Қаҳрамон Асланов: “Ўзбекистон учун қуръада юзлаб вариант бор, гуруҳимизда бир гранд терма жамоани хоҳлардим”
Хабарангиз бор, бугун 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати учун қуръа ташланади. Sports.uz сайти мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг иштирок этиши мавзусида таниқли футбол журналисти Қаҳрамон Асланов билан қисқа интервью уюштирди.
Ўзбекистоннинг гуруҳ босқичидаги рақиблари кимлар бўлади?
"Қуръада Ўзбекистон учун юзлаб вариантлар бўлса керак ва ҳар бирининг содир бўлиш эҳтимоли деярли тенг. Шунинг учун бирини танлаб тахмин қилиш бефойда деб ўйлайман.
Шахсан мен гуруҳимизда бир гранд терма жамоа, шунингдек, кейинги босқичга ўтишимиз мумкин бўлган рақиблар бўлишини хоҳлардим."
Мундиалда қайси босқичгача етиб бора оламиз?
"Бу саволга қуръадан кейин жавоб бериш тўғри бўлади."
Сизнингча, Жаҳон чемпионатида таркибимиздаги футболчилардан кимлар порлаб, кучли чемпионатларга йўл олиши мумкин?
"Авваллари Жаҳон чемпионати ўзига хос ярмарка сифатида бўлар, у ерда порлаган кашфиёт футболчилар турли клубларга тарқалиб кетишарди.
Менимча, ҳозир ундай эмас. Кимдир ўта ёрқин порлаб юбормаса, одатда шундоқ ҳам ҳар бир футболчимиз кузатув остида. Мундиалдаги иштирок ўша футболчилар ҳақида баъзи янги қирраларни очади холос. Айтайлик, каттароқ турнирда, юқорироқ даражада ўзини қай тариқа кўрсата олишини намойиш қилиб беради ва кузатаётган клублар учун қўшимча маълумот, туртки сифатида хизмат қилади холос.
Файзуллаевдан кўпроқ умидим бор. Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Ҳожимат Эркиновлардан ҳам. Асосан ёшларни айтдим, бошқа етакчиларимиз, масалан, Элдор Шомуродов, Отабек Шукуровлар учун бу бирор янги клубга қадам эмас, фаолиятдаги энг эсда қоларли, муҳим турнир бўлиб қолиши мумкин."
Муҳаммадқодир Рузматов суҳбатлашди.



Фикрлар