Про лигадаги кутилмаган бурилишни кутганмидингиз? Ғалабани унутиб қўйган "Турон" оғзидаги ошни олдириб қўйса-я?!
Суперлигада мавсум ниҳояланаётгани каби ундан кейинги ўринда турувчи – про лигада ҳам шу аҳвол. Яъни, баҳорда йўлга отланган карвон манзилига яқинлашиб қолди. Ҳозир жўжани кузда санаймиз, деган мақолга роса мос келадиган пайт. Про лига иштирокчиларини яна учтадан ўйини қолди. “Андижон” клуби аллақачон олдига қўйилган вазифани шараф билан бажариб, муддатидан илгари нафақат Суперлига йўлланмасини, балки про лига ғолиблигини ҳам қўлга киритиб бўлган. Шу боис андижонликларнинг энди жони тинч.
Асосий эътибор 2-ўрин учун курашга қаратилган. Иккинчи йўлланма учун асосий даъвогарлар – “Бухоро” билан “Турон” жамоаси бўлиб турибди. 1 ноябрь куни иккала жамоа 24-турда Бухорода куч синашишганидан хабарингиз бор. Ҳамманинг эътибори шу учрашувга қаратилгани шубҳасиз. Негаки, катта эҳтимол билан мазкур тўқнашув натижаси 2-ўрин эгасини аниқлашда муҳим роль ўйнаши кутилаётганди. Ўз майдонидаги имкониятни қўлдан чиқариб юборишни истамаган бухороликлар жон-жаҳдлари билан курашишди ва Рўзим Аҳмедовнинг ягони голи эвазига мезбонлар ўта қимматли ғалабани қўлга киритдилар. Бу эса ўз-ўзидан “Бухоро”га 2-ўрин эшигини очиб берди. Энди вазият шундай: “Бухоро”да 43, “Турон”да 41 очко бор. Натижада про лигада “лента” ўзгариб кетди. Шу пайтгача дастлабки икки ўриндан пастга тушмаган “Турон” энди плей-оффда қолиб кетиш хавфи остида. Таъбир жоиз бўлса, яйпанликлар оғзидаги ошни олдириб қўймоқда.
Мавсум олдидан асосий фаворитлардан бири сифатида тилга олинган “Турон” клуби ҳозирги вазиятга келиб ўзи истамаган ҳолда мураккаб ҳолатга тушиб қолди. Устунлик бир айланиб энди “Бухоро”нинг қўлига ўтиб кетди. 25-тур 5 ноябрда ўтказилади. Унда “Машъал” “Бухоро”ни, “Турон” “Хоразм”ни қабул қилади. “Андижон” бу турда дам олади. Яйпанликлар учун “Хоразм” ноқулай рақибга айланиб қолди. Жорий мавсумда “Турон” урганчликларга қарши уч марта ўйнаган бўлса, ҳали ўзаро учрашувларда ғалаба қозона олмади. Бир дуранг ва икки мағлубия қайд этилди. Айниқса, охирги иккита тўқнашувда “Хоразм” “Турон”ни ўзида ҳам, уйида ҳам мағлубиятга учратди. Бу сафар уларнинг тўртинчи ўйинига гувоҳ бўламиз. Демак, тушкун кайфиятга тушиб қолган “Турон”ни олдинда яна бир оғир учрашув кутиб турибди.
Яна бир қизиқ маълумот шундан иборатки, “Турон” 6 та турдан бери ғалаба нималигини билмай келяпти. Улар охирги бор 16-тур доирасида 6 сентябрь куни Яйпанда “Янгиер” устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Шундан бери Суперлигага даъвогарлик қилаётган клуб рақибларига эринмасдан очколарни улашиб келяпти. Бахтиёр Ашурматов 22-тур олдидан Анвар Бердиев ўрнига “Турон”га бош мураббий этиб тайинланди. Лекин ҳозирча бу ўзгариш ҳам ҳеч қандай наф келтирмаяпти. Сабаби аён, “Турон” унинг қўли остида учта ўйин ўтказди, икикта дуранг ва бир мағлубиятга учради. Оқибатда клуб аста-секин 1-ўрин, кейин эса 2-ўриндан ҳам тушиб кетди. Айниқса, эндиликда асосий рақобатчисига айланган “Бухоро”га мағлуб бўлгани ва рақибини ўзидан олдинга ўтказиб юборгани якунда яйпанликларга жуда қимматга тушиши катта эҳтимол.
“Турон” нега бундай аҳволга тушиб қолди? Ҳолбуки, раҳбарият тарафидан барча шароитлар яратилган, молиявий томондан ҳам муаммо борлиги ҳақида эшитмаганмиз. Ҳамма гап жамоанинг ўзида. Яқинда Бахтиёр Ашурматов “Турон” кўпроқ пастки ўринлардаги жамоаларни ютгани, аммо юқори поғоналарда бораётган рақибларга қарши очколар йўқотганига эътибор қаратиб, ўз фикрини айтганди. У тўғри гапирган. “Турон” клуби тўплаган очколарининг катта қисмини бунгача қуйи бешликдаги рақиблар билан баҳсларда қўлга киритиб бўлди. Мана, энди юқори бешлик жамоаларига қарши ўйинларда жамоанинг кучи етмай қолаётгани натижаларда ҳам ўз аксини топяпти. Шу сабабли ҳозирча мураббий ўзгаришидан ҳам ижобий томонга бурилишни кўрмаяпмиз.
“Бухоро” клуби ёзги селекцияда таркибини анча яхшилаб олгани учун ўйинига ҳам қўшди. Ҳаким Фузайлов жамоаси мавсум бошидаги қийинчиликларни енгиб ўта олди. Шунинг учун улар эндиликда қилаётган меҳнати ва натижасига яраша мос равишда 2-ўринга кўтарилиб олди. “Бухоро” ҳали бу ўринга яқинлашмаётганди. Ниҳоят, чемпионат якунланаётган маҳалда Суперлигига чиқиш учун энди ҳаммаси уларнинг ўз қўлига ўтди.
Қолган турларда “Бухоро”ни рақиблари қуйидагича:
25-тур. “Машъал” – “Бухоро”
25-тур. “Бухоро” – “Андижон”
27-тур дам олади.
28-тур. “Хоразм” – “Бухоро”
Қолган турларда “Турон”нинг рақиблари қуйидагича:
25-тур. “Турон” – “Хоразм”
26-тур дам олади.
27-тур. “Машъал” – “Турон”
28-тур. “Турон” – “Андижон”
Ашурматов жамоаси энди қолган ўйинларни ютишга ва "Бухоро"нинг қоқилишини кутишга мажбур!
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар