Про лига клубларининг лагерларида нима гап? Кимдир сир сақлаяпти, бошқасининг аҳволи чатоқ...
Юртимизда ёз мавсуми. Футбол клублари эса ўз лагерларида олдиндан ишлаб чиқилган режаларига асосан тайёргарликка жиддий киришишган. Худди шундай муносабатни про лига вакилларига нисбатан ҳам айтсак бўлаверади.
Улар Суперлига иштирокчиларидан фарқли ўлароқ бироз эртароқ ёзги йиғинини бошлаганлар. Чунки про лигада 24 июнь куни охирги тур ўйинлари ўтказилганди.
Кузатиб бораётган бўлсангиз, элитадаги жамоаларда юз бераётган ўзгаришларни ёритиб келмоқдамиз. Про лигага ҳам қизиқувчилар ортиб бораётгани қувонарли. Шу сабабли, у ердаги клублар йиғинини қандай ўтказаётгани ҳақида тўхталамиз.
“Турон”
Анвар Бердиев бош мураббийлик қилаётган Яйпаннинг “Турон” клуби ёзги таътилга турнир пешқадами сифатида чиқиб кетди. Ҳозиргача энг кўп ғалаба ушбу жамоага тегишли бўлиб турибди. 13 та ўйиннинг 10 тасида ғолиб чиқишга улгурди. Жамоа мавсумнинг иккинчи қисмида ҳам пешқадамликни қўлдан бой бермоқчи эмас. Шу боис Бердиев бошчилигидаги футболчилар ёзги тайёргарлигининг дастлабки қисмини Тожикистонда ўтказишмоқда. Таркибда айрим ўзгаришлар йўқ эмас. Россия ва Украинадан иккита ҳимоячи таклиф қилинган. “Арал Самали”дан Арислан Юсупбаев ҳам “Турон”да. Албатта, йиғин мобайнида назорат учрашувлари ҳам режалаштирилган.
“Андижон”
“Бургутлар” ҳам тайёргарлигини режа асосида давом эттиряпти. Олдин хабар қилганимиздек, “Андижон” 5 июлдан Дукентда йиғин бошлаган ва у ерда 15 июлга қадар шуғулланишади. Сўнгра 18 июлдан Тошкентда тўпланишади ҳамда 30-санага қадар машғулот ўтказилади. Хабарингиз бўлса керак, “Андижон” ёзги йиғинидаги дастлабки ўртоқлик учрашувини 11 июлда АГМКга қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Режага кўра, энди Тошкентда 20 июль куни “Металлург”га қарши ўйин бор. Бундан ташқари, яна камида иккита учрашув ташкиллаштирилади. Таркибда катта ўзгаришлар йўқ. “Янгиер”дан Суҳроб Бердиев таклиф қилинган. Шунингдек, “Андижон”нинг U-19 жамоасидан айрим иқтидорли ёшлар ҳам асосий таркибга жалб қилинган.
“Машъал”
Муборакликлар одатдагидек ўз қароргоҳида йиғинга киришган. Дилявер Ваниев устозилигидаги жамоада ҳозирча эътиборга молик ўзгаришлар йўқ. Лекин клубнинг тайёгарлиги бўйича аниқ маълумот берилмаяпти. Худди нимадир сир сақланаётгандек. Лекин шуниси аниқки, “Машъал” Суперлига йўлида охиригача курашади. Жамоа ўйини ва таркиби чакки эмас.
“Бухоро”
Бухороликлар ой бошларида ўз қароргоҳида машғулотларни бошлашди. Кўринишидан жамоада жиддий ўзгаришлар бўлади. Чунки клубнинг 4-ўриндалиги раҳбариятни ва мухлисларни қониқтирмаяпти. Биздаги маълумотларга кўра, легионерларга жавоб берилган. Шунингдек, айрим бухоролик футболчиларнинг ҳам хизматидан воз кечишлари кутилмоқда. Яқинда бош мураббий Ҳаким Фузайлов сайтимизга берган интервьюсида Шавкат Саломов билан боғлиқ муаммо борлиги ҳақида айтганди. Таркибга янги номлар қўшиляпти. Қолаверса, Ҳамиджон Актамовни “Бухоро”да иш бошлаши ҳақида хабарлар ҳам чиқди. Бу ҳақида клуб бош директори билан боғланганимизда ҳали бу масала очиқ турганини айтди. Шу боис Фузайлов ўз вазифасини бажаришда давом этяпти.
“Хоразм”
18 очко билан кучли бешликни якунлаб турган Урганчнинг “Хоразм” жамоаси яқинда тайёргарликни бошлади. Уларнинг мақсади якунда кучли бешталикда курашни давом эттиришдан иборат. Маълум бўлишича, “Хоразм” селекцияда иш олиб боряпти ва таркибга тез орада янги ўйинчилар қўшилишади. Шунингдек, йиғин Тошкентда ҳам давом эттирилиши кўзда тутилган.
“Янгиер”
Бу клуб мавсумни яхши бошлай олмаганди. Кейин бош мураббий ўзгаргач, натижалар ҳам яхшиланди. Ҳозирда улар “Хоразм” билан бирга кучли бешталикка кириш учун жиддий курашишяпти. Лекин мавсумнинг иккинчи қисмида “Янгиер”га янада қийин бўлиши кутиляпти. Боиси, жамоани бир қатор етакчи футболчилар тарк этишди. Жамоанинг ўзаги ҳисобланган ўйинчиларнинг “Янгиер” билан хайрлашиши эвазига энди ўз-ўзидан янги футболчиларга эхтиёж сезиляпти ва уларнинг ўрнини муносиб ижрочилар билан тўлдириш зарур бўлади. Ўз қароргоҳида шуғулланаётган жамоа бир қатор ўртоқлик учрашувлари ҳам ташкил қилмоқда. Қандай ўзгаришлар бўлишини вақт кўрсатади.
“Шўртан”
Ғузор жамоаси ўзидан ёмон таассурот қолдирмаяпти. Айниқса, ўз майдонидаги учрашувларда исталган рақибга бош-оғриғи бўляпти. Бош мураббий Асрор Алиқулов маҳаллий ёшлардан яхши жамоа тузишга ҳаракат қилаётгани таҳсинга сазовор. Клубнинг молиявий имконияти у қадар катта эмас. Шу сабабли жамоа трансфер ойнаси пайтда жиддий харидларни ҳозирча амалга ошира олмайди. Шунга қарамай, бу борада изланишлар йўқ эмас. Таркибда янги футболчилар борлиги маълум. Фақат расман шартнома имзолангандан сўнг бу борада хабар беришлари кўзда тутилган.
Алиқулов жамоаси билан биринчилардан бўлиб машғулотларга киришган ва айни пайтда Яккабоғ туманидаги тоғли масканда йиғин олиб борилмоқда.
“Ғиждувон”
Бухоро вилоятидан про лигада иккита клуб қатнашяпти. Улардан бири – “Ғиждувон” бўлиб, ҳозирча 13 та ўйинда 10 очко билан 8-ўринда. Куни кеча хабар берганимиздек, жамоада бош мураббий ўзгартирилди. Қашқадарёлик Баҳодир Шоймардонов истеъфога чиқди. Бухоролик мутахассис Геннадий Кочнев унинг ўрнини эгаллади. Эндиликда “Ғиждувон” футболчилари янги мураббий қўл остида шуғулланмоқдалар. Дарвоқе, 13 та учрашувда 6 та гол урган жамоанинг нигериялик 23 ёшли ҳужумчиси Сандей Сонг Лонгжи айни пайтда “Қўқон-1912”да кўрикдан ўтмоқда. Мабодо, унинг ўйини мураббийларга ёқса, иккинчи даврани Суперлигада ўтказади ва бу ҳол “Ғиждувон” учун йўқотишга айланиши турган гап.
“Арал Самали”
Нукус жамоаси лигада қолиш учун курашяпти. Давралар оралиғида таркибда ўзгаришларга қўл уриладими? Ҳозирча жамоанинг энг истеъдодли футболчиси сифатида эътироф этилаётган Арислан Юсупбаев ўз омадини синаб кўриш учун “Турон” сафига қўшилди. Ёзги йиғин мобайнида жамоа ўйинини ва таркибни ҳаминқадар кучайтириш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган. Буни қай даражада бажаришларини вақт кўрсатади.
“Зомин”
Охирги ўриндаги “Зомин”нинг аҳволи чатоқ. Бу жамоа гўёки ҳеч кимга керак эмасдек. Шу боис клуб ўзи ҳомий излаш билан овора. Барча клублар ёзги йиғинини олиб бормоқдалар. Аммо “Зомин” клубида молиявий муаммолар борлиги сабабли вазият кўнгилдагидек эмас. Ушбу жамоадаги воқеалар ривожини кузатамиз. Агар ҳолат ўзгармаса...
Фикрлар