Қозоқ клуби "Манчестер Сити" тарбиялаган футболчи олмади

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Янги трансфер ойнаси давомида 32 ёшли ганалик ярим ҳимоячи Нана Боатенг хизматлари Қозоғистоннинг «Атирау» клубига таклиф этилгани маълум бўлди, дея хабар бермоқда Sports.kz нашри ASnews.kz манбасига таяниб.

Бироқ «нефтчилар» раҳбарияти Англиянинг «Манчестер Сити» академияси тарбияланувчисини жамоага олиш таклифини рад этган. Манба маълумотига кўра, бундай қарорга асосий сабаб — тажрибали таянч ярим ҳимоячининг маош борасида қўйган талаблари клубни қониқтирмагани бўлган.

Натижада «Атирау» Боатенг ўрнига унинг ватандоши — эркин агент мақомида бўлган ганалик Эбенезер Офорини ўз сафига қўшиб олди. Офорининг имкониятлари ўша пайтда жамоани бошқарган бош мураббий Владимир Чебуринга яхши таниш эди. 2025 йили футболчи Литванинг «Жальгирис» клубида қозоғистонлик мутахассис қўл остида 25 та ўйин ўтказишга улгурган.

Нана Боатенгка келадиган бўлсак, КПЛга ўтиши амалга ошмай қолгач, у эркин агент сифатида Кипр чемпионатида иштирок этувчи «Красава» клуби билан шартнома имзолади. Ҳозирги кунда 32 ёшли ярим ҳимоячининг трансфер қиймати тахминан 450 минг евро атрофида баҳоланмоқда.

«Манчестер Сити» тизимидан етишиб чиққан Боатенг шу пайтгача Норвегиянинг «Стремсгодсет», АҚШнинг «Колорадо Рэпидз», Финляндиянинг КуПС, Румыниянинг ЧФР Клуж ва «Петролул», шунингдек, Жанубий Кореянинг «Чонбук Хендэ Моторс» клубларида тўп сурган.

Ганалик футболчи ўз фаолияти давомида Норвегия (2013), Румыния (2021/22) ва Жанубий Корея (2024/25) чемпионликларини қўлга киритган. Шунингдек, унинг ҳисобида Финляндия Кубоги (2021) ва Жанубий Корея Кубоги (2024/25)даги ғалабалар ҳам бор. Бундан ташқари, ярим ҳимоячи халқаро мусобақаларда катта тажриба тўплаган — у УЕФА Конференциялар Лигаси, Осиё Чемпионлар Лигаси ва КОНКАКАФ Чемпионлар Лигасида майдонга тушган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!