ProSports Management: Ўруновнинг агенти жуда жиддий одам, Остонга ҳамон янги таклифлар бор!
Россия футболида ўз ўрнига эга бўлган ProSports Management компанияси ўзбек футболига ҳам бегона эмас. Элдор Шомуродовнинг “Женоа”га трансфер қилинишида ҳам бу компания раҳбари Герман Ткаченко ва мутахассис Қаҳҳор Мўминовнинг хизмати бор. Трансферларга ихтисослашган transfermarkt порталидаги маълумотларга қараганда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов ҳам шу компания мижози ҳисобланади.
Компания директори Германи Ткаченко журналистларга берган интервьюсида яна бир ўзбекистонлик футболчи – Остон Ўрунов ҳақида кўпчиликка маълум бўлмаган маълумотларни ошкор қилди. Ушбу интервьюнинг Ўруновга тегишли қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Ўрунов учун 2 миллион евро яхши таклифми?
- Мен бу трансферни муҳокама қилишни истамайман. Чунки манфаатлар тўқнашувига нишон бўлиб қолишим мумкин.
- “Уфа”нинг собиқ бош мураббийи Вадим Евсеев шу сумма ҳақида гапирганди...
- ЦСКА ва “Рубин” Остон учун 2 миллион евродан таклиф қилган эди. Бу борада изоҳ беришим бироз қийин, чунки менинг компаниям Ўруновнинг агентлик ҳуқуқлари бўйича иштирокчи ҳисобланади. Бироқ бу унчалик катта ҳуқуқ эмас. Ўруновнинг жуда жиддий агенти бор – Ли Фэнг, Хитойдан.
Ўзим Ўрунов ҳақида жуда яхши фикрдаман. Ёзги трансферлар вақтида жуда кўп мунозара қилдик ва ҳатто тортишиб ҳам қолдик. Чунки мен унинг ЦСКА ўтиши тарафдори эдим. У ерда ёш футболчига қулайроқ бўларди. ЦСКАдаги рақобатчилар “Спартак”даги Алекс Крал, Залимхан Бакаев, Роман Зобнин каби номдор ва ўта кучли эмас. ЦСКА ёшларни асосий таркибга тайёрлашни яхши билади ва у ерда ёшларга босим камроқ. “Спартак” ҳам Остонни олиб хато қилмаганига аминман. Ўрунов бугунги кунда ҳам яхши таклифлар бор. Бу Шамиль Газизовнинг ютуғи.
Сир бўлса ҳам шуни айтишим мумкинки, аслида Ўрунов жорий йилнинг бошида ЦСКАга ўтиши керак эди. Февраль ойида “армиячилар” билан хорижга йиғинга бориши режалаштирилганди. Лекин виза муаммоси туфайли бу амалга ошмади. ЦСКА бош мураббийи Виктор Гончаренкога Ўруновнинг ўйини доим маъқул келган. Лекин бир марта кўрикдан ўтиши шарт эди. Натижада у “Уфа”га ўтиб кетиб қолди.
Мен Ўруновга ишонаман, лекин вазият қуйидагича: “Спартак” етакчилардан бири, бу катта клуб. Унга осон бўлмаслиги аниқ. Шу билан бирга кучли рақобат у танлаган касбнинг ажралмас қисми. Остон албатта ҳаммасини уддалайди.
- Газизов амалда Ўруновни ўзидан ўзи сотиб олган бўлиб чиқяпти. Шундай эмасми?
- Хўш, нима бўпти? Сотиб олмаслиги керакмиди?
- Энди, янги иш жойида биринчи трансфери шу бўлди-да...
- Менга бунақа гаплар ёқмайди. Бошқалар олдида шундай устунликка эга бўлиб турган пайтингда, бундан фойдаланиб қолиш керак эмасми? Газизов бу ўйинчига чин дилдан ишонади, уни ич-ичидан яхши билади. Унинг барча хислатлари ва сифатлари билан яхшигина таниш. Ҳеч ким қарор қилишга ботина олмаган пайтда, айнан Шамиль таваккалга қўл урди. Агар бошқа вазият бўлганда уни “Спартак”га бермас эдик. Атрофда туриб фикр билдираётганим йўқ. Мен уни ЦСКАга ўтиши тарафдори эдим. ЦСКА Ўрунов учун 2 миллион ва кейинги трансферидан катта улуш ваъда қилганди. Остоннинг ўзи “Спартак”дагидан озгина камроқ маош оларди, холос. Бу масалада қарор қабул қилиш масъулияти Шамилда эди ва айнан у Остонни “Спартак”га ўтишини ҳал қилди.
Таъкидлаш жоизки, Остон Ўрунов “Спартак”да кучли ва тажрибали футболчилар билан муносиб рақобатлашишга ҳаракат қилмоқда. Бош мураббий Доменико Тедеско ҳам ўзбек ярим ҳимоячисига ишонч билдирмоқда ва мослашиши учун етарли вақт беришини таъкидлаган. Ҳозирча, Остоннинг ўзи шу кунга қадар барча турнирларда етита учрашув ўтказиб, битта гол уришга муваффақ бўлди. Айни пайтда эса, эндигина жароҳатидан фориғ бўлган футболчимиз, яна шикастланиб сафдан чиқди. Хуллас, Остон учун синовлар жараёни давом этмоқда.
Фикрлар