"Қизилқум" варианти, рамзий терма жамоаси, Қозоғистондаги муваффақиятлари ва бошқалар! Ёхуд Виктор Кумиков билан мулоқот

Юртимизда ишлаб кетган хорижлик мураббийлар орасида россиялик Виктор Кумиковнинг ҳам ўз ўрни бор эди. Айниқса, “Машъал” ҳамда “Насаф” жамоаларида олиб борган ишларини яхши эслаймиз. Охирги марта эса икки йил аввал Олмалиқнинг АГМК жамоасини бошқарганини ҳам биламиз. Бундан ташқари, Виктор Балютович қўшни Қозоғистон чемпионатида ҳам анча самарали иш олиб борганини кўпчилик билса керак. Ҳаттоки, биздаги фаолиятидан кўра у ерда анча-мунча муваффақиятларга эришганини таъкидлаш жоиз. Ҳозирда эса мутахассис таътилда бўлиб, бирор-бир клубни бошқараётгани йўқ. Табиийки, бундай жараёнда унга қизиқиш билдираётган жамоаларнинг бўлиши турган гап. Охирги пайтларда эса Кумиковнинг яна чемпионатимизда фаолият олиб бориши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларни эшитиб турибмиз. Масалан, яқинда у Қаршида марҳум вилоят ҳокими Нуриддин Зайниевнинг хотирасига бағишланган футбол мусобақасига ташриф буюрганди. Кейин эса унинг хизматларига “Қизилқум” клуби томонидан қизиқиш бўлаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам янгради. Биз эса вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Виктор Балютович билан боғландик. Ўзаро суҳбат давомида яна бир қатор масалалар бўйича ҳам ўз фикрларини билдирди.

- Виктор Балютович, авваламбор сиз билан яна суҳбатлашиб турганимиздан хурсандмиз. Яқинда Ўзбекистонда бўлиб қайтдингиз ва Қашқадарё вилоятининг марҳум ҳокими Нуриддин Зайниевнинг хотира турнирида иштирок этдингиз. У инсон ҳаётингизда қандай ўрин тутади?

- Чиндан ҳам мен ташкилотчиларнинг таклифи билан Қарши шаҳрида Нуриддин Зайниев хотирасига бағишланган турнирда бўлдим. Чунки Нуриддин Зайниевични футболга фидойи инсон бўлганини билардим. У киши футболни жуда яхши тушунардилар. Қашқадарё вилоятида беш йил ишлаган пайтимда Зайниев ҳоким бўлган эди. Бу инсон вилоят футболи учун катта кўламдаги ишларни амалга оширган. Кўп нарса вилоят раҳбарининг ташаббуси билан амалга ошган, дейдиган бўлсам ҳам сира муболаға бўлмайди. У кишига тириклигида қанчалик ҳурмат билан муносабатда бўлган бўлсам, хотирасини ҳам шундай қадрлайман. Агар стадион ёки академияни Зайниевнинг номи билан атасалар, жуда яхши ва адолатдан бўларди.

кумиков

- Шу билан бирга сизни яна юртимизда ишлашингиз ҳақидаги гаплар ҳам қулоққа чалиняпти. Маълумотларга қараганда, “Қизилқум” клуби хизматингизга қизиқиш билдирган ва сизнинг Навоийда раҳбарият билан гаплашганингиз ҳақида эшитдим. Айтинг-чи, аслида воқеалар ривожи қандай тус олганди?

- Шунчаки суҳбатлашишга таклиф қилинганман холос. Мен НКМК заводининг директори Қувондиқ Саноқулович Саноқулов ҳамда вилоят ҳокими Қобил Бекназарович Турсунов  билан учрашдим. Иккала раҳбар ҳам футболнинг ривожи учун қандай ишлар қилиш кераклигини билади. Аммо аниқ бир таклиф бўлмади. Айтиш мумкинки, бу танишув вазифасини ўтайдиган сафар бўлди.

- Умуман олганда, чемпионатимизни кузатиб бораётган бўлсангиз керак. Икки йил олдин ишлаганингизда чемпионатимиздаги савия сизни у қадар ҳайратлантирмаганди. Ҳозирги пайтдаги Суперлигамизнинг мавқеи хусусида нима дея оласиз?

- Ўзбекистон чемпионатини диққат билан кузатаман ва бирор-бир воқеани назардан ўтказиб юбормасликка интиламан. Шу билан бирга олдинги фикримда қоламан: Бир неча йил олдинги чемпионат анча кучлироқ эди. Биринчидан, чемпионатда  анча машҳур мураббийлар ишлаганди: Валерий Непомняший, Луис Фелипе Сколари, Юрий Саркисян, Вадим Абрамов... Умуман айтганда, барча клубларда ўта юқори малакага эга бўлган мутахассислар ишлашган. Иккинчидан, маҳаллий ва легионер мақомидаги футболчилар ҳам чакки эмасдилар. Масалан, Жепаров, Аҳмедов, Ривалдо, Кападзе ва Вилянуэвани айтиш мумкин. Назаримда, бугунги чемпионатда улар даражасидаги ижрочилар деярли йўқ. Биринчилик энди бошланди ва умид қиламанки, ярқ этиб порлайдиган футболчилар албатта чиқади.

кумиков3

- Сизнинг Қозоғистондаги фаолиятингизни яхши эслаймиз. Айниқса, “Шахтёр” билан икки марта мамлакат чемпиони бўлдингиз. Уч марта йил мураббийи сифатида эътироф этилгансиз. Европа лигасида иштирок этгансиз ва яна бошқа муваффақиятларга ҳам сазовор бўлгансиз. Буларнинг барчасига қандай эришгансиз?

-  Балки  керакли жойда, керакли пайтда пайдо бўлдим шекилли... Қозоғистонда футбол давлат таъминоти остида. Вилоят раҳбарининг қандай позицияда эканлиги ҳам жуда муҳим роль ўйнайди. Омадим бор экан, худди Қаршидаги каби ўша ерда ҳам ҳоким спортни, жумладан футболни жуда ёқтирадиган инсон экан. Шахсан унинг бевосита аралашуви ва ташаббуси билан бекаму кўст ишлаш учун қуйидаги  шароитлар яратиб берилганди:

- молиявий томондан барқарорлик;

- ўта зарур бўлган моддий-техник база;

- мураббийга ҳавола этилган эркинлик;

- футбол хўжалигини яхши тушунадиган клуб раҳбарияти.

Яна шуни алоҳида эътироф қилишим керакки, Ўзбекистонда «Машъал» ва «Насаф» клубларида ишлаш асносида тўплаган тажрибаларим менга Қозоғистондаги ишимда жуда асқотган. Афтидан, шунинг самараси ўлароқ «Шахтёр» билан катта муваффақиятларга эришган бўлсам керак.

- Албатта, чемпионатимизда ҳам самарали иш олиб боргансиз. Аммо боя айтганимдек, қўшни Қозоғистондаги фаолиятингиз янада ёрқин кўриниш олган. Сизнингча, бизнинг чемпионатдан кўра Қозоғистонда ишлаш сиз учун қулайроқми?

- «Машъал»да ҳам, «Насаф»да ҳам асосий клуб олдига энг юқори мақсадлар вазифа сифатида қўйилган. Аммо биринчи навбатда ҳар иккала жамоада астойдил ишлаш имконини берадиган керакли шарт-шароитлар йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмасам бўлмайди: инфратузилма, футбол академияси... Агар Ўзбекистонда қолиб ишлашда давом этганимдами, янада юқорироқ мақсадлар қўйилган бўларди. Лекин тақдир тақозоси билан Қозоғистонда ишлаш учун кетишимга тўғри келган.

- Қозоғистон футболи Ўзбекистон футболидан қайси жиҳатлари билан кучли ёки аксинча?!

- Асосий фарқ шундаки, Қозоғистон  футболида яккакураш кўпроқ. Ўзбекистонда эса ўйинчилар тўпни кўпроқ назорат қилишга интиладилар. Инфратузилма борасида Ўзбекистондаги деярли барча клублар яхши стадион ва ўқув-машғулот базасига эгалар. Қозоғистонда эса «Қайрат»дан ташқари, бошқа барча жамоаларда бу жиҳатлар бўйича етарлича муаммолар бор.

кумиков5

- Юртимиздаги охирги клубингиз АГМК жамоаси бўлганди. У ердаги фаолиятингизни қандай баҳолаган бўлардингиз?

- АГМКни қабул қилган чоғимда инфратузилма ва ташкилий томондан жамоада муаммолар тўпланиб қолганди. Боз устига ўқув-машғулот базаси йўқ эди. Бундан ташқари, рисоладагидек шуғулланиш ва ётиб-туриш учун жойнинг ўзи ҳам бўлмаган. Шу боис меҳмонхонама-меҳмонхона ва майдонма-майдон кўчиб юришимизга тўғри келганди. Замон талабларига жавоб бериши учун жамоанинг «юзи»ни ўзгартириш талаб қилинарди. Биз клуб рангларидан тортиб, то унинг номигача ўзгаришларни амалга оширганмиз. Асосийси, жамоанинг қаерда яшаши учун жой топганмиз. Албатта, бундай ишларни бирин-кетин амалга ошириш учун анча вақт кетган. Бироқ уринишларимиз зое кетмаганлигини кейинчалик вақт кўрсатиб берди. Бунга яққол мисол сифатида АГМК томонидан мамлакат Кубогида эришган ютуғни кўрсатиш мумкин. Аҳамиятлиси, биз ташкил этган таркиб АГМКдан кетганимиздан сўнг мана шундай муваффақиятга эришган.

- Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида “Машъал”, “Насаф” ҳамда АГМК клубларини бошқардингиз ва кўплаб футболчиларни тарбиялаб, уларни кашф қила олгандингиз. Ўзингиз устозлик қилган жамоалардаги футболчилардан иборат рамзий терма жамоани тузиб бера оласизми?

- Дарвозада Михаил Наумов, Ҳимояда Анвар Ғофуров, Хайрулла Каримов, Камолиддин Кенжаев ва Артём Филипосян. Ярим ҳимояда Азиз Ибрагимов, Лутфулла Тўраев, Рустам Қодиров, Шуҳрат Мирхолдиршаев (у ҳужумкор ярим ҳимоячи). Ҳужумда Анвар Солиев билан Камолиддин Мурзоев.

кумиков2

- Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, Вадим Абрамов бошчилигидаги миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига бора оладими?

- Вадим Карленович Абрамов - ўта тажрибали ва ўзбек футболини жуда яхши биладиган мутахассисдир. Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш учун мураббий сифатида унда барча сифатлар мужассам, деб ўйлайман. Аммо буларнинг бари фақат Абрамовнинг ўзигагина боғлиқ эмас. Бош мураббийда ўйинга тайёргарлик кўриш учун нари борса ихтиёрида бир ҳафта вақт бўлади холос. Футболчиларнинг натижа учун масъулиятни ҳис қилишлари муҳим омиллардан бири саналади. Булардан ташқари, муваффақиятга эришиш учун яна қуйидаги жиҳатлар зарур:

- раҳбарият томонидан мураббий тузган дастурнинг қўллаб-қувватланиши;

- рақиблар ўйинини синчиклаб кузатиш ва таҳлил қилиш имконини берадиган барча қулайликлар;

- футболчиларнинг сафар ўйинларига бирор-бир муаммосиз бориб келиши таъминланиши зарур. Агар санаб ўтилган бу омиллар амалга оширилса, терма жамоадан бемалол максимал натижани кутса бўлаверади.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!