ПСЖ Мбаппега тахминан 100 миллион евро тўлаши мумкин
ПСЖ Килиан Мбаппега тўлаши шарт бўлган маблағ умумий ҳисобда тахминан 100 миллион еврога етиши мумкин. Бу ҳақда "RMC Sport" нашрига франциялик футболчининг вакиллари маълум қилди.
Аввалроқ Париж суди клубнинг футболчига нисбатан барча даъволарини рад этган ва парижликларни Мбаппега қарийб 61 миллион евро қарздорликни тўлашга мажбурлаган эди. Ушбу сумма унинг "Реал"га бепул ўтиши олдидан қолиб кетган маош ва мукофот пуллари билан боғлиқ.

Футболчининг юристлари ҳисоб-китобига кўра, барча тўланмаган маош ва бонуслар инобатга олинса, клубнинг умумий қарзи 100 миллион евродан ошиб кетиши мумкин. Шу билан бирга, солиқлар ва ижтимоий тўловлар сабаб Мбаппенинг қўлига тегадиган соф сумма тахминан 25–26 миллион еврони ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мбаппе ПСЖдан 253 миллион евро талаб қилгани ҳақида хабарлар тарқалган, клуб эса футболчига нисбатан молиявий қарши даъволар илгари сурган эди.



Фикрлар