"Қизилқум" президентининг клубдан кетишига нима сабаб?

“Қизилқум”даги ўзгаришлар яна давом этмоқда. Яқинда клубга Тачмурод Агамуродов бош мураббий этиб тайинланганди. Энди бўлса, яқиндагина клубга президент этиб тайинланган собиқ ҳакам Ҳасан Рўзиев истеъфога чиқди. У клубдан кетганини Sports.uz сайти мухбири билан мулоқотда тасдиқлади.

Унинг Навоий жамоасидан кетишига нима сабаб? Ахир Рўзиевнинг “Қизилқум” президенти лавозимида иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаганди. Афтидан, Ҳасан Рўзиевнинг ҳакамликдан кейинги фаолияти негадир омадсиз кўринишга эга бўлмоқда. Аввалига “Сурхон”да иш бошлади ва у ерда икки ойча ишлагач, “Қизилқум” президенти лавозимини эгаллади. Орадан уч ой ўтгач, Рўзиев яна кетди!

Ёдингизда бўлса, ушбу мутахассис Sports.uz сайтига берган интервьюсида “Қизилқум”га нима мақсадда келганини, у ердаги вазифалари ҳақида батафсил айтиб берганди. Қисқаси, унинг режалари катта эди.

Қолаверса, бош мураббий лавозимида Александр Хомяковни кўрмоқчилигини яширмаганди. Шундан сўнг жамоани ушбу мутахассис бошқариши кутилаётганди. Лекин охир-оқибат воқеалар ривожи бундай тус олмади ва Агамуродов “Қизилқум” бош мураббийи этиб тайинланди. Бу эса Рўзиевнинг танлови эмаслиги сезилиб турганди.

Мана, энди кўриб турганингиздек, унинг ўзи ҳам Навоий клубидан кетгани маълум бўлди. Ҳозирча Ҳасан Рўзиев айнан нима учун клубдан кетгани юзасидан муносабат билдиргани йўқ. Балки вақт ўтиб вазият нега бундай тус олганини айтиб берар.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!