"Қатарга реклама керак эмас" - Сардор Рашидов Саудия футболининг танлаган йўли, "Пахтакор"дан нега кетиши ва бошқа мавзуларда интервью берди
Сардор Рашидов охирги пайтларда футболдан ташқарида бўлиб қолганини пайқаган бўлсангиз керак. Мавсумни “Пахтакор”да бошлаган ўйинчи орадан кўп ўтмай “Шерлар” билан хайрлашди. Шундан бери Рашидов жамоасиз юрибди.
Бу футболчи Қатардаги ўйинлари орқали ҳам яхшигина ном қозонган. Шунинг учун у араб футболи ва унинг чемпионатларини бошқаларга қараганда яхшироқ билади. Суҳбатимиз ҳам шу мазмунда бошланди.
- Сардорбек, хабарингиз бор, айни пайтда Саудия Арабистони жаҳон футболи бозорида жуда катта йирик трансферларга қўл уряпти ва юлдуз ўйинчилар Саудияга кўчиб ўтяпти. Араб лигаларини яхши билган футболчи сифатида сиз бундай жараён қачондир юз беришини билармидингиз? Умуман, бу борада нималарни айта оласиз?
- Ҳа, бу нарсани мен олдин ҳам айтганман, кейин ҳам айтаман: футбол ҳозир пул ва бизнес бўлиб қолди. 2 йил аввал берган интервьюимда айтгандим, ҳозирги футболда пул биринчи ўринда. Марҳамат, гувоҳ бўлинг: ёш, иқтидорли ўйинчилар ҳам Саудияга келишмоқда.
- Ўтган йили жаҳон чемпионати Қатарда ўтказилди ва юқори савияда ташкиллаштирилди. Энди эса саудияликлар улардан қолишмаган ҳолда жаҳон футболи эътиборини катта-катта трансферлар орқали ўзига қаратмоқда. Нима деб ўйлайсиз, бу Қатар ва Саудия ўртасидаги ўзаро рақобат туфайлими ёки...
- Йўқ, бу рақобат эмас. Қатар ўзига хос давлат. У ер мен учун тенгсиз. Қатарда ҳам пул бор, ҳам яшаш учун жуда катта қулайликлар мавжуд. Оила билан тинч ва хавфсиз ҳаёт. Агар менга Қатар ёки Саудия дейишса, Қатарни танлардим. Саудиядаги бу ожиотаж биз учун эмас. Булар ҳаммаси юлдуз ўйинчилар учун. Сизга эса паст назар билан қарашади. Ҳозирги пайтда уларга иқтидорлар эмас, обрўли юлдузлар керак.
- Шунингдек, “Ал Иттиҳод”да марокашлик ҳужумчи Абдулраззоқ Ҳамдаллаҳ тўп суряпти ва ҳозирда тўпурарлар орасида. У сиз билан Қатарда 2 йил бирга тўп сурган. Ҳамдаллаҳ билан доимий алоқадамисиз? Масалан, юлдузлар ҳақида у билан гаплашиб турасизми?
- Абдулраззоқ мени дўстим. У билан ҳар доим алоқадаман, СМС ёзаман: “Эй, абду, ўзингдан кетма, Ибрагимович бўлсанг ҳам мени олимда ҳеч ким эмассан” деб...Чунки мен ўйнаган маҳалда кам гол урган. У ҳам, Ромариньо ҳам. Буни ўзлари яхши билишади. Ўша маҳалда “Ал Жайиш”да ким етакчи бўлган?
- Сизга ҳам қачондир Саудия клубларидан супер таклифлар келиб тушганми? Агар тушган бўлса нега қабул қилмагансиз?
- Ҳа, албатта. “Ал Наср” ва “Ал Шабаб”дан таклифлар бўлган. Ҳозиргача ҳам ўша таклифларнинг расмий қоғозлари ўзимда. Хоҳласангиз кўрсатаман. Менда таклифлар бўлган, деган бундай гапларни ёмон кўраман. Бу ҳозирги Ўзбекистон футболида ўйинчилар орасида трентга айланган гап. Клубларни қўрқитмоқчи бўлади, менда бу ёки у таклифлар бор, деб...
- Қатар ҳам юлдуз ўйинчиларни трансфер қилишга қодирми? Лекин бу борада улар ҳозирча сукутда. Аммо қачондир Қатар клублари ҳам жаҳон юлдузларини олиб келади, деб ўйлайсизми?
- Қатар юлдузларни таклиф қилиб бўлган. Қатарга реклама керак эмас. Жаҳон чемпионатининг ўзи етади.
- Яқинда ОЧЛ гуруҳ босқичига қуръа ташланди. “Навбаҳор”, ОКМК, “Насаф” ва “Пахтакор” ўз рақибларини билиб олдилар. Гуруҳлар ҳақида фикрингиз қандай? Қайси клубимиз гуруҳи оғир ва енгилроқ?
- Ҳа, 4 та жамоамизни ОЧЛ гуруҳ босқичида қатнашишидан хурсанд бўлдим. Барчаларига омад тилайман. Уларнинг иштироки юртимизнинг юзи бўладилар.
- “Пахтакор”дан кетганингиздан бери ҳозирча бирор жамоада сизни учратмадик. Ҳозирда эса Дубайдасиз. Янги клуб билан музокара олиб боряпсизми? Қачон янги жамоага эга бўласиз?
- Ҳа, ҳозирча Дубайда дам оляпман. Албатта, клублар билан алоқадаман. Кўрамиз, Худо насиб қилгани бўлади.
- Аслида “Пахтакор”дан кетиб қолишингиз нима билан боғлиқ эди?
- Мураббийлар билан.
- Шундан сўнг сизни Ўзбекистоннинг бошқа клубига ўтиши мумкин, деган гаплар ҳам чиққанди, шу ростмиди?
- Йўқ. Балки янги мавсумда.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар