушлаб туришга ҳаракат қиляпмиз. Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, охирги пайтларда жамоа бир хил нафасда яхши кетаётганди. Албатта, бу ҳам таъсир қилади. Лекин бу ҳолатни сездирмасликка ҳаракат қиламиз.

- “Қўқон-1912” клуби кейинги турни сафар “Насаф”га қарши ўтказади. Чемпионлик учун курашда “Нефтчи” яқин таъқибчиси ҳисобланади. Бу борада жамоангиз “Насаф”дан очко тортиб олиб, бу борада “Нефтчи”га ёрдам бериши мумкин, деган фикрлар ҳам йўқ эмас...

- Биз учун “Нефтчи” ҳам, “Насаф” ҳам бир хил жамоа. Тўғри, “Нефтчи” билан бир вилоят жамоасимиз. Лекин “Насаф”га қарши учрашувда ўзимизни режаларимиз, талабларимиз ва мақсадимиз бор. Ҳар бир очко биз учун тиллога тенг. Мантиқан олиб қараганда, биз ҳали 100 фоиз жон сақлаб қолганимиз йўқ. Плей-оффга тушиб қолишимиз мумкин. Агар плей-офф бўлмаганида хотиржам бўлсак бўлаверарди. “Нефтчи” бўладими-йўқми, биз нафақат “Насаф”, балки ҳар бир рақиб билан курашишимиз шарт. Бундай гап-сўзлар бўлиши табиий. Фирку, хаёлимиз “Қўқон-1912”ни Суперлигада сақлаб қолишдан иборат. Тезроқ шу вазифани бажаришни хоҳлаймиз.

- Ким чемпион бўлади: “Насаф” ёки “Нефтчи”ми?

- 6 та тур бор. Айнан ким бўлишини айта олмайман. Иккала жамоа ҳам кучли. “Насаф”ни тақвимини кўрганимизда уларга бироз қийинроқ. Аммо қийинроқ бўлгани билан чемпион бўлишни истаган жамоа ўйинларни ютса кейин чемпион бўлади-да. “Нефтчи”ни рақиблари у қадар номдор бўлмаса ҳам улар бор кучи билан “Нефтчи”га қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишади. Ўйлайманки, “Насаф”га ҳам, “Нефтчи”га ҳам қийин бўлади. Ён томондан қараганда эса бизлар учун қизиқ. Иккала клубни имконияти 50х50.

- “Насаф” билан учрашувда жамоангиз томонидан қандайдир сюрприз кўришимиз мумкинми?

- “Бунёдкор”, ОКМК билан ўйнадик. Кучли клубларга қарши ўйинлар серияси давом этяпти. Тайёргарлик бир хил бўлган тақдирда ҳам кучли жамоага қарши ўйнаймиз ва  эркаланиб кетмаслигимиз керак. Тактик схемамизда ўзгаришлар бўлиши мумкин. Буни ўйинга яқин ўйлаб кўрамиз. “Насаф” бежизга биринчи ўринда эмас. Улар амалдаги чемпион. Аммо қўрқув йўқ. Бировдан қўрқишга ҳаққимиз ҳам йўқ. Турнир жадвали шунга мажбурлаяпти. Майдонга чиқиб курашамиз. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!