Қайта қурилган "қизил фурия". Мундиал олдидан Испания терма жамоаси билан танишамиз

ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.

Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир  бор эслатиб ўтиб кетамиз.

Мундиал стартига 16 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "Е" гуруҳининг илк вакили Испания орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.

Жамоа ҳақида

Испания қироллик футбол федерацияси. Лақаби — “қизил фурия”.

Ташкил топган йил: 1909 йил (ФИФАга 1913 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Луис Энрике
Жамоа сардори: Серхио Бускетс

Илк расмий учрашуви: Испания – Дания 1:0 (1920)
Энг йирик ғалаба: Испания – Болгария 9:0 (1933)
Энг йирик мағлубият: Италия – Испания 7:1 (1928)

Испания терма жамоаси айни пайт ФИФА рейтингида 7-ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг энг яхши натижаси эса 1-поғона ҳисобланади. “Қизил фурия” 2008 йилдан 2014 йилгача дунёнинг энг кучли жамоаси сифатида қайд этилиб келинган. Уларнинг рейтингдаги энг ёмон натижаси эса 25-ўрин бўлиб турибди. Испания 1998 йилда ушбу “ютуққа” эришган.

Испания терма жамоаси учун навбатдаги жаҳон чемпионати кетма-кет 12, турнир тарихидаги эса 16-мундиал бўлади. "Қизил фурия"нинг жаҳон чемпионатидаги дебюти 1934 йил Италияда бўлган. Ўшанда турнир гуруҳ босқичисиз ўтган ва турнирнинг 16 нафар қатнашчиси дарҳол 1/8 финалдан иштирокни бошлашган. Шундай қилиб, испанлар биринчи беллашувда Бразилия термасини турнирдан чиқариб юборишди (3:1), чорак финалда эса кубокнинг бўлажак эгалари – италияликларга имкониятни бой беришган.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, 1950 йилда Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Испания терма жамоаси турнирда тўртинчи ўринни эгаллашди. Улар гуруҳ босқичини муваффақиятли тарзда ўтказди ва АҚШ (3:1), Чили (2:0) ва Англия (1:0) жамоаларига қарши барча ўйинда ғалабани тантана қилди. Якуний босқичда гуруҳ ғолиблари квартет тузиб, унда бир давралик мини турнир ташкил қилишди ва учрашувлар якунига кўра чемпион аниқланди. Испанияликлар учта ўйинда бир очко жамғариб, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллашди. Уругвай терма жамоаси тарихида иккинчи марта жаҳон чемпионига айланди.

Кейинги 9 та жаҳон чемпионатида ҳам Испания терма жамоаси ишлари юришмаган. "Қизил фурия"нинг ҳақиқий гуллаб-яшнаши 2000 йилларнинг охири ва 2010 йилларнинг бошларига тўғри келди. 2008 йилда Европа чемпионатидаги ғалаба қозонганидан сўнг, Испания терма жамоаси 2010 йилда Жанубий Африкада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги ҳам ғолибликни қўлга киритди. "Қизил фурия" Висенте Дел Боске бошчилигида ўз тарихида илк бор жаҳон чемпиони деган унвонга эга чиқишди.

Кейинги икки жаҳон чемпионатида испанлар муваффақиятсизликка учради. Бразилияда бўлиб ўтган 2014 йилги мундиалда "қизил фурия" Нидерландия, Чили ва Австралия каби жамоалар бўлган гуруҳдан чиқа олмади. ЖЧ-2018да эса Россия терма жамоаси Фернандо Йерро бошчилигидаги испанларни 1/8 финал босқичида пенальтилар сериясидаги ғалаба эвазига мағлуб этди.

Турниргача босиб ўтган йўли

2010 йилги жаҳон чемпионлари Қатардаги мундиал йўлланмаси учун Греция, Швеция, Грузия ва Косово билан бир гуруҳда кураш олиб борди. Биринчи учрашувда “қизил фурия” Греция терма жамоасини мағлуб эта олмади (1:1). Ўша пайт испанлар кичик инқироз ҳолатида эди. Боиси, улар сўнгги бешта учрашувда фақат биттагина ғалаба қозонганди. Аммо кейинги икки турда Луис Энрике шогирдлари Грузия (2:1) ва Косовони (3:1) мағлуб этиб, 6 очко жамғаришди.

4-турида Энрике шогирдлари Швеция терма жамоасига (1:2) сафарда имкониятни бой берди. Бу муваффақиятсизлик испанларни иккинчи ўринга тушириб юборди.

Аммо қолган учрашувларнинг “қизил фурия” хатоларсиз ўйнади ва барча беллашувларда ишончли ҳисобларда ғалаба қозонди. Испанлар гуруҳ босқичи якунларига кўра, улар Швеция терма жамоасидан 4 очкога илгарилаб кетиб, Қатардаги мундиалга тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритишди.

Таркиб

Испания терма жамоаси дунёнинг энг қиммат бешта жамоасидан бири ҳисобланади. Пиреней ярим ороли вакилларининг умумий қиймати “Transfermarkt” томонидан 805 миллион еврога баҳоланган. “Қизил фурия”нинг асосий ўйинчилари клублар даражасидаги мусобақаларининг доимий иштирокчилари - "Барселона", "Реал Мадрид", "Атлетико", "Атлетик", "Валенсия", "Вильярреал", "Реал Сосьедад", Англиянинг "Манчестер Сити", "Манчестер Юнайтед" ”, “Челси” ва Франциянинг ПСЖ каби жамоалар шарафини ҳимоя қилади. Энг ажабланарлиси шундаки, ўтган йили Испания терма жамоаси бош мураббийи Луис Энрике Европа чемпионатидек йирик турнирда “Реал”дан бирорта ҳам футболчини жамоага чақирмаганди. Бу эса тарихда илк марта кузатилган ҳолат ҳисобланади.

Энг яхшилар

Испания терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар "Барселона" ва "Атлетико Мадрид"нинг собиқ ҳужумчиси Давид Вилья ҳисобланади. 40 ёшли собиқ ҳужумчи терма жамоа либосида 98 учрашувда 59 та гол урган. Вилья “қизил фурия” таркибида 2008 йилги Европа чемпионатида ғолиб чиқди ва 4 та гол билан турнирнинг энг яхши тўпурарига айланди. Давид 2010 йил Жанубий Африкада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида испанларнинг ғалабасига катта ҳисса қўшган ва ушбу турнирда ҳам Мюллер, Снейдер ва Форлан қаторида 5 та гол уриб, тўпурарлар рўйхатида биринчи ўринни бўлишиб олганди.

Испания терма жамоасида ўтказилган ўйинлар сони бўйича рекорд "Реал"нинг собиқ ҳимоячиси, ҳозирги кунда эса ПСЖ шарафини ҳимоя қилиб келаётган футболчи Серхио Рамосга тегишли. 36 ёшли ҳимоячи “қизил фурия” сафида 180 та ўйин ўтказган ва унинг энг яқин таъқибчиси – Серхио Бускетсдан (139 та ўйин) анча илгарилаб кетган. Рамос бош мураббий Луис Энрикенинг қарори ва кўплаб жароҳатлар ҳамда ўйин амалиётига эга бўлмагани учун Евро-2020ни ўтказиб юборди.

Испания терма жамоасининг Қатарга борадиган футболчилари якуний рўйхати ҳали эълон қилинмаган. Агар Рамос унга кирса, Серхио учун бу унинг фаолиятидаги бешинчи жаҳон чемпионати бўлади.

ЖЧ-2022даги тақвими

23 ноябрь. Испания — Коста-Рика
27 ноябрь. Испания — Германия
1 декабрь. Испания — Япония

 

 

 

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!