Про-лига клуби “Пахтакор”ни енгиш учун Россиядан мураббий чақирди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Россиялик мутахассис Юрий Уткульбаев яқин вақт ичида Ўзбекистон чемпионати Про-лигаси вакили “Каттақўрғон” клуби бош мураббийи этиб тайинланади.

Бу ҳақда Eurasia Football нашри маълум қилди.

Татарстонлик мутахассис ушбу лавозимда Ёрқин Назаровни алмаштиради.

Кадрлар бўйича бу қарор Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи доирасидаги “Пахтакор”га қарши кечадиган ҳал қилувчи ўйин олдидан қабул қилинди. Учрашув 27 май куни Тошкентдаги “Пахтакор” марказий стадионида бўлиб ўтади.

“G” гуруҳида икки турдан сўнг барча тўртта жамоа – “Пахтакор”, “Сурхон”, “Каттақўрғон” ва “Яйпан” уч очкодан жамғарган. “Каттақўрғон”да битта ғалаба ва битта мағлубият бор, тўплар нисбати – 3:3.

Илк турда жамоа “Сурхон”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этган бўлса, кейин “Яйпан”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.

Про-лигада эса “Каттақўрғон” турнир жадвалининг юқори қисмида бормоқда. Жамоа етти турдан сўнг 14 очко жамғарган: тўртта ғалаба, иккита дуранг ва битта мағлубият, тўплар нисбати – 7:3. Бу чемпионатдаги тўртинчи кўрсаткичдир.

Юрий Уткульбаев Марказий Осиё футболи ва ушбу минтақанинг футбол муҳити билан яхши таниш. У фаолиятининг катта қисмини Қозоннинг “Рубин” клуби тизимида, марказий осиёлик мутахассислар – Қурбон Бердиев ва Муҳсин Муҳаммадиев даврида ўтказган. Ўша йиллари Қозон клуби ва унинг ёшлар тизими орқали Марказий Осиёдан ўнлаб футболчилар, жумладан, ўзбекистонлик Вагиз Галиулин, Вадим Афонин, Андрей Фёдоров ва Марат Бикмаев маҳорат оширган.

Уткульбаевнинг ўзи ҳам илгари Қозоғистонда ишлаган: 2015 йилда у “Актобе” жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!