"Қўқон-1912" вице-президенти: "Ўзбекистонда анчагина машҳур футболчи билан музокара олиб боряпмиз"

Фарғона вилояти футбол ассоциацияси матбуот хизмати “Қўқон-1912” жамоаси вице-президенти Акрамжон Мамадалиев билан интервью ташкил қилди. Унда клуб раҳбари бўлажак мавсумга тайёргарликлар, стадион ва бошқа масалалар бўйича ўз фикрларини билдириб ўтганлар.

- Янги мавсумда “Қўқон-1912” жамоаси мақсади қандай бўлади?

- Ассалому алайкум! Аввало, барча азиз мухлисларимизни, футболсевар инсонларни кириб келган янги йил, янги футбол мавсуми билан табриклайман! Бизнинг «Қўқон-1912» жамоамиз янги мавсумда ўз олдига максимал вазифани мақсад қилиб қўяди. Биз про-лига чемпионлиги ҳамда Суперлига йўлланмаси учун курашамиз. Бу йўлда амалага оширишимиз лозим бўлган вазифаларни мураббийлар штаби билан келишиб, йиллик режа ишлаб чиққанмиз.  Қолаверса, жамоамиз инфратузилмасини ҳам босқичма-босқич ҳалқаро талабларга олиб чиқишни режа қилганмиз. Ўтган мавсумда йўл қўйган хато камчиликларимиздан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, бу йил мухлисларимизни  хурсанд қилишимиз лозим бўлади.

- Таёргарлик режалари хақида  гапириб ўтсангиз?

- Янги мавсумга тайёргарлигимиз  5 январь кунидан Қўқон шаҳрида бошланган. Қўқонда 1 хафта маҳаллий футболчилар ва ёш футболчилармиз мураббийларимиз кўригидан ўтишди. 14 январдан тайёргарликнинг иккинчи босқичи Тошкент шаҳрида давом этмоқда. Тошкентдаги йиғинимизда жамоамизга янги қабул қилинган футболчилардан ташқари яна бир қатор тажрибали футболчилар кўрикдан ўтишади. Шунингдек, пойтахтда бир нечта ўртоқлик ўйинлари ҳам ўтказилади. Февраль ойининг бошидан тайёргарлигимиз қўшни Тожикистон республикасида давом эттирамиз. Ундан кейинги, сўнгги тайёргарлик босқичини про лига мусобақасининг ўйинлар тақвими, қайси жамоалар мусобақада иштирок этишига қараб белгилаймиз.

акром

- Бу йилги про лига баҳслари ўтган йилгисидан нимаси билан алоҳида ахамиятга эга бўлиши мумкин?

- Про лига баҳслари ҳам Суперлигадан қолишмайдиган даражага етиб қолган. Бу ердаги ҳар бир ўйин муросасиз курашларга бой бўлишини мухлисларимиз ҳам кўришди. Бу йилги мусобақа ўтган йилгисидан ўйинлар сонининг кўплиги билан ажралиш туришини истаган бўлар эдим. Чунки ўтган мавсум жамоалар 20 тадан чемпионат ўйинларида иштирок этишди. Бу бир йил учун жуда кам деб ҳисоблайман.  Айни кунларда ПФЛ раҳбарияти ҳам мана шу масалада иш олиб боришаётгани бизга маълум. Балким мусобақа формати бу йил бошқача бўлар. Ҳозирча бу борада аниқ маълумотга эга эмасмиз.

- Таркибни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берсангиз?

- Ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган жамоанинг таркиби ҳам шунга яраша бўлиши лозим. Шунинг учун бу йил биз ҳам жамоанинг ҳар бир чизиғини кучайтиришимиз лозим бўлади. Айни кунларда мураббийларимиз селекция жараёнларини қизғин тарзда олиб боришмоқда. «Қўқон-1912» жамоаси ўтган мавсумда ҳар бир футболчи ёки бошқа ходимларнинг маош ҳамда мукофот пулларини ўз вақтида бериб борди ва якунда йилни ҳеч қандай қарздорликсиз якунладик. Шунинг учун бу йил футболчилар ўртасида жамоамизга нисбатан ишонч ортди. Ҳозир жамоамизга ўз хизматларини таклиф қилаётган футболчилар сони ортган. Таркибимизга жалб қилаётган футболчилар тўғрисида бу ерда тўхталиб ўтирмайман, сабаби клубимиз матбуот хизмати бу борада барча маълумотларни бериб боришмоқда. Бир нарсани айтишим мумкин, айни кунларда биз Ўзбекистонда анчагина машҳур бўлган футбочи билан музокара олиб боряпмиз. 

акром1

- Стадиондаги қайта таъмирлаш ишлари қачон якунига етади?

- Хабарингиз бор, ЎзПФЛ Республикамиздаги стадионларга нисбатан жуда катта талабларни қўймоқда ва бу жудаям ижобий ҳолат деб ҳисоблайман. Сўнгги йилларда Ўзбекистонимизда жуда кўплаб ҳалқаро стандартларга жавоб берадиган стадионлар пайдо бўлди. Қўқондаги «марказий» стадионида ҳам ўтган мавсумдан бошлаб жуда катта ишларни бошлаганмиз. Натижада ҳозирги кунда стадионимиз ёритиш тизими тубдан янгиланди. Бу борада бу йил ҳам қўшимча ишлар қилинади. Айни кунда стадион майсасини, дренаж тизими ва суғориш тизимини тўлиқ реконструкция қилиш ишларини бошлаб юборганмиз. Қўшимчасига стадионимизга яқин бўлган ҳудудда машғулот ўтказиш учун янги табиий чимли майдон қуряпмиз. Бу жуда катта проект. Якунда бизда ҳам ҳалқаро талабларга жавоб берадиган стадион бўлади. Мухлисларимизга шуни айтишим мумкинки, стадион ёритиш тизимини, майдонни, трибуналарни янгилаш каби ишлар анчагина маблағ талаб қиладиган ишлар ҳисобланади. Шунинг биз бу ишларни босқичма-босқич олиб боряпмиз.

Ўтган йил ёритиш тизими янгиланди, бу йил майдон янгиланмоқда. Келгуси йилда «марказий» стадионнинг шарқий трибуналарини янгилашни режа қилганмиз. Буларга қўшимча тарзда стадионимиздаги таблони ва овоз кучайтиргичларни ҳам янгилаш режамизда бор. Бу ишлар албатта вақт талаб қилади, шу фурсатдан фойдаланиб клубимиз ва шахсан ўзимни номимдан жамоамиз хомийлари, рахбарларга катта раҳмат айтган бўлар эдим. Маълумот ўрнида, жамоамиз бу йилги  мавсумнинг биринчи ярмини бошқа стадионда ўтказиши аниқ. Бу борада Яйпандаги «Ўзбекистон» стадиони билан келишув қиляпмиз.

- Клуб матбуот хизматида бу йил кимлар фаолият олиб боради?

- Клубимиз матбуот хизматида ўтган мавсумда ишлаган йигитларимиз иш олиб боришади. Ниғмонхўжа Нозимов, Комилжон Хамидовлар ўз вазифаларини давом эттиришади. Қўшимча яна бир нафар ходим, видео тасвирчини ишга олишни режа қилганмиз. Ҳозирда бизда 2-3 нафар номзод бор. Матбуот хизмати жамоанинг юзи ҳисобланади, шунинг учун бу хизматда фаолият олиб борадиган ходимларимиз доимо эътиборимиз марказида бўлишади. Матбуот хизмати доим жамоа билан бирга бўлади, ҳоҳ у сафарда , ҳоҳ уйимизда бўлсин.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Rostgoy
15/01/2024 23:16
Жавохир Сохибовми хеч кимга керак эмас