Про-лигада иштирок этадиган жамоалар номи эълон қилинди
Ads

Бугун ПФЛ мажлислар залида Про лига ва ПФЛ Кубоги мусобақасида қатнашадиган жамоалар расмийлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Аввал айтилганидек, бу йилдан Про лига икки гуруҳга ажратилади. «А» гуруҳи иштирокчилари Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб боради. Табиийки, бу гуруҳда қатнашадиган жамоаларга талаблар юқори бўлади. «Б» гуруҳ иштирокчиларига эса, минимум талаблар қўйилган.

ПФЛ бир жамоага Про лига «А» гуруҳига имтиёзли йўлланма тақдим қилиш мақсадида бу йилдан ПФЛ Кубогини ўтказади. Мусобақада ғолиб чиққан клуб «А» гуруҳи иштирокчиларига қўйилган талабларни бажармасада, 2019 йилги мавсумни Про лига «А» гуруҳида ўтказади.

Про лига «Б» гуруҳида эса, ПФЛнинг минимум талабларини бажарган ҳамда ПФЛ Кубогида иштирок этган клублар (чемпиондан ташқари) қатнашади.

Қуйида барча мусобақа иштирокчилари ва формати билан таништирамиз.

Про лига «А» гуруҳи иштирокчилари, жами 8та: «Машъал», «Нефтчи», «Шўртан», «Истиқлол», «Шердор», «Хоразм», «Орол» ва ПФЛ Кубоги ғолиби.

«А» гуруҳи жамоалари 4 даврали, уй-сафар тизимида Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб боришади.

ПФЛ Кубоги. Иштирокчилар сони 8та: «Локомотив-БФК», «Ғиждувон», «Зомин», «Ифтихор», «Оқ-тепа», «Янгиер». «Бунёдкор-2» ва «Рубин» конкрусдан ташқари. Яъни, бу икки клубнинг ҳар қандай натижаси инобатга олинмайди. Ғолиб Про лига «А» гуруҳи йўлланмани қўлга киритади. Қолган 7 жамоа «Б» гуруҳига йўл олади. Ўйинлар олимпия тизимида ўтказилади.

Про лига «Б» гуруҳи иштирокчилари, жами 14та: «Андижон-2», «Раш-Милк», «Зарбулоқ», «Иттифоқ-Навоий», «Р.Мадаминов», «Турон». «Зарангар» ва «Иттифоқ-Бухоро» ўзаро плей-офф ўйинини ўтказади. Ғолиб «Б» гуруҳдан жой олади. Яна 7 жамоа ПФЛ Кубоги иштирокчилари бўлади.

«Б» гуруҳи жамоалари 2 даврали, уй-сафар тизимида майдонга тушишади.

Про лигада ўйинлар ҳафтанинг чоршанба ва пайшанба кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, «Бунёдкор-2» сўнгги марта 2015 йилги мавсумда Ўзбекистон Биринчилигида (1-лига) иштирок этган эди.