Қамоқхонадаги ҳаёти, қалбаки паспорт...Роналдиньо Парагвайдаги саргузаштлари ҳақида нималар деди?
Бир пайтлар жаҳоннинг энг зўр футболчиларидан Роналдиньо Парагвайнинг «ABC Color» телеканали меҳмони бўлди. Бразилиялик “афсунгар” ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар сабабли Парагвай қамоқхонасида 1 ойдан кўпроқ ўтирганидан сўнг, озодликка чиқарилганди. Бироқ орадан ҳеч қанча ўтмай, унинг ҳаракатланишини яна чеклаб қўйишди.
Роналдиньо укаси Роберто де Ассис Морейра билан бирга 7 апрелдан буён вақтини Асунсьондаги «Палмагор» меҳмонхонасида уй қамоғида ўтказмоқда. Маҳаллий телеканал журналисти билан ўзининг ҳолатини муҳокама қилар экан, Роналдиньо суҳбат чоғида ўзини жуда ҳам хотиржам тутди.
- Роналдиньо, сен 1997 йили жаҳон чемпионати U-17 да ўзингни кўрсатгансан. Бу ҳақда нималарни эслайсан?
- Бу ёқимли хотиралар, ўшанда жуда ёш эдим. Ўша пайтда Бразилияда бундай соврин йўқ эди, у фаолиятимнинг бошланишида жуда муҳим бўлган. Шунинг эвазига мен «Гремио»га қайтганимдан сўнг асосий жамоа ўйинчисига айландим.
- 2002 йили сен яна жаҳон чемпиони бўлдинг, аммо энди миллий терма жамоа билан. Ҳиссиётлар 1997 йилги ғалабадан ҳам кучлироқ бўлдими?
- Иккала ҳолат ҳам ўзгача бўлган. Жаҳон чемпионатини ютиш доимо жуда муҳим, жуда ҳаяжонли. Омадим бор экан, бунга 17 ва 22 ёшимда эришдим. Бу аъло даражадаги тажриба бўлган.
- Сен Европага кўчиб ўта олгансан, Еврокубокларда ўйнагансан, «Барселона» футболчиси бўлгансан – бу жанубий америкалик ҳар қандай футболчи учун қандайдир бошқача. Сен нимани ҳис қилгансан?
- Бу сўз билан таърифлаб бўлмайдиган яна бир ҳолат. «Барселона»да у қадар узоқ ўйнамаганман, деб ўйлайман. «Блауграналар» билан Чемпионлар Лигасидаги ғалаба доимо қандайдир ўзгача бўлиб қолади, ахир бундан олдин клубда омадсиз давр бўлганди.
- Парагвайда сен Жанубий Америкадаги энг муҳим турнир - Копа Лебартадорес финалида ўйнагансан. Ўша финал ҳақида нималарни эслайсан? Бу ерда «Олимпия Асунсьон» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган, бироқ Белу-Оризонтеда сизлар ҳаммасини ўзларингизнинг фойдангизга ҳал қилгансизлар.
- Ҳа, омадим бор экан, Либертадорес Кубогини ютишга эришдим. Коллекциямда мазкур соврин етишмаётганди. Парагвайликлар билан ўтказган учрашувларимиз аъло даражада чиққан. Бу ҳам яхши хотиралар.
- Айтишларича, сен Худога ишонувчан инсон экансан? Бу ҳозирги озодлигинг чекланган шароитларда сенга ёрдам беряптими?
- Фикримча, ҳа. Мен ҳаммаси яхши бўлиши учун ишонишда давом этаман ва доимо ибодат қиламан.
- Парагвайга келишингдан мақсадинг нима эди? Иккита тадбир ҳақида гапиришганди...
- Ҳа. Ҳаммаси укам имзолаган шартномалар асосида бўлган. У менинг вакилим. Биз онлайн-казинонинг ишга туширилишида, шунингдек, «Ҳаёт Қироли» («Craque da Vida») номли китобнинг тақдимотида иштирок этиш учун келгандик. Буни китобни Парагвайда сотиш билан шуғулланадиган Бразилия компанияси ташкил этганди.
- Сенинг пайдо бўлишинг барчанинг эътиборини ўзига тортди. Кўрсатмалар бераётган пайтингда вазиятнинг жуда нозиклигига қарамасдан расмий шахслар ва полициячиларнинг сендан суратлар ҳамда дастхатлар ҳақида сўрашгани жуда таъсирли бўлди. Бу вазиятда нималарни ҳис қилдинг?
- Мамлакатда пайдо бўлган илк кунимданоқ, парагвайлик барча инсонларнинг самимийлиги, софдиллиги ва ҳурмати сезилиб турди ва ҳозиргача шундай. Бунинг учун улардан жуда ҳам миннатдорман.
- Паспортларнинг қалбаки эканлигини билганингда бунга қандай муносабатда бўлдинг?
- Уларнинг қалбаки эканлигини билиб жуда ҳам ҳайрон қолдик. Ўшандан бери ҳаммасига аниқлик киритиш учун ҳукуматга ҳар томонлама ёрдам бердик. Бизга берилган барча саволларга жавоб қайтардик.
- Гарчи ҳаммаси ижобий ҳал қилингандек туюлган бўлса-да, бироқ 6 март куни сенга қамоқхонага йўл олишингни айтишганда нимани ҳис қилгандинг?
- Бу оғир зарба бўлди. Бундай вазиятга тушиб қоламан, деб ҳеч қачон ўйламагандим. Бутун ҳаётим давомида профессионалликнинг энг юқори чўққисига чиқишга ва ўз ўйиним билан одамларни хурсанд қилишга уринганман.
- Суд йиғилиши чоғидаги эшитишдан сўнг, судья Мирко Валинотти озодлигингга ҳеч қандай чекловлар йўқлигини ва Бразилияга қайтишинг мумкинлигини айтди. Шундан сўнг нима юз берди?
- Парвозимиз 7 март тунги соат 3 га режалаштирилганди. Чунки бу ўғлимнинг туғилган куни эди. Нима бўлганини билмайман.
- Қамоқхонада ҳамма вақт сен билан бирга суратга тушишни, футбол ёки воллейбол ўйнашни хоҳлашди. Озодлигингни чеклашди, аммо ҳамма сен билан бирга бўлишни истади. Мана шундай пайтларда нималарни ҳис қилдинг?
- Қамоқхонада ўзим дуч келган барча инсон менга илиқ муносабатда бўлди. Футбол ўйнаш, дастхатлар, суратлар – бу ҳаётимнинг бир қисми. Бундай ишлар билан шуғулланишни тўхтатиш учун менда сабаб йўқ эди, боз устига худди мен сингари қийин вазиятга тушиб қолган одамлар қуршовида.
- Парагвай одил судидан нимани кутяпсан?
- Умид қиламанки, улар бизнинг кўрсатмаларимиздан фойдаланишади ва бу вазият имкон қадар тезроқ ҳал бўлади.
- Ҳаммаси якунига етганидан сўнг нима қилишни режалаштиряпсан?
- Биринчи навбатда коронавирус пандемияси пайтида мана шу оғир дамларни уйда ўтказаётган онамни маҳкам қучоқлаб ўпиб қўяман. Кейин мана шу вазиятнинг таъсирини чамалаб кўриш ва ишонч ҳамда янги куч билан олдинга ҳаракатланиш керак бўлади.
Фикрлар