
ПСЖ “Реал” юлдузини олиб кетади
“Пари Сен-Жермен” ёзги трансферлар вақтида ҳужум чизиғида жиддий ўзгаришлар қилишга бел боғлаган.
Парижликлар асосий нишон сифатида “Реал”нинг 24 ёшли ҳужумкор футболчиси Родриго Гоэсни белгилади. Бу ҳақда журналист Абдулла Бульма хабар тарқатди.
2023 йилнинг ёзида ПСЖни Неймар ва Месси, 2024 йилда Килиан Мбаппе тарк этганидан кейин Франция чемпионлари мукаммал ҳужум чизиғини шакллантиришга урғу қаратмоқда.
Ҳозирча, жамоага таклиф этилган тўпурарлар орасида Брэдли Барколадан бошқаси ишончни оқламади. Бош мураббий Луис Энрике январдаги трансферлар вақтида ўз даврида 95 миллион еврога трансфер қилинган Рандаль Коло Муанидан ҳам воз кечиб юборди.
Энди ПСЖ Родриго орқали жамоанинг ҳужум салоҳиятини оширмоқчи.
Родриго “Реал”га 2019 йили олиб келинган. Шундан бери у 244 та ўйинда қатнашиб, 65 та гол ва 47 та ассист муаллифи бўлди. Transfermarkt портали мадридликлар билан 2028 йилнинг ярмигача давом этадиган шартномага эга ўйинчини 100 миллион еврога баҳоламоқда.
Фикрлар