Про лиганинг марказий ўйини! "Андижон" "Бухоро"га охирги 3 та ўйиндан бери ютқазмаяпти

Про лиганинг 9-туридаги марказий ўйин шубҳасиз Андижондаги “Бобур Арена” стадионида бўлиб ўтади.

20 май санасида “Андижон” ҳамда “Бухоро” клублари иштирокидаги учрашувга гувоҳ бўламиз. Про лиганинг икки гигант жамоалари ўртасидаги баҳсга бўлган қизиқиш ҳар қачонгидан юқори даражада.

Ўз олдига Суперлигага қайтиш вазифасини қўйган мазкур клублар бўлажак ўйинга жиддий тайёрланишяпти. “Бухоро” жамоаси ҳозирча про лигада ягона мағлуб бўлмаган клуб бўлиб турибди. Ёдингизда бўлса, “Машъал” ҳам Андижонга ҳали мағлубият нималигини билмаган ҳолда келганди. Лекин илк мағлубиятини “Бобур Арена”да қабул қилиб олган.

Бевосита “Андижон” ҳамда “Бухоро” клублари иштирокидаги ўзаро учрашувлар тарихига назар соладиган бўлсак, шу пайтгача жамоалар 48 марта тўқнаш келишган. Мезбонлар 14 бор бухороликларни мағлубиятга учратган. Меҳмонлар бўлса 21 та ўйинда ғолиб чиққан. Яна 13 та учрашувда дуранг кузатилган. Тўплар нисбати: 64х80 “Бухоро” фойдасига.

Ушбу клублар охирги марта 2020 йилги мавсумда Суперлигада тўқнаш келишган. Ўшанда “Андижон” сафарда 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган ва ўз майдонида “Бухоро”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган. Умуман айтганда, “Бургутлар” “Бухоро”га қарши беллашувларда охирги учта ўйиндан бери ютқазмаяпти.

“Андижон” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!